2021 йил "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш" йили
Ҳар бир жамият ўзининг пойдевори-келажаги бўлмиш ёшлари ҳақида қайғуради, уларнинг илм-маърифатли бўлишида бор имкониятлардан фойдаланади. Ҳақиқатдан ҳам, илм ва таълимга, ёшларга эътибор бўлмас экан, мамлакат ва миллат таназзулга юз тутади. Илмсиз одамлар тубанлашади, жамиятлар хароб бўлади. Шундай экан, ҳар бир юрт фуқароси бу муҳим омилга бепарво бўлмаслиги зарур.
Фарзандлар тарбияси ва уларнинг ахлоқ-одобига ота-она масъул ва жавобгар. Агар фарзанд тарбиясини фақатгина ўқув даргоҳи ва ҳукуматга ташлаб қўйса, ота-она ҳар икки дунёда ҳам жавобгар ва гуноҳкор бўлади.
Фарзандларга тиргак, уларни қўллаб-қувватлагувчи маърифат ёрдамчиси бўлмоғимиз зарур. Бугун ота-она эртанги фаравон ҳаёт учун уларнинг олдидаги ўз бурчларини бажарсин. Фарзандларнинг ахлоқи борасида бугун эътиборни кучайтирмоқлик жуда муҳим эканлигини ҳаёт кўрсатиб турибди. Улуғлардан: "Олдин илм олинадими ёки одобми?" деб сўраганларида, улар: "Одоб", деб жавоб берганлар.
Фарзандларнинг юриш туриши, ғанимат умрини одоб-ахлоққа ва илм-маърифатга йўналтирмоғимиз муҳим. Бу йўлда устоз ва муаллимлар, ота-оналар ва давлат миқёсида бирлашиб ҳамжиҳатликда ишлар олиб борилса, иншааллоҳ эртанги кун эгалари бизлар ният қилгандек бўлиб камол топажаклар.
Гўзал ахлоқли бўлиб улғайган фарзанд илмга ва ҳунарга ҳам эътиборли, вақтини ғанимат биладиган, умрини, ёшлигини омонат эканини англаб етади.
"Адибус-соний" китобида тарбия хақида шундай сўз кетади: "Тарбияли бола улуғларни ҳурмат ва иззат қилур. Ўзи баробариға яхши муомала қилур ва ўзидан кичикларга шафқат ва марҳамат қилур. Ўзидан рози қилмоққа ҳаракат қилур. Қўлидан келганича бошқа инсонларга ёрдам қилур. Инсонлиққа ярашган ишлардан ўзини тортмас. Ярашмаған ишларнинг яқиниға бормас. Ўзи билмайдирғон ва қўлидан келмайдирғон ишларга аралашмас. Ҳар сўзни вақтиға ва жойига қараб сўзлар. Ўзлариға ва бошқаларға фойдаси тегмайдирғон ишларға қадам қўймас. Тарбиясиз ёмон болаларга қўшулмас. Ота ва онаси, муаллимининг сўзларидан чиқмас. Бировдан яхшилик кўрса эсидан чиқармас. "Миллат" деган сўзни жонидан ортиқ суяр... "
Фарзандларимизни улуғ аждодларимиз қолдирган илмий хазиналар билан камол топтирсак, иншааллоҳ муродимизга етамиз. Юртбошимизнинг боболаримиз қолдирган бебаҳо илмий мерослари ҳақида такрор-такрор гапириши бежиз эмас. У илмий меросларда ҳам Қуръон, ҳам суннат таълимотлари, яна дунёвий илмлар тараққиёти мусажжам.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни салоҳиятли, ватанига, халқига муҳаббатли авлодлар бўлиб камол топмоғини насиб айласин.
Абдураҳмон АРТИҚОВ,
Андижон шаҳар "Уйғур" жоме масжиди имом-хатиби.
Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.
Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.
Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.
Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.
Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.