Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ислом динига эътиқод қилувчи юртдошларимиз ташкил этади. Банк Ахборот хизмати билдиришича, бу эса мамлакатда ислом молия соҳасини жадал ривожлантириш имконини беради. Муҳими, бу борада амалий-саъй-ҳаракатлар бошланган.
Мана, энди акциядорлик тижорат Халқ банки ҳам ана шу қизғин жараённинг фаол иштирокчисига айланди. Яъни Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) билан истиқболли шартномани имзолади. Унга мувофиқ, банкда шаръий тамойиллар асосида фаолият юритадиган “Исломий дарча” очилиши режалаштирилмоқда.
— Мазкур хайрли ташаббус натижаси, биринчи навбатда, мусулмон юртдошларимиз учун кенг имконият ва қулайликлар яратади, — дейди Халқ банки Бошқаруви Раиси Фарҳод Саламов. — Қолаверса, бундан банкимиз ҳам катта манфаат кўриши, шубҳасиз. Эзгу ниятлар билан бошлаётган ишимиз келажакда кутилган натижаларни беришига ишончим комил. Негаки, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси — узоқ йиллик молиявий ҳамкоримиз ва вақт синовидан ўтган ишончли шеригимиздир.
— Ислом моялиясининг асосий мақсадларидан бири, бу реал иқтисодиётга ижобий таъсир қилиш ва унинг ўсишини таъминлашдан иборат, — дейди Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси Бoш директори Айман Седжини. — Шу мақсадда Халқ банки билан ҳамкорликда “Исломий дарча” очишни мақсад қилдик. Албатта, бу келишувиз мамлакатда банк хизматларидан фойдаланмаётган мижозлар учун ҳам қўл келади. Чунки, бу “Исломий дарча”ни очиш орқали мижозларга ва жисмоний шахсларга уларнинг эътиқодидан келиб чиққан ҳолда муқобил молиявий хизмат турларини таклиф қилиш ҳамда уларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш мумкин бўлади.
Онлайн мулоқот якунида Халқ банки Бошқаруви Раиси ҳамда Ислом корпорацияси Бoш директори томонидан “Исломий дарча” очиш юзасидан шартнома имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати