Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Феврал, 2026   |   8 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:04
Пешин
12:41
Аср
16:25
Шом
18:13
Хуфтон
19:25
Bismillah
25 Феврал, 2026, 8 Рамазон, 1447

Муфтий ҳазрат ҳаётига чизгилар (5-қисм)

09.01.2021   2166   8 min.
Муфтий ҳазрат ҳаётига чизгилар (5-қисм)

(Давоми, 1-қисм2-қисм3-қисм, 4-қисм) 

Сокинлик – сирли хилқат. Уммонларга хос бир умумият бор: сув ҳавзасининг туби қанча чуқур бўлса, сатҳи шунчалик тинч, осойишта бўлади. Ваҳоланки, у бағридаги мислсиз туғёнлар, тўфонларни яшириб яшайди. Муфтий ҳазратнинг хизматларида бўлганимда, у кишининг табиатида ҳам ана шундай манзарани кузатганман. Ҳазрат хокисор, камтар, ғазаби унча-мунчага чиқмайдиган, кечиримлик ва гина-кудуратдан анчагина холи фазилатларга эга инсон эканликларига ҳаётий мисоллар асносида амин бўлганман. 

Мен ҳазратни улкан бир мевали дарахтга ўхшатаман. Баъзида дайди шамолар букмоқчи бўлиб шовуллаганини, тўфонлар таг-томири билан қўпормоқчи бўлиб, довул қоққанининг гувоҳиман. Ҳар хил қушлар оғушида ин қўйиб, қўналға қурганларини сўнг меваларини чўқиб, шохларига озор берганларига шоҳид бўлганман. Ҳазрат бир силкиб барисини эгниларидан тўкиб ташласалар бўларди, бироқ бундай қилмасдилар. “Чин тақво ботқоқдаги нилуфар гулга қиёс: атрофинг балчиқ бўлса-да, ўзингни пок сақлай билмоғинг даркор”, дер эдилар. У кишининг шаънига қанчадан-қанча туҳматлар, асоссиз бўҳтонлар тўқимадилар дейсиз. Миш-мишлар тарқатишди. Ғаразларини ғарам қилиб уюшди. 

Таажжуб, ҳазрат шундоққина теграсида кечаётган мана шу ноҳақликларга асло эътиборсиз юрар эдилар. Менинг сабрим чидамас, бунинг зиддига бирор-бир чора кўрайлик, деб қабулларига бир неча бор кирганман. Аммо у киши менга далда бериб, шошқалоқ турган ҳисларимни сокинликка ундар: “Дилмуроджон, ҳаммасидан хабарим бор, қўйинг, қизишманг, Аллоҳ кифоя қилсин!” деб қўяр эдилар. Ўқ отганга ўқ отиш, йўқотмоқчи бўлган касларни йўқотиш фикрида йироқ эдилар. Аллоҳ ўз ҳифзу ҳимоятида тутсин сизни, ҳазрат!

Раҳматли Анвар қори ҳазратни бениҳоя ҳурмат қилар, у кишининг зоҳирида ҳар ким ҳам илғамайдиган бир шуъла, нур таратиб туради, деб гапириб юрардилар. Ҳазрат жамоат жойларида сокин, мулоҳаза ва тафаккур оғушида ўтирардилар. Атрофларида казо-казолар, турли даражадаги раҳбар ходимлар эшонбобо ёки ҳазрат, деб қўл бериб кўришганларида, иддаолари бўлса,  хизматларига шай эканликларини билдириб, илтифот кўрсатиб, мулозамат қилган вақтларида ҳам ҳазрат марказдаги мавқеидан ғурурланган эмаслар. Ним табассум билан, бош ирғаб қўярдилар, холос.  Бу ҳолатни таърифлаб Анвар қори бир машваратда: “Дилмурод, ҳазратдаги бу сокинлик, салобат, руҳий хотиржамлик – илоҳий, у ҳар кимга ҳам берилмайди” деганлари ҳамон ёдимда. Мисрда ўқиган пайтимда ўша пайтдаги Азҳар шайхи Жодул Ҳақ Али шундай эҳтиромга муяссар бўлганларини кўрганман. Башарти, улуғларимиздан улуғланиш улгусини олайлик, азизлар.  Одамийлик сифатларини ўрганайлик – бунинг учун эса уларни ўзимиздан узоқлаштириш йўлини эмас, ўзимиз уларга яқин бўлиш йўлини тутишимиз даркор. Мана шу ҳақиқатни унутмайлик.

Гоҳида баъзи мўминлар, аҳли илмлар  ҳақида нолойиқ гапларни гапириб юборишади. Бу иллат қон-қонимизга сингиб кетган қусур эканини, унга қарши ҳар бир киши ўзи билан ўзи курашмоғи лозимлигини аввалбошда гапириб ўтган эдим. Иллатни ўзимиздан итаришнинг энг мақбул йўли Қуръони каримга ёндошувдир. Динимиз талабларига иложи борича амал қилиш, хоҳ иқтисодий, хоҳ ижтимоий соҳада бўлсин, савдо-сотиқ, маданият ёки маърифат йўналишида бўлсин, ҳалоллик, парҳезкорликни сақлашга, намойишкорликдан тийилишимиз лозим. Ҳар қанча яқин ва равон бўлмасин, ҳасад кўчасидан юрмаганимиз маъқул. Бурунги пайтларда бунинг имкони йўқ эди. Муқаддас бу китобга ошно бўлиш, авахтадаги маҳкумга қўшни бўлиш билан тенг тушунча ҳисобланарди.

Бугун эса аҳвол тамоман бошқача. Қаҳратоннинг қаҳри юмшади. Бир асрдан ортиқроқ вақт мобайнида динимиз учун бугунгидай эркинлик замони бўлмаган. Қуръони карим, тарих, тафсир, ҳадис, фиқҳ – буларни ўрганамиз десак, шундоққина кафтимизда турибди, монелик йўқ. Бир пайтлари бирор-бир мураккаб масалага дуч келсалар йўл юриб, узоқ масофа босиб уламоларни ахтаришган. Саҳобалар диний таълимотни ёйиш учун жонларини жабборга бериб, тер тўкканлар. Ҳозир-чи, ер юзасининг исталган жойида ўқиб-ўрганиш, амалларга риоя этиш, ибодат амалларини тўла-тўкис адо этиш имконияти мавжуд. Илло, динимизнинг мағзи ҳам ибодат эмасми? Аллоҳ таоло ибодатни ҳаммасидан афзал қўйгани ҳақиқат–ку? Ахир эслайлик: Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларидаги охирги васият “намоз, намоз” сўзлари эмасмиди? Қайсидир юртдошимиз,  намоз ўқишни идрок этиб, бомдод вақтидан исталган масжидга кирса-ю ва хуфтон намозигача ибодатини қилса, бирор киши бормикин, масжиддан чиқиб кет, деган? Баралла айтиш мумкин, йўқ! Шундай кунда ўзини ўйлаш, ибодат ва илмни кўчайтириб, Аллоҳга қурбат қилиш керак эмасми? Қайсидир аҳли илмни гапириб юриш ёки бир-бирлари билан тортишиш, мунозара гоҳида жанжаллар билан эришмоқчи бўлган "хизмат"имизга Аллоҳнинг эҳтиёжи борми? Рағбати-чи? Ўй-фикрларингни айтмоқчи, тушунтирмоқчи бўлсанг, қўполлик  билан “жим”,  "бас" дейишиб, ҳатто адашганга чиқариб жанжал бошлашади. Ваҳоланки, оддий бир сукутда қанча ҳикмат бор!

90-йилларда Тошкентга келганман. Ўша пайтда машҳур имомнинг бир маърузасини эшитганман. Жуда нотиқ, олим инсон эди. Тўқсон дақиқалик кассетанинг энг таъсирли жойи ҳали ҳам ёдимдан кўтарилмаган, ҳозиргача қулоғим остида жаранглайди. Бир саҳобий жанг пайти "Ла илаҳа иллаллоҳ" деган одамни ўлдириб қўяди. Расулулоҳ соллаллоҳу  алайҳи  васаллам унга: "Ла илаҳа иллолоҳ", деса ҳам ўлдирдингми?”  деганларида, у саҳобий: "Бу калимани у қўрққанидан, ўлимдан қутулиб қолиш учун айтди" дейди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунда: "Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?" деб қаттиқ танбиҳ берадилар. Нотиқ инсон бўлганидан шунчалик тушунтирган эдики, ўшани эшитганимдан бери мусулмоннинг зоҳири тугул, ботинига бирон-бир ёмон нарсани айтмайман. Бу ахир сир – Аллоҳдан бошқа зот билмайдиган жараён. Шундай экан, билмаган нарсаларимиз ҳақида муносабат билдиришдан тийилганимиз маъқул. Зотан, шундай инсонлар борки жуда кўп эзгу амалларини хуфёна тарзда бажарадилар. Оламга жар солмайдилар. Аллоҳ билса бас, дейдилар! Мана шу тарздаги амалларга савоб бисёр, аслида. Баъзилари эса бошқаларга ибрат бўлсин, деб қилган ишларини ошкор қилишади. Бундан кўзланган асл мақсад охиратда Аллоҳнинг ҳузурига ёруғ юз, ҳақиқий банда бўлиб бориш. Ва ҳеч ким Аллоҳ кимнинг амалини олқишлашини билмайди, бу унинг ўзигагина аён! Мағфиратидан ва мукофотидан мосуво қилмасин илоҳим, омин!
***
Хайрулла Ҳамидовни танимайдиганлар юртда кам бўлса керак. Эътиқоди мустаҳкам, қанчалаб инсонларни ҳидоятига сабаб бўлган, динимиз аҳкомларини таъсирли сўз ва нотиқлик маҳорати билан содда ва равон, таъсирчан алфозда тушунтириш қобилиятига эга у. Гап-гаштакларда бирга ўтириб қолсак, уни кўпроқ тинглашга ҳаракат қиламан. Гаплари ифодали, ташбиҳ ва истиорага бой. Суҳбат қурсак, мулоқоти фасоҳат ва дид билан зийнатланган бўлади. Бир куни ТВ да "Шедевр" номли кўрсатувини томоша қилиб қолдим. Италиялик машҳур футболчи Роберто Баджо ҳақида гапирди. У Европада яшайди. Дини бошқа, менталитети ўзга, урф-одати, ахлоқий қарашлари ва одоб мезонлари бизникидан тамоман фарқ қилади. Бироқ у мана шу инсоннинг одамий ва жисмоний сифатларини шунчалар таърифладики: “Хайрулла ҳозир Баджони масжиддан олиб чиқади”, деган хаёлга бордим. Қаранг, ифода имкониятини: бир ғайридинга мўминларни дўст, мухлис қилиб қўйди.

Юқорида имкон даражасида жонли мисоллар келтириб, ҳаёти ва фаолияти билан кўпга ибрат бўлиб келаётган устоз инсон, ҳазрат Усмонхон Алимов ҳақида ҳикоя сўзладим. Мақсад, ўсиб келаётган авлод бундан ибрат олса, тўғри хулоса чиқарса – иймонли, эьтиқодли, яхшиликлар ортидан қувадиган авлод бўлиб улғайишига миттигина ҳисса қўшиш эди – ниятларимизга етказгай, иншаалллоҳ!
 


Дилмурод Қўшоқов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

03.03.2025   12954   4 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳидоят элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мавжудотлар ичида Аллоҳни энг кўп билувчи ва Унинг буйруқларини бажо келтиришда энг пешқадами бўлганлар. У зот Аллоҳга бандалик қилиш поғонасидан шу даражада юқори кўтарилганки, бу мақомнинг энг чўққисигача етиб, ҳеч қайси мавжудот етиб бора олмаган мартаба ва манзилларни забт этганлар. Яъни, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилган.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу даражада бўлишларига қарамасдан тунларини ибодат билан ўтказар, ҳатто намозда кўп тик турганларидан оёқлари шишиб кетар эди. Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳолатдан ажабланар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса мулойимлик билан: «Шукр қилувчи банда бўлишни ёқтираман-да!» дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғиларида қўрқинч, дуоларида эса мусибатли инсонларнинг ўтинчлари каби эди.

Абдуллоҳ ибн аш Шахир розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай деган: «Мен Расулуллоҳнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. У зотнинг кўкрагидан тегирмон тошининг шовқинига ўхшаш йиғи шовқини эшитилиб турар эди» (Имом Абу Довуд ривояти, 904-ҳадис. Бу саҳиҳ ҳадис).

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ҳайратланарли ҳолатлари ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, менга рухсат беринг, Роббимга ибодат қиламан», дедилар. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен сизга яқин (сиз билан бирга) бўлишни ёқтираман ва сизни хурсанд қилган нарсани яхши кўраман», дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, таҳорат олдилар, сўнг намоз ўқишга киришдилар. У зот тўхтамай йиғладилар, ҳатто этаклари ҳўл бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто соқоллари нам бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто ер ҳам нам бўлиб кетди. Шунда Билол намозга чақириш учун келди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаб турганларини кўриб: «Ё Расулуллоҳ! Нима учун йиғлаяпсиз? Ахир, Аллоҳ Сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!», деди. Шунда Расулуллоҳ: «Шукр қилувчи банда бўлмайми?! Зеро, бу кеча менга бир оят нозил бўлди. Бу оятни ўқиб, уни тафаккур қилмаганга вайл бўлсин!», дедилар ва оятни ўқидилар: Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).

Ибн Ҳиббон ривояти, исноди Имом Муслим шартига кўра.

Эй тавфиқли дўстим! Бу Аллоҳнинг амрини бажо келтиришнинг энг комил кўринишидир. Одам фарзандининг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иллиййинда эканликларини аниқ билсалар-да, бор кучлари ва токати билан Аллоҳнинг розилиги учун ҳаракат қилар, шунчалар умидсиз бўлар, муҳаббат, хавф ва ражони шу қадар гўзал тарзда жамлар эдилар!

Биз-чи?! Биз ибодатларга бепарво бўлиб, кўплаб гуноҳларни содир этамиз ёки шу гуноҳлар атрофида айланиб юрамиз, Аллоҳга бўлган тавозелик ва итоатимиз кам ва заиф ҳолда ҳаёт кечирамиз. Ҳатто ғафлат зулматига ғарқ бўлиб ҳам, Аллоҳнинг мағфиратини умид қиламиз, ўзимизни Унинг макридан омонда деб ўйлаймиз. Ҳатто айрим ҳолатларда шунчалик хатокорлигимизни унутиб, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқмаймиз, балки ўзимизни худди жаннатий одамдек тутамиз!

Бизнинг бу ҳолатимиз билан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари орасида тупроқ билан сурайё юлдузича - ер билан осмонча фарқ бор.

Ё Аллоҳ! Ё Маннон! Ё Карим! Бизларга лутф қил! Бизларни афв эт!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги Аллоҳ билан бирга бўлиш ҳолатлари барча мусулмонларга абадий ўрнак бўла оладиган даражада мукаммал бўлган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда»
китоби асосида тайёрланди

Рамазон