Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Август, 2025   |   9 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:31
Шом
19:42
Хуфтон
21:07
Bismillah
03 Август, 2025, 9 Сафар, 1447

Мусулмон киши меҳрибон ва мурувватли бўлади

31.12.2020   2541   5 min.
Мусулмон киши меҳрибон ва мурувватли бўлади

Хайр-саховатнинг барча кўриниши, хоҳ у фарз, хоҳ нафл бўлсин, барчаси гуноҳлар ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Бугун юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват, саховат қўллари узатилмоқда, беморларга ҳар томонлама ёрдам берилмоқда. Шунингдек, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саҳоват уйларига моддий ва маънавий кўмаклар кўрсатилмоқда.

Яхшилик, меҳр-оқибат, силаи-раҳм ва хайр-саховат каби фазилатлар инсонга зийнат бўлади. Бундай олийжаноб киши эл-юртининг оғирини енгил қилади. Аслида бундай  фазилатлар халқимизнинг азалий хулқ-атвори, ота-боболаримиз жасорати, ҳиммати ва иймон-эътиқодида мужассам. Ушбу умуминсоний қадриятлар Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида кўп бора таъкидланган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур. Ким бир ёмонлик қилса, унга фақат қилинганига яраша жазо бўлур. Ва уларга зулм қилинмас” (Анъом сураси, 160-оят); Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир(Бақара сураси, 271-оят).

Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал, дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона ва ҳеч ҳам манфаат келмайдиган одамга ўзидан орттириб нарса беради.  

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)”, дедилар» (Имом Термизий ривояти). Хайру эҳсон қилиш, саҳоватли бўлиш орқали иймонимиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўларканмиз.  

Абу Кабша Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учрасаю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, дедилар.

Ади ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайсингиз яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, юзини дўзах оловидан асрашга қодир бўлса, шу ишни қилсин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Киши эҳсонини ота-онадан бошлайди. Сўнг қариндош-уруғ, меҳр-мурувватга муҳтож бўлган етим, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир”; “Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз”, дедилар ва кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар». Бошқа бир ҳадисда: “Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифлардан ҳар бир мусулмон ўзининг атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлади, деган фикр келиб чиқади.  

Аллоҳ таоло эҳсон ва садақани, аввало, қариндош, мискин ва йўловчиларга қилишни буюрган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26 оят). 

Исломда инсонийлик юқори қадрланади. Бу ҳамма халқларнинг умуминсоний мулки ҳисобланади. Мусулмон одам ота-онаси, фарзандлари, қўни-қўшниларига ғамхўрлик қилади, кўмакка муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатади.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни яратган, шунинг учун мусулмон киши табиат ва ҳар қандай жонзот олдида ўзини масъулиятли ҳис қилади. Ислом эътиқоди мусулмон қалбида яхши ишларни қилиш туйғусини пайдо қилади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) атоэтур” (Нисо сураси, 40-ояти).

Киши яхшилик қилган инсонга яхшилик қилса – вафодорлик, яхшилик қилмаганга қилса – саховатдир. Агар ёмонлик қилган кишига яхшилик қилиш – айни мусулмонлик қилган бўлади.  

Аллоҳ таоло барчамизни яқинларимиз, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадам бўлишимизни, қиладиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлардан бўлишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин, Ватанимизни турли самовий ва аърозий бало-қазолардан асрасин, беморларга Ўзи шифои комил берсин!  

Разов Бахраматдин,

Нукус «Имом эшон Муҳаммад» жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар

01.08.2025   3954   1 min.
“Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар

Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.


“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.


“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.


“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.


“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.


“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.


“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.


“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.


“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.


Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат деди.
 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ