САВОЛ: «Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида тасбеҳ бўлмаган, тасбеҳ кейинчалик қўлланган «бидъат» дейишади. Шунга нима дейсиз?»
Жавоб: Тасбеҳ – бидъат эмас. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам тасбеҳ бор эди. Хурмо данакларидан, майда тошчалардан тасбеҳ ўрнида фойдаланишарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир ипни бир-бирига тугиб чиққанлар. У кишининг икки минг тугунли тасбеҳлари бор эди? Тасбеҳни бидъат дейиш нотўғри, чунки, динда бўлмаган нарсаларга бидъат, яъни, янгилик дейилади!
Юқорида айтилган хурмо данаклари, майда тошчалар, ип тугунлари саҳобаи киромлар томонидан тасбеҳларни ва зикрларни санаш мақсадида фойдаланган воситалардир.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам бармоқ билан санаганлар. Бу ҳам бир тасбеҳ. Ўн тўрт бўғин ўнг қўлда, ўн тўрт бўғин чап қўлда, жами 28 бўғин. Бунга 5 ни қўшсак, 33 та бўлади, аммо 100 гача, 1000 гача бармоқлар билан санашда адашасиз. Шунинг учун тасбеҳлардан фойдаланасиз.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога «ҳар куни 100 марта «Лаа илоҳа иллаллоҳ» дегин» деб айтганлар. Умматларига «ҳар куни 100 марта «астағфируллоҳ» ни айтинглар, мен ҳам айтаман», – деганлар.
Энди бу 100 мартани адаштирмаслик учун инсоннинг имконида 100 бўғинли бир нарсанинг бўлишига нима зарурият бор? Зарурият шуки, бу суннат амалнинг гўзал бир шаклда бажарилиши учун воситадир. Етмиш тўққиз, саксон... деб саноғу ҳисобга машғул бўлмасдан тасбеҳ билан санасангиз, диққатингиз кўпроқ зикрда бўлади? Ҳисобда адашмайин десанг фикринг чалғийди. Бутун диққат-эътиборни зикрга беришда тасбеҳнинг бизга фойдаси кўп. Шу сабабли ҳам тасбеҳ – бидъат эмас.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا العباس الدوري نا أحمد بن حنبل نا عبد الرزاق أنا معمر عن منصور عن أبي وائل عن عبد الله بن مسعود أن رجلا قال: يا رسول الله كيف لي أن أعلم إذا أحسنت وإذا أسأت قال: ” إذا سمعت جيرانك يقولون: إنك قد أحسنت فقد أحسنت وإذا سمعتهم يقولون: إنك قد أسأت فقد أسأت.“
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир киши бундай дебди: “Ё Аллоҳнинг Расули, яхшилик ёки ёмонлик қилганимни қаердан биламан?” деди.
У зот алайҳиссалом: “Қачон қўшниларингдан яхши иш қилдинг, деганини эшитсанг, демак, яхши иш қилибсан. Агар қўшниларингдан ёмонлик қилдинг, деганини эшитсанг, демак, ёмон иш қилган бўласан”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси