Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида дунёдаги энг йирик академиялардан бири ҳисобланган Қуръон Академияси очилди. Бу ҳақда islam.ru нашрига асосланиб islam.uz хабар берди.
Академиянинг очилиш маросимида Шаржа Олий Кенгаши аъзоси ва шайх Султон бин Муҳаммад Ал Қосимий иштирок этди.
Бино майдони 75000 квадрат метр бўлиб, 34 гумбазли саккиз қиррали юлдуз шаклида қурилган. Бу ерда еттита тарихий музей фойдаланишга топширилди.
Ҳозирда музейда Қуръони Каримнинг 308 нусхаси ва археологик қўлёзмалар намойиш этилмоқда. Шунингдек, тахминан ҳижрий 970 йилда Муқаддас Каъбани ёпиб қўйишда фойдаланилган қора мато бўлган энг қадимий кисва ва бошқа қизиқарли асарлар бор.
Тадбирда сўзга чиққан Шаржа Олий Кенгаши аъзоси аҳолини Қуръон Академиясига ташриф буюришларини ва муқаддас битикларнинг барча гўзалликларидан баҳраманд бўлишларини таклиф этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати