Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Содиқ Бадак: Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида юксак салоҳиятга эга

04.01.2021   1431   3 min.
Содиқ Бадак: Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида юксак салоҳиятга эга

Туркиядаги бизнес ҳамжамияти вакиллари, жумладан, туризм соҳаси мутахассислари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатини катта эътибор билан кузатиб борди ва пандемия ва пандемиядан кейинги давр шароитида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини катта иштиёқ билан қабул қилди.
Бу ҳақда Туркиядаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси аъзоси, туризм бўйича халқаро мутахассис, Туркия Миллий Ассамблеясининг собиқ депутати-Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг хорижий маслаҳатчиси Содиқ Бадак маълум қилди.
- Ўзбекистон раҳбари жаҳон пандемияси бутун инсоният, жумладан, туризм соҳаси вакиллари учун кутилмаган ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарганини жуда ҳақли равишда қайд этди. Ўтган 2020 йил мамлакатларимизда стратегик аҳамиятга эга бўлган ушбу соҳа учун мисли кўрилмаган синов бўлди", - дейди Содиқ Бадак. - Ўзбекистон туризм соҳасини кенг кўламда ривожлантириш бўйича ўзига хос дастурни тақдим этгани жуда мақтовга сазовор, дунёнинг аксарият мамлакатларида эса менежерлар фақат пандемия қаршисида бу соҳанинг яшаши ҳақида ўйлашади. Шундай қилиб, қардош Ўзбекистон 2021 йилда туризм инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида бир қатор муҳим лойиҳаларни ишга туширади.
Хусусан, келаси йили иккита тезюрар поезд ишга туширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Бухоро-Урганч-Хива темир йўлини электрлаштириш бошланади. Хусусий сектор эътиборини жалб етиш орқали жойларда, айниқса, қишлоқ ва туман марказлари ўртасида автобус йўналишлари сони кўпайтирилади. Тошкентда ер усти метроси қурилишининг иккинчи босқичи якунланиб, 12 километрик бўлаги ишга туширилади. Натижада ер ости ва ер усти метро линиялари бир-бирига уланиб, ягона тизимни ташкил этади.
Ҳудудларни ободонлаштириш ва сайёҳлик жойлари атрофида сув ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун бюджетдан 1 триллион сўм маблағ ажратилади. Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг барча жойларидан пойтахтга, йирик шаҳарларга ва сайёҳлик марказларига тез етиб борадиган ўзаро боғланган транспорт тармоғини яратиш муҳимлигини таъкидлади. Шунга асосланиб, ҳукуматга келаси йилнинг 1 мартидан туристик маршрутларда ички рейсларни очиш ва авиачипталар қиймати учун бюджетдан қисман қоплаш тизимини жорий этиш топширилди. Бундан ташқари, минтақавий аэропортлар бир қатор давлат-хусусий шериклик қисми сифатида аутсорсингга берилади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, давлат раҳбари яқин келажакда мамлакатда зиёрат ва ички туризмнинг устуворлигини жуда ҳақли равишда таъкидлади. Дарҳақиқат, пандемия ва халқаро миқёсда турли чекловларни жорий этиш контекстида бу қийин соҳада ҳақиқатда "ўсиш нуқтаси" сифатида бўлиши мумкин бўлган саёҳат турларидир.
Соҳа мутахассислари Президент томонидан белгиланган устувор вазифаларга тўла рози бўлиб, туризмни ривожлантиришда жаҳон миқёсидаги рақобатда Ўзбекистон учун қиёсий устунликка эга, деб ҳисоблайдилар. Хусусан, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг бой мероси, қадимий меъморчилик, бой маданияти, амалий санъат ва миллий ошхонаси билан бир қаторда Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида ҳам юксак салоҳиятга эга. Шу боис мазкур йўналиш коронавирус пандемияси шароитида туризм соҳасининг жадал тикланишида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Нархни Аллоҳ белгилайди

18.06.2025   1911   6 min.
Нархни Аллоҳ белгилайди

Мазкур мақолада ислом фиқҳи нуқтаи назаридан бозордаги нархларни сунъий равишда белгиллаш, товарларни ушлаб туриш орқали нархни кўтариш (иҳтикор) амалиёти шариатда қандай баҳоланишига оид масалалар таҳлил қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва саҳобалар ривоятлари асосида нарх белгилаш ва эҳтикорнинг шариатдаги ҳукми, ижтимоий оқибатлари ҳамда замонавий хатарлари очиб берилган.

Ислом иқтисодий тизими адолат, ўзаро розилик ва зулмсиз муомала асосига қурилган. Бозор иқтисодиётида муҳим тушунчалардан бири – нарх белгилаш ҳуқуқидир. Шариатда бу масала шунчаки иқтисодий восита эмас, балки ахлоқий ва илоҳий қоида билан чамбарчас боғланган. Нархни сунъий равишда чегаралаш ёки тижорат молини ушлаб туриб нархни кўтариш – шариатда қораланган ишлардан ҳисобланади. Бу мақолада мазкур ҳолатларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносабати, уламолар фатволари ва ижтимоий оқибатлари таҳлил этилади.

«Нархни чегаралаш» деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади.

«Иҳтикор» деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Одамлар: "Ё Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди бизга нархни белгилаб беринг" дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳнинг ўзи нархни белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм, даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбаро бўлишни хоҳлайман" дедилар (Сунан эгалари ривоят қилдилар).

Қимматчилик кўпчиликни ташвишга солиб қўяди. Чунки бу ҳолат барчага зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма бу ҳолатдан чиқиш йўлини истайди. Энг осон, энг содда ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб, кўринади. Нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилганларида ҳам маъқул кўрмадилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир нарсага юзаки қарамасдилар.

Нархни чегаралаш вақтинча фойда бергани билан алдамчиликдир, кейин эса зарар бўлиши турган гап. Сўнгра тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл юртга бошқа томондан ризқ келишини маън қилади. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча бой давлатлар хонавайрон бўлади. Фақирилк ва мискинликка рўбарў бўлади.

Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархда сотса, яхши бўлади. Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб, хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.

Яхши ва сифатли нарсанинг нархи баланд бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарсанинг нархи эса паст бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга урингандан кейин юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.

Муаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир", дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

«Иҳтикор» луғатда ушлаб туриш маъносини англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархини ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «иҳтикор» деб айтилади.

Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсанинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.

Биринчиси мутлоқ мумкин эмас десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас деганлар. Иҳтикор ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.

Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким таомни 40 кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ у Аллоҳдан воз кечган ва Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар", деганлар.

Баъзилар шу ҳадисга суяниб эҳтикор фақат таомда бўлади дейдилар. Лекин жумҳур уламолар эҳтикор ҳақида ҳадислар кўп, шунинг учун бу ҳадис асос бўла олмайди дейдилар.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жалб қилувчи ризқлантирилгандир, эҳтикорчи эса лаънатлангандир", деганлар.

«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш, яхши ишдир. Ким бу ишни қилса ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчилар лаънатлангандур. Чунки унга халқ муҳтож бўлиб турганди, у эса ишлаб чиқармай, бошқа юртдан олиб келмай фойда топишга уринган харомхўр кимсадир.

Имом Аҳмад Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусуломонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ўтказмоғи ҳақ бўлади", деганлар.

Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлади.

Ашуров Маҳмудхон Муҳаммад Ғулом


Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қуръони Карим. – Тошкент: Ҳилол нашриёти, 2018.
  2. Имом Муслим. Саҳиҳи Муслим. – Қоҳира: Дарул-Ҳадис, 2007.
  3. Имом Аҳмад. Муснад. – Байрут: Муассасатур-Рисола, 1995.
  4. Абу Довуд. Сунан. – Байрут: Дарул-Маориф, 2003.
  5. Ат-Термизий. Сунан. – Байрут: Дарул-Ғарб ал-Исломий, 1996.
  6. Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. Иҳё Улумиддин. – Қоҳира: Дарул-Қалам, 1993.
  7. Табароний. Муъжам ал-Кабир. – Байрут: Дарул-Фикр, 1984.