Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғида тунаган бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Доктор Мустафо Шаҳота айтади: “Бурун бўшлиғида микробларнинг бир неча турлари пайдо бўлади ва ривожланади. Ҳар куни таҳоратда бурун бўшлиғининг ювилиши, унинг яллиғланиши ва микробларнинг кўпайишини кеткизади”.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).