— Мен имкон қадар ибодатларимни пинҳона қилишга ҳаракат қиламан, риё бўлиб қолмасин, дейман. Кўпчилик ичида ҳам “мен намоз ўқийман”, дейишга ийманаман. Лекин бир қариндошим намоз ўқишини кўпчилик орасида баралла айтади, кўп ёлғон сўз аралаштириши сезилиб туради. Бу гуноҳ эмасми?
— Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлади. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса, бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими, ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, уламолар: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилиш ширк”, дейишган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Савол: Агар намоз вақти кирган бўлсаю, лекин азон ҳали айтилмасдан ўқиб олинса, азон чақирилганини эшитилса намозни қайта ўқиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар намозни вақти кирганидан сўнг ўқиган бўлса-ю, кейин азон айтилган бўлса, намоз қайта ўқилмайди. Бироқ намозни вақти кирмай туриб ўқиган бўлса, унда намозни қайта ўқиши керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази