Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли устоз, одамлар кўп тўпланадиган жойларда тижорат мақсадида ҳожатхона очса бўладими? Ундан тушган пулнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ва алайкум ассалом. Аввало, сизга жуда муҳим масалалардан бирини кўтарганингиз учун алоҳида ташаккур билдирамиз. Чиндан ҳам, бугунги кунда инсонлар учун ҳожатхона қуриб, ишга тушириш ҳаёт заруратларидан бирига айланди. Бу иш савобли амал бўлиш билан бирга, атроф-муҳит тозалигига ҳам ҳисса қўшиш бўлади. Шу боис имконияти бор кишилар бу ишни қилиши керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан бир дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишининг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унга дунёю охиратда енгиллик беради...”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу хайрли ишни қилган одам қанчадан-қанча инсонларга қулайлик яратади. Айниқса, бу масалада аёлларга ёрдам бериш жуда катта ноқулайликдан халос этиши айни ҳақиқатдир.
Масаланинг яна бир энг муҳим жиҳати, жуда кўп одамлар барча шароитларга эга бўлган ҳожатхоналар борлиги сабаб сафар ёки муқимликда кундалик ибодатларини қазо қилмай адо этишга муваффақ бўлишмоқда. Демак, ибодат қилишга шароит пайдо қилаётганлар кўплаб инсонларнинг ибодати савобига шерик бўлишмоқда.
Ушбу хайрли иш инсонлар учун биринчи даражали заруратлардан бўлгани учун сармояси бор юртдошларимизга қуйидаги маслаҳатни берамиз: Инсонлар гавжум жойларда барча қулайликлари (иссиқ ва совуқ сув, таҳорат олиш имконияти) бор ҳожатхона қуриб, унга зарур бўлган ходим бириктирсин. Унинг эҳтиёжига яраша ойлик ва ҳожатхона фаолияти учун зарур воситалар (қоғоз ва бошқа нарсалар, коммунал тўлов ва таъмир ишлари) миқдорига яраша нарх қўйиб ишга туширса, динимизда тўхтовсиз савоби етиб турадиган амаллардан бирини қилган бўлади. Валлоҳу аълам.
Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси.
Савол: Маҳалламиздаги қабристонда мевали дарахтлар бор. Уларнинг мевалари пишган пайтда, кўпчилик қатори биз ҳам кириб еб турамиз. Баъзилар бу иш жоиз эмас деб қолишди. Шунга динимизда нима дейилган?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳақида Бурҳониддин ибн Моза роҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилганлар: "Қабристондаги дарахтларнинг ҳукми иккига бўлинади:
1. Улар ер қабристонга айлантирилишидан олдин экилган бўлиши мумкин;
2. Улар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлиши мумкин. Агар дарахтлар ер қабристон қилинишидан олдин экилган бўлса, эккан одамнинг мулки бўлади. Шунинг учун, дарахтларнинг эгаси тирик бўлса, унинг розилиги билан ёки ундан сотиб олиб, кейин истеъмол қилиш жоиз бўлади. Агар дарахтларнинг эгаси улардан одамлар ейишларини мубоҳ қилган (рухсат берган) бўлса, у ҳолда сўрамасдан ейиш ҳам жоиз бўлади. Аммо эгасининг нияти маълум бўлмаса ёки эгаси вафот этган бўлса ва нима мақсадда эккани номаълум бўлса, у ҳолда улардан ейиш жоиз бўлмайди. Агар дарахтлар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлса, ушбу ҳолатда ҳам, улар эгасининг мулки ҳисобланади.
Шунга кўра, бунда ҳам эгасининг ниятига боғлиқ бўлади. Агар эгаси маълум бўлмаса ёки унинг нияти маълум бўлмаса, у ҳолда улар қабристоннинг мулки бўлгани учун, уларни сотиб, пулини қабристоннинг эҳтиёжлари ва таъмири учун ишлатилади” (“Муҳийт”).
Демак, қабристондаги меваларни ейиш ёки бошқа экинларни олиш, уларни эккан эгасининг ниятига боғлиқ бўлар экан. Агар бошқалар ейишлари ёки фойдаланишлари учун эккан бўлса, улардан ейиш жоиз бўлади. Аммо ўзи учун эккан бўлса, ёки нияти маълум бўлмаса, ёки ким эккани маълум бўлмаса, у ҳолда уларни пулга сотиб олиб ейиш ёки фойдаланиш жоиз бўлади холос.
Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзилар қабристондаги мевали дарахтларнинг томири маййитнинг қони ва нажосатидан озуқа олгани учун, уларни ейиш макруҳ деган даъволарни қилишади. Бунга жавобан уламолар ушбу даъво ўринсиз ҳисобланади. Чунки дарахтларнинг илдизлари гарчи нажосатдан озуқа олса ҳам, истиҳола (бир нарсани бутунлай бошқа нарсага айланиши) йўли билан бошқа моддага айланади ва уларнинг меваларини ейиш ҳеч бир макруҳликсиз жоиз ва ҳалол бўлади деганлар ("Аҳкомул-жаноиз"). Аммо шундай бўлсада, қабристонларга мевали дарахтларни экмаслик тавсия қилинади. Зеро, уларнинг томирлари қабрларни ўпирилишига олиб келиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.