Хабарингиз бор, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири, тажвид устози ва ижоза соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматов онлайн-тажвид дарсларини янги шакл ва инновацион услубда олиб бормоқда.
Ушбу онлайн-машғулотлар биринчи қисмида мухлисларга Қуръони карим оятларини ўқиш қоидалари ўргатилиб, сўнг жонли эфир вақтида телефон орқали ўқувчиларнинг қироати текширилмоқда.
Кейинги пайтда онлайн-тажвид дарсларининг амалий қисмида юртдошларимиздан кўплаб телефон қўнғироқлар бўлаётгани сабаб уларнинг барчасига жавоб бериш имкони бўлмаяпти. Шу боис онлайн-тажвид дарсларига қўшимча тарзда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни амалий машғулот ўтказиш йўлга қўйилмоқда. Машғулотларни Тошкент Ислом институтининг қироат устозлари олиб боради.
Бугун, 7 январь, пайшанба куни, соат 14:00 да (Тошкент вақти билан) онлайн-тажвид дарсларининг амалий машғулотларини қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!
Ўз қироатларини текширмоқчи бўлганлар жонли эфир вақтида 97- 760-70-49 рақамли телефонга қўнғироқ қилишлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу кунларда Иордания пойтахти Амман шаҳрида Иордания вақф ва ислом муқаддасотлари ишлари вазирлиги томонидан Ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик экани ва уни ҳар қандай зўравонлик, куч ишлатиш, тоқатсизлик кабиларга қарши эканини ўз ичига олувчи «Амман рисоласи» нинг моҳиятига бағишланган 45 илмий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Иордания вақф вазири Холилий, Иорданиядаги Қирол Абдуллоҳ II номидаги даъватчилар тайёрлаш, малакасини ошириш институти ректори доктор Абдуссатор, Иордания бош муфтийси Аҳмад Ҳасанот, Иордания қироллик ҳузуридаги Қуддус ишлари қўмитаси аъзоси доктор Муҳаммад Сидр ва бошқалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саййиджамол домла Масайитов ўз маъруза ва суҳбатлари билан иштирок этмоқда.