Бугун, 24 декабрь куни Қашқадарё вилояти вакиллиги биносида туман ва шаҳар бош отинойилари иштирокида 2020 йилда қилинган ишлар, 2021 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ш.Карамова иштирок этди.
Йил якунига бағишланган йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов отинойиларнинг вазифалари, жумладан, хотин-қизлар ўртасида турли бидъат-хурофот ва салбий ҳолатларнинг олдини олишда отинойилар ўрни масаласи юзасидан тавсиялар берди.
Шунингдек, мамлакатимиздаги ислоҳотларга отинойилар халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш орқали фаол иштирок этиши лозимлиги, бунинг учун улар диний ва дунёвий илмларни эгаллаши, дунёдаги янгиликлардан хабардор бўлиши, тарихимизни яхши билиши, фидокор, халқпарвар бўлиш талаб этилишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 20 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этаётган Манама шаҳридаги нуфузли халқаро конференция муҳим мавзулар муҳокамаси билан давом этмоқда. "Бир уммат – муштарак тақдир" шиори остида ўтказилаётган ушбу тадбирда нотиқлар томонидан халқлар бирлигини мустаҳкамлаш ва уламолар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, турли миллат-элатлар ўртасида аҳилликни тарғиб қилиш, адоват ва фитнага йўл қўймаслик, ўзаро ҳурматни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.
Уламолар мана шундай ўзаро муқолотлар тинчлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликка эришишнинг энг самарали воситаси экани, янгидан-янги ҳамкорликларга йўл очиш, бағрикенглик ва тинчликни кенг тарғиб қилишга урғу қаратдилар. Айниқса, миллатлар орасида фитна чиқармаслик, адашган тоифаларнинг нафратни қўзғатувчи чиқишлари ва турли низоларидан сақланиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Баҳрайн Подшоҳи Шайх Ҳамад ибн Исо Ол Халифанинг анжуман иштирокчиларини қабул маросимида Муфтий ҳазратлари иштирок этдилар. Унда исломий мулоқот йўналишида ўтказилаётган конференциянинг тинчлик ва бирдамлик йўлидаги аҳамияти юқори баҳоланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари анжуман доирасида Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Карачи Ислом университети профессори, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний каби бир қатор уламо ва арбоблар билан учрашдилар.
Мулоқотлар чоғида икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган эътиборлари натижасида диний идоралар ўртасидаги муносабатлар ривожланиб, халқлар ўртасидаги биродарлик янада мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларда Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг ёйиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувларда томонлар мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжини таъминлаш, ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишларни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати