Илгарироқ “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 25 – 30 декабрь кунлари хайрия тадбирлари ўтказилиши режалаштирилганлиги ҳақида хабар бергандик. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш, қалбларга илиқлик улашишдан иборатдир.
Бугун Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 14-сонли ҳамда Чирчиқ шаҳридаги 15-сонли Меҳрибонлик уйларида ана шундай хайрия тадбирларининг дастлабкиси бўлиб ўтди. Унда 250 дан ортиқ тарбияланувчилар учун карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда дастурхон тузалди ва қўй сўйилиб, ош улашилди. Шунингдек, болажонлар учун жами 6 та телевизор ҳадя қилинди. Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов, Бўка тумани бош имом-хатиби Бахриддин домла Шарипов, Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Алижон домла Абраев иштирок этиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу хайрия тадбирлари 30 декабрга қадар давом этади.
#kun_hikmati
Шайх Муҳаммад Сиддиқ ибн Ҳасан Қиннавжий илмнинг лаззати ҳақида қуйидаги сўзларни айтган:
"Шуни билингки, бир нарсанинг шарафи ё айни ўзида бўлади ёки унинг натижасида келиб чиқади. Илмда эса бу икки ҳолатдаги шараф ҳам мавжуд. Чунки илмнинг айнан ўзи лаззатли, шунинг учун ҳам унинг ўзи талаб қилинади ва яна унинг натижаси ҳам шириндир. Айни шу натижа учун ҳам илм ўрганилиши мумкин".
#ilm #lazzat #izlanish
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати