frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Тақвонинг сифатлари

11.01.2021   4961   2 min.
Тақвонинг сифатлари

Тақводор инсоннинг сифатлари қуйидагилар:

 

– Ота-онага яхшилик қилиш.

– Қариндошлик ришталарини боғлаш.

– Қўшниларга яхши муомалада бўлиш.

– Шижоатли, кечиримли бўлиш.

– Одил, ширинсўз бўлиш.

– Ўзгаларни ўзидан устун қўйиш.

– Аллоҳнинг азобидан қўрқиш.

– Иффатли бўлиш, кўзи, қулоғи, тили ва бошқа аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийиш...

 

Инсондаги тақво аломатлари

 

– Ислом шариати белгилаган чегарадан чиқмайди.

– Аллоҳга бандалик изҳор қилади.

– Қалби кек, адоват, нафрат, ҳасаддан саломат бўлиб, муҳаббат, мулойимлик ва меҳрга тўла, Аллоҳнинг зикри билан обод бўлади.

– Илм-маърифат, яхшилик, фазилатларни ёяди. Одамларнинг орасини ислоҳ қилади.

– Ўзгаларга ёрдам беради, манфаат улашади.

 

Тақводорларнинг ажр-савоби

 

– Аллоҳ таоло тақводорларни Ўзига дўст, валий қилиб олади. У Зот: «Унинг валийлари фақатгина тақводорлардир», деган. (Анфол сураси, 34-оят).

– Аллоҳ тақводорларни суяди. У Зот: «Йўқ! Ким аҳдига вафо қилса ва тақво қилса, Аллоҳ тақводорларни севадир», деган. (Оли Имрон сураси, 76-оят).

– Аллоҳ солиҳ амалларни қабул қилади. У Зот: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир», деган. (Моида сураси, 27-оят).

– Яхши оқибат. Аллоҳ таоло: «Ва оқибат тақводорларникидир», деган (Аъроф сураси, 128-оят).

– Жаннат. Аллоҳ таоло: «Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир», деган. (Ҳижр сураси, 45-оят).

– Аллоҳнинг розилигига эришади, савоб тарозиси оғир келади, омонлик мақомида бўлади. Аллоҳ таоло: «Албатта, тақводорлар омонлик мақомидалар», деган. (Духон сураси, 51-оят).

– Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлади, чунки у комил иймон эгасидир.

– Охиратдаги мартабаси улуғ бўлади. Дунёда одамларнинг муҳаббатини қозонади.

– Умри баракали бўлади.

– Йўли очиқ, ризқи кенг бўлади. Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур», деган. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

22.08.2026   40091   4 min.
Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?

“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.

“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.

“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?(Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.

Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.

Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.

Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.

Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.

Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.

Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.

Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА