Бугун, 3 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени”ни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.
Ташкилот давлатлари раҳбарлари номидан мукофотни Қозоғистон Президенти топширди.
“Бу мукофотни мен биринчи навбатда чинакам биродарлик ришталари асосида янгидан юксалаётган яқин дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз рамзи, деб биламан”, дейди маросимда Ўзбекистон раҳбари.
Охирги даврда Туркий дунёнинг нуфузи ва салоҳияти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ юксалаётгани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон 2019 йилда ТДТга аъзо бўлиб кирганидан буён мамлакатимиз томонидан туркий мамлакатлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даврида 100 дан зиёд турли тадбирлар ўтказилди, амалий ҳамкорликнинг янги самарали механизмлари яратилди, нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар билан яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилди.
Ташкилотга аъзо барча давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалар изчил кенгаймоқда, стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди, савдо ҳажмлари ортмоқда, кооперация кучаймоқда.
“Барчамизнинг орзу ва мақсадларимиз, интилиш ва ҳаракатларимиз уйғун ва ҳамоҳангдир. Азалдан дўст ва қардош бўлган туркий халқларимиз бундан кейин ҳам аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, ёруғ келажакни биргаликда бунёд этадилар”, дейди Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 октябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Фахрий кўкрак нишони билан тақдирланди.
.
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби