Эфиопия ҳукумати Дажла вилоятидаги кўҳна Ал-Нежаши масжидини тиклашга ваъда берди, хабар бермоқда Anadolu агентлиги. Қадимий масжид ҳисобланган Ал-Нежаши ҳудудида VII асрда Эфиопияга келган Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг қабрлари бор. Улар мушриклардан қутулиш учун Саудия Арабистонидан қочиб кетишган.
Islam.ru маълумотларига кўра, Ал-Нежаши энг ҳурматли жойлардан бири ҳисобланади. Бино Тиграйдаги можаро, ўтган йилнинг ноябрида халқ Озодлик фронти (TPLF) федерал кучларга қарши исён кўтарган пайтида шикастланган. Эфиопия ҳукумати масжидга етказилган зарарнинг даражасини баҳолаш учун у ерга техник жамоа йўлга тушганини маълум қилди.
Эфиопия маданий меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича идораси директорининг ўринбосари сўзларига кўра, тез орада қайта тиклаш ишлари бошланади. Ҳарбийларнинг ушбу ҳаракатларини куфрлик деб атаган Ал-Нежаши имомларининг норозилигига қарамай, TPLF масжид ҳудудида хандақ қазилгани маълум бўлди.
"Красная Весна" ахборот агентлигининг хабар беришича, жанговар ҳаракатлар пайтида масжид яқинида жойлашган христианларнинг Эмануэль черкови ҳам зарар кўрган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.