frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Тасбеҳ ишлатиш бидъатми?

30.12.2020   6693   1 min.
Тасбеҳ ишлатиш бидъатми?

САВОЛ: «Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида тасбеҳ бўлмаган, тасбеҳ кейинчалик қўлланган «бидъат» дейишади. Шунга нима дейсиз?»

Жавоб: Тасбеҳ – бидъат эмас. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам тасбеҳ бор эди. Хурмо данакларидан, майда тошчалардан тасбеҳ ўрнида фойдаланишарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир ипни бир-бирига тугиб чиққанлар. У кишининг икки минг тугунли тасбеҳлари бор эди? Тасбеҳни бидъат дейиш  нотўғри, чунки, динда бўлмаган нарсаларга бидъат, яъни, янгилик дейилади!

Юқорида айтилган хурмо данаклари, майда тошчалар, ип тугунлари саҳобаи киромлар томонидан тасбеҳларни ва зикрларни санаш мақсадида фойдаланган воситалардир.

Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам бармоқ билан санаганлар.  Бу ҳам бир тасбеҳ. Ўн тўрт бўғин ўнг қўлда, ўн тўрт бўғин чап қўлда, жами 28 бўғин. Бунга 5 ни қўшсак, 33 та бўлади, аммо 100 гача, 1000 гача бармоқлар билан санашда адашасиз. Шунинг учун тасбеҳлардан фойдаланасиз.

Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога «ҳар куни 100 марта «Лаа илоҳа иллаллоҳ» дегин» деб айтганлар. Умматларига «ҳар куни 100 марта «астағфируллоҳ» ни айтинглар, мен ҳам айтаман», – деганлар.

Энди бу 100 мартани адаштирмаслик учун инсоннинг имконида 100 бўғинли бир нарсанинг бўлишига нима зарурият бор? Зарурият шуки, бу суннат амалнинг гўзал бир шаклда бажарилиши учун воситадир. Етмиш тўққиз, саксон... деб саноғу ҳисобга машғул бўлмасдан тасбеҳ билан санасангиз, диққатингиз кўпроқ зикрда бўлади? Ҳисобда адашмайин десанг фикринг чалғийди. Бутун диққат-эътиборни зикрга беришда тасбеҳнинг бизга фойдаси кўп. Шу сабабли ҳам тасбеҳ – бидъат эмас.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   1662   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари