Аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан хайрия тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Хайрия тадбирлари 2020 йил 25-30 декабрда (6 кун) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман/шаҳарларида ўтказилади.
Республиканинг 360 та мўътабар зиёратгоҳ ва қадамжоларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, туман/шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида қурбонлик маросимлари ташкил этилади. Қурбонлик сўнггида Қуръони карим тиловат қилинади ҳамда юртимизнинг тинчлилиги, осойишталиги ва тараққиёти, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинади.
Республикамизнинг барча — 2 079 та масжидида 6 кун давомида ҳуфтон намозидан кейин жами 12 480 та Қуръони карим хатми амалга оширилади.
Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги зиёратгоҳларда ҳам Қуръони каримнинг хатми адо этилиб, офатдан зарар кўрган ватандошларимиз ҳақига эзгу дуолар қилинади.
Шунингдек, хайрия тадбирлари якунида юртимиздаги қадимий анъанага мувофиқ Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» китоби иқтидорли имомлар томонидан хатм қилинади. Ушбу маросимнинг якуни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов томонидан Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилади.
Уламолар, имом-хатиблар Қуръони карим ва «Саҳиҳи Бухорий» китобларининг хатми якунида юртимизга тинчлик, хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, янги йилда мамлакатимизнинг янада тараққий этишини сўраб дуо ва илтижолар қиладилар.
«Вақф» фонди томонидан ҳар бир маҳаллада муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами тарқатилади. Имом-хатиблар «Вақф» фондининг ҳудудий вакиллари билан ҳамкорликда муҳтож хонадонларга кириб бориб, хайрияни тарқатади.
Жойлардаги «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида ош дастурхонлари ташкил этилиб, маиший техника воситалари тарқатилади. Хайрия тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Бандаларим ичида шукр қилувчилари оздир”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятида инсонни “кафур” яъни неъматларни эътироф этмайдиган, ношукр, деб атаган.
Куфрнинг асл маъноси ҳам шу, шукрнинг зидди. Шукр бу неъматларни эътироф йўлига кўра зоҳир қилиш бўлса, куфр уларни яшириш, тан олмаслик ва инкор қилишдир.
Дарҳақиқат, инсон ўзидаги умрбод шукр ҳисси билан яшашни тақозо қилувчи кўплаб неъматларни кўрмайди. Нигоҳини мудом ўзидан бойроқ, ўзидан чиройлироқ, ўзидан соғломроқ кишиларга қаратиб, ўз қалбини маҳзунликка тўлдиради. Ҳолбуки, аввалги неъматларнинг шукри адо этилмаган ёки ярим ямалоқ тарзда адо этилган, аввалги соғломлик даврида саломатлигининг қадрига етиб, бунинг учун бахтиёрлик ва шукроналик ҳиссини туймаган эди.
Нафс ўзгаларга боқар экан, ўз эътиборини уларга насиб бўлган неъматларга қаратади. Улар дучор бўлган мусибатлар ва ғам-ташвишларни кўрмайди. Қачонки, навбат ўзига келганда эса доим йўқотишлар ва қайғуларни кўради.
Бундай инсонга орзу қилган нарсалари бериб қўйилса ҳам шукрини адо этиши қийин. Чунки ўз кўзида кичикроқ бўлиб кўринган аммо аслида буюк бўлган неъматларни кўрмасдан келди, уларга шукр қилмади. Бундай инсон орзусидаги неъматлар ато этилганда ҳам уларни кичик кўради ва янада каттароғини орзулайди.
Шукр қилувчи банда бўлиш бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайдиган буюк ишлардандир.
Шукр бу фақат тилда “Аллоҳга шукр!” ёки “алҳамду лиллаҳ!” дейиш билан амалга ошмайди.
Тил шукри бу Аллоҳга У берган неъматлари учун ҳамд айтиш, уни ўзгалар ҳузурида ибрат маъносида зикр қилишдир.
Амал шукри эса У берган неъматлари баробарида солиҳ, эзгу амаллар қилиш, Унга тоат ва ибодатда бўлиш, У берган неъматларни Унга гуноҳ ва маъсият бўлган ишларга сарф қилмаслик, У ато этган моддий ва маънавий неъматларни эзгуликка сафарбар қилиб, Аллоҳ унга эҳсон қилгани каби у ҳам Унинг бандаларига эҳсон ва мурувват кўргузишидир.
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шукр бу – Аллоҳнинг неъмати банданинг тилида мақтов ва эътироф шаклида зоҳир бўлиши, қалбида эса шуҳуд ва муҳаббат тарзида намоён бўлиши, тана аъзоларида эса Унга итоат ва бўйсуниш ўлароқ кўринишидир” (“Мадорижуc соликийн”. 2/244).
Демак, шукр тилда, қалбда ва амалда бўлар экан.
Тил шукри мунъим (неъмат берувчи)ни мақтаб, Унга сано айтиб, Унинг неъматларини эътироф этиш билан амалга ошади.
Қалб шукри эса Аллоҳнинг буюклиги, азамати, фазлу марҳамати, лутфу иноятининг чеки йўқлиги ва Ўзининг карами ва саховати ила бандасига ато этган неъматларни қалб кўзи ила кўриб, бу ҳақда тафаккур юритиб, ўзидаги неъматларни уларнинг мунъими бўлган Зотга боғлаб, Унга қалбан миннатдорлик ва муҳаббат ҳисларини туймоқдир.
Шукрнинг ушбу икки босқичи босиб ўтилгач ўз-ўзидан учинчи босқич бўлмиш амал шукри келади. Бу марҳалага етиб келган инсон Мунъим томонидан ўзига ато этилган неъматларни У рози бўладиган эзгу ишларга сарф этади, Аллоҳ таоло унга эҳсон қилгани каби у ҳам ўзи каби бандаларга эҳсон қилади, асло-асло Қорун каби ман қилувчи бўлиб қолмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг гўзал исму сифатларидан ўз насибасини олган ҳолда Аллоҳ унга карам кўрсатгани каби у ҳам олийжаноб бўлишга интилади. Шу тариқа, у шокир ва шакур мақомига эришади.
Бу эса шукрнинг учта босқичидан сўнг эришиладиган буюк мартаба бўлиб, Аллоҳ таоло бу сифат билан Ўз пайғамбарларини васфлаган. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломни “Албатта, у шакур (кўп шукр қилувчи) банда эди” (Исро сураси, 3-оят) дея мақтов ила зикр қилган.
Шунингдек, бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандалари ичида шукр қилувчилари озлигини эслатар экан, бу сифатнинг нечоғли улуғлиги ва ҳаммага ҳам насиб бўлмайдиган, ҳамма ҳам ета олмайдиган нодир ва ноёб бир мақом эканига ишора қилади: “Бандаларим ичра шукр қилувчи бўлганлари эса оздир” (Сабаъ сураси, 13-оят).
Инсон ушбу ояти карима устида бироз тафаккур юритса, ўзи учун олам-олам маънолар эшигини очиши муқаррар.
Бу сўзлар ила Аллоҳ таоло нафақат воқеликдан хабар бермоқда балки, олийжаноб, ўзини ҳурмат қилувчи ва ҳақиқий мард бўлган бандаларини Ўзининг азалий тақдирида оз ва нодир бўлишларини ёзиб қўйган шукр қилувчи зотлар сафидан ўрин олишга ташвиқ этмоқда.
Фаросат эгалари, Аллоҳни муроқаба қилувчи, Уни яхши кўрувчи, қалбларининг энг тўридан Унга энг ардоқли жой ажратган бандалари бундай оятлар ўз ичига олган теран маъноларни англашлари ва унинг ўзларига хитоб эканининг фарқига боришлари шубҳасиз.
Шунингдек, Роббимизнинг мазкур сўзлари шукр қилувчилардан бўлиш оғир иш экани, етишиш қийин бўлган мартаба экани ҳамда Аллоҳ наздида шаъни улуғ иш эканига ҳам далолат қилади.
Агар ундай бўлмаганда эди, Аллоҳ таоло “бандаларим орасида шакур бўлганлари оздир” демаган бўларди. Агар бундай бўлмаганда эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода Аллоҳдан Ўзига шукр қилишга ёрдам беришини сўрашни васият қилмаган бўлардилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳоблари ичида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни ўзгача яхши кўрардилар, у кишига ўзгача таважжуҳ қилардилар. Уни баъзан ўз уловларига миндириб олардилар. Шунингдек, у кишидан Қуръонни ўрганишга ҳам тарғиб қилардилар.
Муоз ибн Жабал Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муқарраб бўлган саҳобийлардан эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни яхши кўришларини қасам ичиб айтганлар.
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад”да, Абу Довуд “Сунан”да Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтиришича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалнинг қўлидан тутиб “Эй Муоз! Аллоҳга қасамки, мен Сени яхши кўраман. Эй Муоз, мен сенга шуни васият қиламанки, ҳар намоз сўнгида “Аллоҳумма аъинний аъла зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика”, дейишни тарк этма!”, дедилар.
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур саҳобийга ҳар намоздан сўнг юқоридаги тартибда дуо қилишни васият қилдилар. Дуонинг мазмуни эса қуйидагича: “Аллоҳим, Сени зикр қилишга, Сенга шукр қилишга ва Сенга гўзал равишда ибодат қилишга ёрдам бер!”.
Зиё АШРАФ