Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Пайғамбаримиз мақтаган соҳа

14.01.2021   3862   26 min.
Пайғамбаримиз мақтаган соҳа

 “Яхшига қилсанг яхшилик –

ҳам айтади, ҳам қайтади...”

Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим!

Меҳрибон Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Жаноби Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломларимиз бўлсин!

Бахтли, саодатли яшаш, чинакам маъмур ҳаёт кечириш – ҳар бир инсон орзуси. Дунёда бахту саодатни, маъмурчилик ва фаровонликни ўлчайдиган мезонлар кўп, омиллар бисёр. Лекин шундай неъматлар борки, уларсиз ҳаётимиз рангсиз, турмушимиз ҳузур-ҳаловатсиз бўлиб қолади.

Хўш, бу неъматлар қайсилари?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир, дедилар» (Имом Бухорий ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривоятлари).

Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди?

Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади. Узоққа бормайлик, бугунги дунёнинг манзарасидан хулоса чиқариб олайлик. Биргина кўзга кўринмас ўлат барчанинг ҳаловатини ўғирлади, ҳамманинг тинчини бузди. Шундай эмасми? 

I

...Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?! Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин?! Ишга, ўқишга отланаётганда, оила улуғларининг дуосини олиб кўчага чиқишнинг баракотини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тинчлик-омонликда яшаш – бу жон, мол, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демакдир. Минг-минг шукрларки, юртимизда булар барчасининг хавфсизлиги кафолатланган.

Аслида, “Ислом” сўзи араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик”, “тинчлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмаслар, балки уни Аллоҳ таолонинг Ўзи (!) ихтиёр этган! Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

«Мусулмон» деган сўзнинг асли, негизи, ўзаги “ислом” сўзи. Демак, ҳар бир инсон миллати, ёши, жинси, дини, ирқи, ижтимоий холати, турар жойидан қатъий назар, модомики “мен – алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб, ўзини мусулмон ҳисобласа, тинчлик учун хизмат қилиши шарт ва зарур экан! Аксинча, қиладиган иши айтаётган сўзига тўғри келмас экан! Худонинг Ўзи ҳаммамизни асрасин!

Қўшнинг тинч – сен тинч!”, “Юртинг тинч – сен тинч!” дейди доно халқимиз. Юртимиз, қўшнимиз, оиламиз тинчлиги-хотиржамлиги учун нечта одам хизмат қилмоқда? Уларнинг икки-уч нафарини кўра олсак, неча миллион нафарини ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз! Ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизмиз!

Доно халқимиз “Бирни кўриб – фикр қил, бирни кўриб – шукр қил!” деб бежиз айтмаган. Телевизоримиз пультининг хоҳлаган тугмасини босиб, хоҳлаган телеканалга қўйсак, дунёнинг неча минглаб жойларида неча юз минглаб инсонлар тинчлик (!) излаб, сарсон-саргардон бўлаётганига гувоҳмиз...

Ҳар қандай ақлли одам Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, фуқароларимиз фаровонлиги учун сон минглаб ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этади ва юксак қадрлайди.

Кунларнинг бирида машҳур рассом дунёдаги энг гўзал суратни чизишга қарор қилади ва саёҳатга отланади. Бир қишлоқдан ўтаётиб нуроний отахонга дуч келади ва ёнига бориб у кишидан: «Дунёдаги энг гўзал нарса нима?» – деб сўрайди. Отахон ҳеч иккиланмай: «ИМОН!» – деб жавоб беради.

Сўнгра бир гузар олдидан ўтаётиб, карнай-сунай садоларини эшитади ва тўпланиб турган оломон олдига бориб келиндан: «Сизнингча, дунёдаги энг гўзал нарса нима?» – деб сўрайди.

Келин куёвнинг кўзларига боқиб: «Дунёдаги энг гўзал нарса – МУҲАББАТ!» – дейди.

Рассом йўлида давом этади. Бепоён даштлар, тизма тоғлар, ястаниб ётган қир-адирлардан ўтиб, саҳрода бир тўда аскарни учратади ва улардан бирини ёнига чорлаб, юқоридаги саволни беради.

Аскар: «Дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК!» – дея жавоб беради.

Рассом дунёдаги энг гўзал нарсалар – имон, муҳаббат ва тинчлик бўлса, буларнинг барчасини бир расмда қандай ифодалайман, дея ўйлай-ўйлай уйига қайтиб келади.

Уйига кириши билан дунёнинг энг гўзал манзараси қаршисида эканини англаб етади: болаларининг масум нигоҳларида имон, аёлининг кўзларида муҳаббат, уйида эса тинчлик ҳукм сурар, ҳаммаларининг танлари соғ-саломат эди.

Булардан илҳом олган рассом дунёдаги энг гўзал нарсани чизишга киришади ва уни «Менинг уйим», деб номлайди.

Биз буни янада кенгроқ тасаввур қилиб, табиий лозим бўлган ИМОН ва МУҲАББАТдан ташқари, дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК ва СОҒЛИҚ эканини эътироф этамиз. Имон, тинчлик, саломатлик неъматлари жаннатмакон юртимизда, шукрки, барқарор! Демак, дунёдаги энг гўзал диёр бу – имон, тинчлик, саломатлик барқарор бўлган ВАТАН – ЎЗБЕКИСТОНИМИЗДИР! 

II 

Жаннатмакон Юртимиз жонкуярлари бўлган ака-ука, опа-сингилларимиз, аввало, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ саломатлиги, фаровонлиги ва хотиржамлиги учун ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган Сиз, азизларни беқиёс хизматларингизни юксак қадрлаб, барчаларингиз(!)га  чексиз ҳурмат ва чуқур эҳтиромимизни изҳор этишга рухсат бергайсизлар!

Мўмин-мусулмонларимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб соҳиблари, муборак динимиз вафодорлари, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак даражада қадрлайди. Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам халқпарвар-ватанпарвар бўлиб, майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва кўпдан-кўп  тасанноларга  муносибдир!

Бу машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча соҳа ходимларига яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирамиз!

Маълумки, 2020 йил ҳаммамиз учун ҳам мислсиз синов, айни вақтда янги тажриба орттириш йили бўлди. Ўз вақтида Раҳбариятимиз томонидан кўрилган чора-тадбирларимиз бугун ижобий натижа бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Якунланган йилда бутун дунёга коронавирус пандемияси тарқалиб, инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирди. Юртимизда муҳтарам Президентимиз томонларидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар, доно халқимизнинг чуқур тушуниши, кенг тафаккури ва ўзига хос сабр-тоқати билан бу офат Ҳақ таолонинг мадади ила жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олинди.

Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган COVID-19 даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда олижаноблик намунасини кўрсатган, меҳр-оқибат, саховат ва олиҳимматлик фазилатларини кўрсатиб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларга катта ҳисса қўшган, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, эзгу ишлари билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИМИЗнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак.

Таъкидлаш керакки, COVID-19 балоси бошимизга тушган синовлар шароитида ваъзу иршодлар натижасида мўмин-мусулмонларимиз: “Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Қуръони карим Бақара сураси 153 оят), деган илоҳий башоратга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, сабр ва тоат-ибодат ила ҳамжиҳатликнинг юксак намунасини кўрсатдилар. Бу йил карантин туфайли ибодатларини адо этишда юзага келган қийинчиликларни ҳам тўғри тушунмоқдалар. Бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетиб, Худо хохласа, келгусида хурсандчилик кунларни бирга-бирга нишонлаймиз.

Юртимизда коронавирус даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини, фуқароларимиз осойишталигини кўзлаган ҳолда бир қатор чора-тадбирлар қўлланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, амалга оширилган ишларнинг самараси ўлароқ, аҳоли сонига нисбатан олинганда МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан бизнинг мамлакатимизга тўғри келди. Ҳақиқатан ҳам, соҳанинг етук экспертлари хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу пандемиядан энг кам талофат кўрган давлат сифатида чиқади, деб баҳоланмоқда.

 Бу оғир синов даврида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилинди ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти муҳтарам ва ҳурматли уламоларимиз ва динимиз пешволари томонларидан кенг ва батафсил тушунтирилди. Жумладан:

  • коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатво эълон қилинди;
  • мамлакат мусулмонларига карантин тартибларига қатъий амал қилиш тўғрисида мурожаат йўлланди;
  • пандемия даврида дафн этиш маросимларини қандай ўтказиш бўйича тавсиялар берилди;
  • имом-хатиблар томонидан касаллик тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан хайрия тадбирларини ташкил этиш йўналишидаги ишлар жадал олиб борилди;
  • “Вабо инсонлар учун бир синов” номли китоб ва буклетлар нашр этилиб, кенг миқёсда тарқатилди.

Ўзбекистонлик етук уламоларимиз, нотиқ имом-хатибларимиз томонларидан карантин кўрсатмаларига амал қилиш, ушбу синовли кунларда ваҳимага берилмаслик, яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда беҳисоб тарғибот ишлари олиб борилди.

Бундай дин хизматчиларимиз мана шундай ўта оғир даврда ва турли табиий офатлар туфайли элу юртимиз бошига тушган синовларнинг оқибатларини бартараф этишда ҳақиқий жонбозлик кўрсатганлари улкан  таҳсинларга ва беқиёс  ташаккурларга  лойиқдир!

Натижада, матонатли халқимиз ковид вабоси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деган ояти каримага амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибатлиликнинг юксак намунасини бутун (!) дунёга кўрсатдилар.

Фазилатли инсонларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, хайрия маблағларини тўғри йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига кўмак бериш, оғир шароитдаги одамларни сабр-тоқатга чақириш, уларнинг кўнглини кўтаришдаги фидойиликлари ҳар  қандай  мақтовга  лойиқдир! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”,  – деб хушхабар берган.

Қайд этиш лозимки, синов кетидан синовлар бўлган – касаллик ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш йўлида диний соҳамиз ходимлари иштирокида жонлиқлар сўйилиб, нажот сўраш намозлари адо этилгани, хатми Қуръонлар, дуою тазаррулар, истиғфорлару салавоти шарифлар айтилгани энг улуғвор ишлардан бўлганини алоҳида эътироф этишимиз керак.

Аллоҳ таборака ва таоло инсонларни синовли кунларда сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, Қуръони каримда 94-сурасининг 5-6-ояти карималарида “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, – деб марҳамат қилади. Чиндан ҳам, ҳар қандай ташвиш ортида енгиллик борлигини COVID-19 касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг ёрдами ила ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар...

Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтишда диний соҳамиз ходимларининг панду насиҳатлари, ибратли ўгитлари ва эзгу ташаббуслари  жуда  ҳам  катта  таъсир  кўрсатди.

Муҳтарам Юртбошимиз пандемияга қарши курашда фаоллик  кўрсатганларга ташаккур билдириб, кенг жамоатчилик вакиллари қаторида қадри баланд муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимизни ҳам алоҳида эсга олганлари диний соҳа ходимлари меҳнатларига берилган  юқори  баҳодир!

Карантиннинг энг-энг ашаддий қийин кунларида хам халқимизнинг саломатлигини ўйлаб, фаровонлигини кўзлаб давлатимиз, ҳукуматимиз чиқарган барча топшириқларини муқаддас динимиз равнақи, масжиду мадрасаларимиз ободлигини мўлжаллаб, мўмин-мусулмонларимизни манфаатлари учун батафсил етказишда кечаю-кундуз беғараз ва беминнат хизматлари билан, диний соҳамиздаги барча ходимларимизга ўзларининг бевосита кўмак ва улкан ёрдамлари билан фидокорона хизмат қилаётган Дин ишлари бўйича қўмитадан келаётган барча муҳим тавсияларни соҳамиз ходимларига онлайн ҳам, офлайн ҳам ўзларининг қимматбаҳо йўл-йўриқлари билан етказаётган Диний идорамиз раисларига нафақат мамлакатимиз халқи таҳсинлар айтди, балки халқаро даражада ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий ҳазратлари тан олиниб, “Дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмон рўйхати”дан ўрин олдилар.

Карантиннинг энг қийин пайтларида ҳам қаҳрамонона, жонини Жабборга бериб, 24 соатлаб, ҳафталаб тинмай, беминнат хизмат қилган барча Ватан ҳимоячиларимиз, шифокорларимиз, ҳуқуқ-тартибот ходимларидан сира ҳам қолишмасдан хизмат қилган диний соҳамиз ходимларини доно халқимиз ниҳоятда яхши билар экан... Таъкидлаш жоизки, халқимиз томонидан мана шундай улуғвор ишлари учун хали-халигача жуда ҳам кўп миннатдорликлар келиб тушмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали ҳам мамлакатимиз фуқаролари томонларидан алоҳида раҳматномалар ҳанузгача изҳор қилинмоқда. Айниқса, мана шундай самимий, чин дилдан ёзилган мактубларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, хусусан Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига алоҳида дил сўзлари битилган. Идорамизнинг барча ходимларидан халқимизнинг миннатдорлигини мўмин-мусулмонларимиздан кунда-кунаро келаётган ташаккуру раҳматномаларидан билиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам ва ҳурматли фазилатли уламоларимизнинг ва диний соҳа ходимларининг меҳнатларини қадрлаш Янги Ўзбекистонда дин соҳаси ва имом-домлаларга берилаётган юксак эътиборнинг яна бир бор яққол намунасидир. Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва уламоларни, имом-домлаларни муносиб қадрлаш йўлида жуда ҳам катта ишлар амалга оширилаётганидан, албатта, ҳамманинг хабари бор.

Бугунги тарихий ўзгаришлар ва воқеаларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз... Буларнинг замирида Яратган Парвардигори оламнинг иродаси ила бир ёқадан бош чиқариб самарали меҳнат қилишимиз ҳамда Давлатимиз Раҳбари атрофида жипслашиб ёрқин келажак ва юксак тараққиёт сари дадил саъй-ҳаракатларимиз мужассамдир.

Эътироф этиш керакки, жорий йилда кетма-кет келган синовларни мардона енгиб ўтишда диний соҳа вакиллари ҳам улкан ҳисса қўшмоқда. Айниқса, халқимиз орасида катта обрў-эътибор қозонган муҳтарам ва ҳурматли фазилатли уламоларимиз барчани сабр-бардошга, ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил ва ҳамжиҳат бўлишга даъват этувчи ўзларининг таъсирчан сўзлари ва чиқишлари билан юртдошларимиз қалбида эртанги ёруғ кунларга катта ишонч туйғусини мустаҳкамлаганларига барча гувоҳ бўлди.  

Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад сураси 7-оят).

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам Худога ҳам шукр қилаолмайди”, – деб марҳамат қилганлар. Доно халқимиз эса: “Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади. Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади”, – деб бежиздан бежиз айтмаган.

Ўзини жонини ҳам, оиласини саломатлигини ҳам Худога топшириб, ўта катта ва жиддий хавф-хатарни ҳам четга суриб, жонини ҳам, молини ҳам халқ учун фидо этган ҲАР БИР ИМОМ-ДОМЛАМИЗГА беҳисоб  ташаккурлар айтамиз!

Чуқур қайғу билан қайд этамизки, бу касаллик туфайли кўпгина юртдошларимиз қаторида етук уламоларимиз, тажрибали имом-домлаларимиз ва жонкуяр диний соҳа ходимларимиз ҳам бу дунёдан ўтдилар... Тўғри, бу ҳаётда ўрни ўзгармайдиганлар, албатта, йўқ... Лекин ўрнини ҳеч ким боса олмайдиганлар БОР! Улар қуйидагилардир. Бугун биз ўзларининг беназирликлари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олган қуйидаги дин хизматчилари – устозларни алоҳида эсга олишимиз лозим...

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани “Дардоқ” жоме масжиди имом-ноиби Тўйчиев Ғайратжон домла;

Наманган шаҳар “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-ноиби Исмаилов Адҳамжон домла, “Абдураззоқ қори” жоме масжиди имом-ноиби Хожиев Аҳадхон домла;

Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Навбаҳор” масжиди имом ноиби  Абдураҳмонов Қўчқор домла, Зарбдор туман “Кериз” масжиди имом-хатиби  Ўтамуродов Қодирқул домла;

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани “Хўжа Абдул Варроқ ат-Термизий” масжиди имом хатиби Ҳасанов Шохназар домла, Денов тумани “Имом Бухорий”  масжиди имом-хатиби Тошбоев Панжи домла;

Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Тўхтабой” масжиди имом ноиби Баҳрамов Аҳмадуллоҳ домла, Шайхонтоҳур тумани “Баланд” масжиди имом ноиби Исмаилов Ҳабибуллоҳ домла, Бектемир тумани “Алибек” масжиди имом ноиби Ибрагимов Аҳмаджон домла, Яккасарой тумани “Ракат” масжиди собиқ имом-хатиблари, фахрий имомимиз, таниқли катта уламомиз Ҳамдамов Абдуллоҳ домла;

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди имом ноиби Мамутов Муҳаммадали домла, Қозиёт ҳисобчиси Аметов Ремберген домла;

Бухоро вилояти собиқ бош имом-хатиблари Нуриллаев Мансуржон домла;

Самарқанд шаҳар “Хўжа Зудмурод” жоме масжиди имом-хатиби Меликов Мустафоқул домла, “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби Давронов Абдураҳмон домла, “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби Исломов Нуриддинхон домла;

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Турматов Хайрулло домла, Оққўрғон тумани “Эрбўта қози” масжиди имом ноиби Бойхонов Исмоилхон домла, Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди имом ноиби Эркаев Раҳмонберди домла;

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани “Эски қўрғон” масжиди имом-хатиби  Исматиллаев Тоҳиржон домла;

Хоразм вилояти вакиллиги ҳуқуқшуноси Жуманиёзов Бахтиёржон домла;

Сирдарё вилояти Сардоба тумани “Пахтаобод” жоме масжиди собиқ имом-хатиби Суяров Абдураҳмон домла;

Фарғона вилояти Данғара тумани “Муҳаммадсаид хўжа” жоме масжиди имом-хатиби Аҳмедов Шерзоджон домла;

Табаррук устоз Убайдулла домла Уватов, йирик муфассир Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари, забардаст олим Довудхон домла, мутасаввиф уламо Олимхон домла ва “Кўкалдош” мадрасасида узоқ йиллар самарали хизмат қилган Абдусалом домла каби устоз уламоларимиз бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этдилар, уларнинг охиратлари обод, жойлари жаннат бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз бу қийин даврда машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатар остига қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатган ва вафот этиб, шаҳидлик мақомига етишган мазкур уламоларимизнинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаган бўлсин! Илоҳим Ўзи рози бўлиб, Наим жаннатлари билан сийласин!

Ўз фаолиятининг маъно-мазмунини муборак динимиз, жонажон халқимизга, она-Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишда, деб билган бу фидойи инсонларимиздан улкан ва бой маънавий мерос қолди... Зикр этилган азиз инсонлар динимиз таълимотларини доимо тараннум этадиган, халқимизнинг қалби ва онги уйғоқ, ватанпарвар фарзандлари сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг доимий иштирокчиси ва тарғиботчиси эдилар... Уларнинг оилалари ва яқинларига, мухлисларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси бутун халқимиз, мўмин-мусулмонларимиз номларидан эзгу дуоларни қилиб қолади...

III 

Бир оддийгина кичик қўл соатида ҳам, уйимиздаги телевизорда ҳам, қўлимиздаги телефонимизда ҳам, энг катта компьютерда ҳам, энг охирги русум автомобилида ҳам, бир неча тонналик самолётда ҳам, Ер сайёрасидан кўтарилиб коинотга бориб-келаётган неча минг тонналик космик кемаларда шундай бир қисм, бўлакчалари бор-ки, у қисмларсиз мазкур “мўъжиза”лар ишлолмай қолади. Аслини олганда, у бўлак-қисмлар кўзга кўринмайди ҳам... Улар эътиборсиз-у, лекин уларсиз соат ва телевизор ҳам, телефон ва компьютер ҳам, автомобиль ва самолёт ҳам, ҳатто инсониятни лол қолдираётган баҳайбат космик кемаси ҳам ишламасдан қотиб қолади! “Мўъжиза”ларнинг энг каттаси ва энг улуғи бўлган Инсон организмида ҳам мана шундай “қисм-бўлаклар” мавжуд.

Ҳар бир корхона-ташкилотларда ҳам ҳудди шу каби “қисм-бўлаклар”ни вазифасини адо этадиган одамлар, катта-кичик ходиму хизматчилари бор!!! Улар ўзларини ҳадеб билдиравермайдилар... Лекин ўз ишларини ниҳоятда чиройли ва намунали этиб, тўла-тўкис ва мукаммал қилиб, дину диёнат билан, ҳалолу пок, инсофу виждон билан бажарадилар. Шундай инсонларга ўзларини “кўрсатиш”ларини ё (ҳозир “мода”га айланиб қолган) интернетга “чиқиш”ларини таклиф этсангиз, ҳаммаларидан ягона жавоб эшитасиз. Ўзларини тортиб, уялиб, чуқур ҳаёжонланиб: “Худо билса, бўлди... Билса – балиқ, билмаса – Холиқ,” – деб қўядилар холос.

Мана шундай инсонлар бизнинг соҳамизда сон-саноқсиз даражада кўп! Лекин уларни машаққатли ва сермаҳсул меҳнатларини, беқиёс ва олижаноб хизматларини Яратганимиздан ташқари, раҳбарларимиз ҳам, доно халқимиз ҳам жуда яхши билади!

Бугунги мураккаб ва синовли даврда халқимиз ва динимиз хизматида бўлиб турган қадрли ва табаррук уламоларимиз, муҳтарам ва ҳурматли имом-домлаларимиз, азиз ва қимматли мударрисларимиз, муштипар ва мунис отинойиларимиз, масжид-мадрасаларимиз бебаҳо ва меҳнаткаш ходимлари, севимли ва суюкли талабаларимиз ҳамда муқаддас Ватанимизнинг барча ҳимоячиларига Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолодан сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва икки дунё саодатини сўраймиз!

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларким: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, муборак динимиз ривожи ҳамда доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда улкан муваффақиятлар ато этишини Меҳрибон Парвардигоримиздан илтижо қилиб қоламиз!

Ўз аждодлари қўним топган ҳоки покларини, киндик қони тўкилган Ватанни ҳимоя қилиш, ўз она-юртини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш – ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилишдир. Бу хусусда Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Эл-юртимиз равнақи ва дини Ислом маърифати йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб, ўзининг бор куч-қудрати ва ақл-заковатини аямасдан, сидқидилдан, фидойиларча, холисона ҳамда улкан меҳр ила хизмат қилиб келаётган сизлардек мўътабар инсонларни тарбиялаб, вояга етказган ОТА-ОНАЛАРИНГИЗГА  МИНГ-МИНГ-МИНГ РАҲМАТ! Барча ота-оналарга ҳам Парвардигори олам ана шундай фарзанд тарбиялаб, камолга етказишни насиб айласин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, динимиз камоли, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизни доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз, Диний идорамиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб борилаётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин!

Илоҳим ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин! 

Хулоса 

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳар бир инсоннинг қилаётган хизматларига миннатдор бўлишимиз – ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир!

Устозларимиз айтадилар: “Ҳаётдан киши олмаса таълим, ўргата олмас унга ҳеч бир муаллим”. Кундалик ҳаётимизда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Яна билиб-билмасдан Жаноби Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг: «Икки неъмат борки,  кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир» деган муборак сўзларига қарши бўлиб қолмайлик!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Истинжо фойдалари

21.11.2024   3330   3 min.
Истинжо фойдалари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик, шунда у зот сув ила истинжо қилар эдилар".

Ислом дини инсон ҳаётида керак бўладиган катта-кичик барча масалаларни ҳал қилган. Шариатнинг ҳар бир ҳолат бўйича қонун ва одоблари бор. Ана ўша одоблардан бири истинжодир. Истинжо деб, ҳожат чиқаргач, орқа ёки олд нажосат йўлини тош, кесак, сув ва шунга ўхшаш нарсалар билан поклашга айтилади. Аслида истинжо сув билан қилинади. Сувдан бошқа нарсалар фақат сув йўқ бўлган ҳолатлардагина ишлатилади.

Истинжо қилишнинг тиббий фойдалари жуда кўп. Замонавий илм кашф қилдики, қанд касаллиги билан оғриган бемор ҳожат чиқарганидан кейин яхшилаб истинжо қилмаса, танага теккан бавлни ювиб ташламаса, сийдик таркибидаги микроблар сийдик йўлига ўтиб яллиғланишни келтириб чиқаради. Бу нарса жинсий алоқа пайтида эрдан аёлга ўтади ва бачадон яллиғланишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида кейинчалик бепуштлик ҳам кузатилиши мумкин.

Истинжо инсонни турли паразит, қурт ва гижжалардан ҳам сақлайди. Кичик игсимон қуртлар орқа нажосат тешиги атрофида яшаб, тухум қўяди. Бу тухумлар аввал кийимга, кейин қўлга юқади ва яна ошқозонга тушиб айланиб юради. Агар доимий суратда истинжо қилиб юрилса, ҳожатхонадан чиққач, қўллар совунлаб ювилса, бундан ҳолатлар кузатилмайди.

Истинжо хавфли касалликлардан бўлмиш ич терлама, вирусли жигар вабоси каби касалликлардан ҳам сақлайди. 1963 йилда Англия шаҳарларининг бирида ич терлама тез суратда кўпаяди. Бу нарса шаҳарда вабо тарқалиш хавфини келтириб чиқаради. Тиббий идоралар аҳолига ҳожатдан чиққач истинжо қилишни шарт қилиб қўйишади ва бу шаҳарга инфекция тарқалиши олдини олишнинг энг яхши ва самарали чораси экани таъкидланади. Шаҳар аҳолиси ўша таълимотга амал қилишади, махсус қоғозлари билан кифояланмай, худди мусулмонлар каби истинжо қилишади. Бироз фурсат ўткач, ўша шаҳардан ич терлама касаллиги арийди .

Истинжони чап қўл ёрдамида қилишда ҳам катта ҳикмат бор. Зеро. Инсон ўнг қўли билан ўзгалар билан саломлашади, таом ейди ва бошқа ишларни амалга оширади. Истинжони чап қўлда қилиш билан микроблар кўпайиши олди олинади. Шу ўринда истинжодан кейин қўлни тупроқ билан артиш ёки совунлаб ювиш яхши эканини эслатиб ўтмоқчимиз.

Истибро ҳам тиббий нуқтаи назарда аҳамиятли иш. Сийдик йўлининг сийдикдан бутунлай фориғ бўлиши у ерда туз, жумладан, фасфат тузи йиғилиши олдини олади. Сийдик йўлида туз йиғилиши кейинчалик тошга айланиши мумкин.

Одилхон қори Юнусхон ўғли