Тошкентдаги Ислом маданият маркази қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирги чорагигача тугатиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 119 миллион долларга тенг. Бу ҳақда 2021-2023- йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ҳомийлик қилаётган тадбиркор Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 минг 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилган.
Маълумот учун, 2017 йили президент Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиш лойиҳаси билан танишганди. Марказ қурилишини миллиардер Алишер Усмоновга тегишли Россиянинг «USM Нoldings Limited» компанияси молиялаштирмоқда. Қурилиш ишлари 2019-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан