Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр муҳаббатдир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган ҳикматни эсга олиш кифоядир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғудир.
Ватан (араб. – “она юрт”) кишиларнинг ўзи яшаб турган, авлод
ва аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой, ижтимоий муҳит, мамлакат. Ватан бир-бирини тақозо этувчи (уй, маҳалла, шаҳар, қишлоқ, мамлакат каби) бир қатор ҳудудларни ўзида ифодалайдиган, ижтимоий муҳит ва инсон, унинг ҳаёти каби кўплаб маънавий тушунчаларни ўз ичига олади, авлодлар туғилиб ўсган ва камол топган жой, замин, ўлкани англатади. Шу боисдан Ватан бу – бир замин, ўлкада яшаётган кишиларни миллати ёки динидан қатъи назар, бирлаштирувчи ижтимоий тушунчадир.
Мусулмон мутаффакири, тарихчи олим, ўз даврида Қоҳира шаҳрида шариат олий қозиси лавозимида ишлаган Ибн Халдун “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир” деб таъриф берган.
Қуръони каримда бир инсонни ўз Ватанидан жудо қилиш оғир гуноҳ сифатида қайд этилиши Ислом динида унга юксак мақом берилишидан далолат қилади: “Эсланг, (эй, Исроил авлоди,) сизлардан “Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирларингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз” (“Бақара” сураси, 84-оят)”.
Мўмин-мусулмонларга Ватанни севиш Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида тўхтаб, орқаларига қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим”, - деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар (Имом Термизий, 3926-ҳадис).
Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” тўпламида Абу Бакир Сиддиқ ва Билол ибн Рабоҳ Мадина шаҳрида иситмалаб қолиб, юртларини соғинчларини армон билан баён қилганликлари, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Мадинани Макка каби маҳбуб этишни сўраб дуо қилганлари ҳақида ҳадис ривоят қилинган.
Ушбу ҳадис икки буюк саҳоба Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида юриш, ваҳийлардан баҳраманд бўлишга мушарраф бўлишлари баробарида Ватанини соғиниб яшаганларидан далолат беради.
Атоқли олим ва адиб, улкан давлат арбоби ва саркардаси, ислом мутафаккири Алихонтўра Соғуний “Ватан ва илм ёки етти юлдуз” номли шеърида қуйидагиларни ёзган:
Ватан асли сенингдур Ўзбекистон,
Ўғиздан қолмиш эрди бу гулистон.
....
Ватанни дўст тутиш иймонидин эрмиш,
Онингчун Ҳақ расулидин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздан эрмас,
Буни ким билмаса иймонга кирмас.
Ватан инсон учун муқаддас туйғу бўлиб, ўз-ўзидан уни севиш ва ардоқлашга, жонни фидо қилиб ҳимоя қилишга лойиқ ҳисобланади.
Ватанпарварлик – Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилатдир. Унинг мазмуни – Ватанга меҳр-муҳаббатли ва содиқ бўлишдан, юртнинг ўтмиши ва ҳозири учун фахрланишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос колган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”. Шунингдек, Бош Қомуснинг 49-моддасига “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар”, деб қайд этилган.
Ватанни ардоқлаш азалдан ўзбек халқига хос хусусият бўлиб келган. Қадимда юрт учун донғи кетган Форс қўшинини маҳв этиш мақсадида жонини фидо қилган оддий массагет чўпон йигити Широқ, Малика Тўмарис ва бошқа юзлаб фидоийлар ватанпарварикнинг юксак намунаси ҳисобланадилар.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табрикларида таъкидлаганларидек: “Бугун дунёнинг олис ва яқин минтақаларида мураккаб можаро ва тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада самарали ташкил этишимиз шарт”.
Ватанни сергак қўриқлайдиган ва ҳимоя қиладиган юрт ҳимоячилари ҳақида гап кетганда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири бу, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб (ухламаган) кишини”, - деб марҳамат қилганларини (Сунани Термизий, 1639-ҳадис) қайд этиш жоиз.
Буюк аждодлардан бири, тасаввуфнинг кубровия таълимотига асос солган Нажмиддин Кубро мўғуллар истилоси даврида душман томондан яшаб турган шаҳрини ташлаб чиқишга рухсат берилганига қарамай, лашкарни ёвга қарши жангга бошлаб кириш оқибатида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Жумҳур уламолар ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмас, балки қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ўз ифодасини топиши лозим эканини таъкидлайдилар:
- Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;
- жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларга яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);
- Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамаъ яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);
- Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.
Иккинчи жаҳон уруши даврида 538 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Ватан ҳимоясида мардларча ҳалок бўлган. 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетган. 200 мингдан зиёд ўзбекистонликлар жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланган. Улардан 301 нафари Қаҳрамон унвонига, 70 нафари учта даражадаги “Слава (Шуҳрат)” орденига сазовор бўлган.
Юқорида қайд этилганлар ватанпарварлик, юрт ҳимояси муҳим ва муқаддас бурч, улкан савоб экани, шунингдек, бундай фазилатга эга бўлиш мусулмонларнинг асосий хусусиятларидан бири эканидан далолат қилади.
Аксинча, қадимдан ўзбек халқи ватанфурушликни қаттиқ қоралайди. Бундай ҳаракатлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин: мамлакат манфаатларига хиёнат килиш, ўз шахсий манфаатларини кўзлаб иқтисодий, сиёсий ва бошқа жосуслик фаолияти билан шуғулланиш, душман томонига ўтиб ўз халқи, мамлакатига қарши кураш олиб бориш, қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш, турли диний мутаассиб ва экстремистик ғоялар таъсири остида оиласи, Ватанидан воз кечиш, киндик қони тўкилган заминга нисбатан бўҳтон ва иғво тарқатиш ва ҳоказолар.
Ватанфурушлик заминида моддий, сиёсий ёки бошқа кўринишдаги шахсий манфаатлар ётади. Тарих далолат берадики, ватанфурушлар ҳамма вақт ўз юрти ва халқининг нафратига дучор бўлган.
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Бухорий, 3188-ҳадис).
Ислом тарихида “Ҳандақ жанги” номи билан машҳур бўлган жанг вақтида Мадина шаҳрига бостириб келган маккаликлар етакчилигидаги иттифоқчи қўшинга Мадина шаҳрида яшаб, яширинча хайрихоҳлик кўрсатган ва зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ жазо берганлар. Уларнинг раҳбарлари қатл этилган, эргашганлари Мадина шаҳридан бадарға этилган. Демак, Ватанга хоинликни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. Она Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди.
Ҳеч шубҳасиз, барчамиз биргаликда Она Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш каби фуқаролик бурчимизни астойдил, чин юракдан бажариш, меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик, мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда барқарорлик ва соғлом муҳитни мустаҳкамлаб, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини таъминлаймиз.
Шундай экан, она-Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонни гуллаб яшнашига, юртимиз тинч-осуда бўлишига барча шу юртда, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши керак.
Ўткир ҲАСАНБАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Манбалар:
Ислом динида ўзгаларнинг мол-мулкини ноҳақ ўзлаштиришлик қатиъян тақиқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат этади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” [1] (Бақара сураси, 188-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ботил йўл билан емаслик”ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар киради” деганлар[2].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзгаларнинг бойлигига ва мол-мулкига тажовуз қилишликдан кўп бора қайтарганлар. Ҳусусан ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сизларга молингиз ва қонингиз ҳаромдир”[3].
Мусулмон давлатида яшаётган мусулмон бўлмаган аҳолининг мол-мулкини муҳофаза этишлик ўша давлатнинг зиммасидаги мажбуриятлардан ҳисобланади. Бу масала бўйича барча мусулмонлар ўртасида якдилликка эришилган. Имом Абу Убайд ал-Қосим ибн Саллом, Ибн Занжавайх, Ибн Саъад ва Абу Юсуф розияллоҳу анҳум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Арабистон ярим ороли жанубидаги Нажрон шаҳри насронийлари билан тузилган битимни келтириб ўтадилар:
“Албатта, Нажронийлар ва уларнинг иттифоқдошлари Аллоҳнинг ҳимояси ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳомийлиги остидадирлар. Уларнинг мол-мулки, жони, яшаш ерлари ва динлари муҳофаза этилади; бу ҳозир мавжуд бўлган ва мавжуд бўлмаганларни; ҳамда уларнинг оила аъзолари, буюмлари ва ўзлари эгалик қилиб турган барча озми ёки кўпми мол-мулкларини ҳам ўз ичига олади[4].
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳу га ва Сурия мамлакати ҳокимига ёзган ҳатида қуйидагиларни келтириб ўтади: “Ўзингиз раҳбарлик қилаётган мусулмонларни мусулмон бўлмаган фуқароларга нисбатан жабр-зулм, озор етказишдан ва уларнинг бойликларини ноҳақ талон-тарош қилишдан қайтаринг”[5].
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мусулмон бўлмаган аҳоли солиқ[6]ни тўлар экан энди уларнинг моли ҳам ва жони ҳам бизнинг молимиз ва жонимиз каби бўлмоқлиги лозим”[7].
Чиндан ҳам мусулмон бўлмаганларнинг ҳаёти, мол-мулки ва ор-номуси Ислом динида юксак қадрланади ва мусулмон мамлакатларида мусулмонлар қай тарзда муҳофаза қилинса бошқа дин вакиллари ҳудди шундай муҳофаза этилади. Мусулмонлар ғайридинларга тегишли бўлган чўчқа гўшти ва шароб (вино)ларига зарар етказишлари тақиқланади, агарда шу ишни содир этсалар бу қилмишлари учун жарима тўлашликка мажбур бўладилар.
Ҳанафий мазҳабининг фиқҳ илмига оид машҳур манбаларидан ҳисобланган “Ал-Дурр ал-мухтор”да: “Агар мусулмон насроний динига эътиқод қилувчининг вино ёки чўчқа гўштига зарар етказса етказилган зарар миқдорида унинг ҳаққини адо этиши лозим”[8]лиги баён этилган.
Ислом динида ўғрилик тақиқланган ва бу жиноят учун қатъий жазо белгиланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қурайш қабиласидан бир аёл киши ўғрилик қилгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга нисбатан жазо қўллашликка буюрдилар. Шунда одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб ўғрилик қилган аёлнинг жазосини енгиллатишликларини илтимос қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга жавобан дедилар: “Агар қизим Фотима ушбу (ўғрилик) жиноятини содир қилганида унга ҳам нисбатан ҳудди шу жазони қўллашга буюрган бўлардим”[9].
Имом Яҳё ибн Шараф ал-Нававий раҳимаҳуллоҳ бундай ёзади: “Мусулмон бўлмаган аҳолининг, зиммийларнинг (Ислом давлати ҳудудида яшагани учун жон, мол-мулклари давлат ҳимоясига олинган ва бунинг евазига ҳар йили жизя (маҳсус солиқ) тўлаб турадиган аҳли китоблар) ва муртаднинг бойлиги мусулмоннинг бойлиги каби бўлади”[10].
Имом Ибн Қудама ал-Ҳанбалий: “Мусулмонга тегишли бўлган мол-мулк ўғирланганда қандай жазо қўлланилса, ҳудди шунингдек мусулмон бўлмаганнинг мол-мулк ўғирланганда ҳам ҳудди шундай жазо қўлланилмоғи лозим” деганлар[11].
Ибн Ҳазм: “Мусулмон бўлмаганнинг мол-мулкларини ўғирлаган мусулмонга нисбатан жазо қўлланилишида ҳеч қандай қарши фикр (қарама-қаршилик)лар мавжуд эмас” деган фикрни билдирадилар[12].
Ибн Рушд ҳам юқоридаги каби фикрларни келтириб ўтган[13].
Дарҳақиқат, Ислом ҳуқуқига кўра мусулмон ва мусулмон бўлмаганларнинг мол-мулки бирдек ҳимоя қилинади ҳамда уларнинг мол-мулкларининг ўғирланиши ёки унга зарар етказлишига ҳам бирдек жазо қўлланилади.
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. – Т.: «Hilol-Nashr» 2015. 29-б.
[2] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири Ҳилол, I:173.
[3] Имом Буҳорий, Саҳиҳ: Китаб ал-Ҳажж, 2:620 §1654.
[4] Абу Юсуф, ал-Хараж, 78-б, Абу Убайд ал-Қосим ибн Саллом, Китаб ал-амвал, 244-245-б, §503, Ибн Саъад, Табоқат ал-кубра, 1:288, 358, ибн Занжавайх, Китаб ал-амвал, 449-450-б, §732, Аҳмад Балозурий, Футуҳ ал-булдон, 90-б.
[5] Абу Юсуф, ал-Ҳараж, 152-б.
[6] Солиқ мусулмон мамлакатларида мусулмон бўлмаган аҳолидан ҳарбий ҳизмат ўрнига ундирилган.
[7] Ибн Қудама, ал-Муғний, 9:181, ал-Зайлаий, Насб ал-рай, 3:381.
[8] Ҳаскафий, ал-Дурр ал-мухтар, 2:223, Шомий, Радд ал-муҳтар, 3:273.
[9] Имом Буҳорий, Саҳиҳ: Китаб ал-анбиё, 3:1282 §3288, Муслим, Саҳиҳ, 3:1315 §1688.
[10] Яҳё ал-Нававий, Шарҳ Саҳиҳ Муслим, 12:7.
[11] Ибн Қудама ал-Мақдисий, ал-Муғний, 9:112.
[12] Ибн Ҳазм, ал-Муҳалла, 10:351.
[13] Ибн Рушд, Бидоят ал-мужтаҳид, 2:299.