Бугун, 30 декабрь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Сўнгги йилларда халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, улуғ алломаларимизнинг илмий меросини асраб-авайлаш, ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, 2017 йили муҳтарам Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинган эди. Қарорга мувофиқ, турли давлатларда сақланаётган қадимий ноёб қўлёзмалар, чет эл фондларидаги мавжуд асарлар нусхаларини айирбошлаш ёки олиш ҳисобидан Ўзбекистондаги қўлёзма ва ёзма манбалар фондларини бойитиб бориш белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақлаш ва таъмирлаш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари ҳам белгиланган.
Дин ишлари бўйича қўмита раислари кутубхонадаги ноёб китоблар ва уларнинг сақланиш шароитлари, шунингдек реставрация ва каталоглаштиришга оид янги лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Кутубхона ходимлари билан бўлиб ўтган самимий суҳбатда Абдуғаффор Аҳмедов олиб борилаётган ишлар ҳақида ижобий фикрлар билдириб, китобларни сақлаш ва келажак авлодга бешикаст етказиш мақсадида реставрация ишларига жиддий эътибор қаратиш шу билан бирга кутубхона ходимларининг малакасини оширишга доир фикр-мулоҳазалар билдириб ўтдилар.
Кутубхона мутахассисларига қадимий қўлёзмалар ва бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш борасида улкан муваффақиятлар тиланди.
С.Икрамов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кутубхонаси етакчи мутахассиси
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар.
Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.
Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати