Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Феврал, 2025   |   20 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:54
Қуёш
07:13
Пешин
12:42
Аср
16:19
Шом
18:05
Хуфтон
19:18
Bismillah
19 Феврал, 2025, 20 Шаъбон, 1446

Ҳадис илми мактабида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди

24.12.2020   1329   2 min.
Ҳадис илми мактабида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди

Жорий йил 23 декабрь куни Ҳадис илми мактаби томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида халқимизга янада кенгроқ ахборот бериш мақсадида Мактабда журналист ва блогерлар учун Пресс-тур ташкил қилинди.

Пресс-тур доирасида журналистлар дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Шу ерда Муҳаддислар султони ҳаққига Қуръон тиловот қилинди. Шундан сўнг, иштирокчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Марказ директори Ш.Зиёдов муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.

Шундан сўнг журналист Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди. Мактаб ректори О.Юсупов мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими, унда ўқитиладиган фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби, мутахассислик бўйича ишлаб чиқилган ўқув режасини дунёнинг етакчи таълим муассасаларининг нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги ва ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир доирасида журналистлар Мактаб ўқитувчи ва талабалар учун қулай шарт-шароитлар сифатида бунёд этилган ёпиқ сув ҳавзаси, спорт зали, Ахборот-ресурс маркази, кафедралар, талабалар турар жойи билан яқиндан танишдилар.

Оммавий ахборот васиталари ходимларига Мактабда яратилганган шароитларни таништириш давомида Ахборот-ресурс маркази учун хориждан олиб келинган ўқув адабиётлари, ўқув жараёнларини электрон ахборот технологиялари орқали ташкил этиш, бошқариш ва мониторингини юритиш мақсадида ишлаб чиқилган электрон портал ҳақида ҳамда кафедра ўқитувчилар томонида ўқув-услубий, илмий тадқиқот йўналишларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, журналистлар дарс машғулотлари билан яқиндан танишиш мақсадида Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан жалб этилган Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмоннинг 2 курсдаги Ҳадис ва шарҳ фанидан бўлиб ўтаётган дарс жараёнига ташриф буюрдилар. Дарс машғулоти давомида журналистларга Мактабда фанларни ўқитишда қўлланилаётган ўқув методлари, ўқув жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари ва талабалар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилади.

Журналистлар ва ҳар икки илм маскани жамоаси иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.

 

Ҳадис илми мактаби

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

У қиёматгача ер қаърига кириб кетаверади...

19.02.2025   534   4 min.
У қиёматгача ер қаърига кириб кетаверади...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверди” (Имом Бухорий ривояти).

Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги  “Булис” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).

Ёшлигимизда мактабда донга тўла бошоқнинг эгилишини ўргатишган эди. Донсиз бошоқлар эса қаддини тик тутиб туришини айтишган эди.

Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ эмас, инсонлар экан!

Қуйидагини ўзингизга қоида қилиб олинг:

“Кибрланишга аслида мингта сабаби бор бўлган катта инсонларгина тавозули бўла олишади. Аслида тавозули бўлиш учун мингта сабаби бор бўлган кичик инсонларгина кибр қилишади..!”.


Кибрнинг сабаблари:

– Илм. Бундай одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санайди, ўзгалар насиҳатини қабул қилмайди;

– Насл-насаб. Мутакаббир кимса ота-боболарининг олий насаби билан фахрланади, “бундайроқ” одамларни оёқ учида кўрсатади;

– Мол-дунё. Бой одам данғиллама иморати, фаровон турмуши, қимматбаҳо кийими, машинаси билан ҳаволанади, ўзини катта олади, камбағалларга паст назар билан қарайди;

– Чирой. Бундай кимсалар ўзининг ҳуснига ишониб, “Бошқалардан устунман”, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ташқи кўриниш одамнинг ҳурматини белгилайдиган мезон эмас. Аллоҳ банданинг чиройига, кийган кийимига эмас, қалбига ва қилаётган амалига қарайди.


 Кибрнинг оқибатлари:

– мутакаббир кимса Аллоҳнинг назаридан қолади;

– кибр бандани ажр-савобдан маҳрум этади;

– кеккайган кимса ҳурмат-эътиборини йўқотади;

– бундай одамнинг ғам-андуҳдан боши чиқмайди;

– мутакаббир ҳечам хато қилмасликка зўр бериб тиришади. Агар хатога йўл қўйса, одамлар олдида обрўси тушиб кетишидан қўрқади. Бу ҳолат унга оғир руҳий босим юклайди;

– қалбида заррача кибр бор одам жаннатга кирмайди;

– манман одамнинг оқибати яхши бўлмайди;

– мутакаббир охиратда хор бўлади:

– кибр жамият ҳаётини издан чиқаради. Мутакаббирлар яшайдиган жойда руҳий-маънавий инқироз юз беради.


 Кибрнинг давоси:

– инсон, энг аввало Парвардигорини танисин, Унинг нақадар улуғлигини, ўзининг ожизлигини билсин;

– кибр қандай аянчли оқибатларга олиб боришини: мутакаббир шахс дунёда ҳам, охиратда ҳам маломатга қолишини унутмасин;

– инсон ташқи тарафга қараб хулоса чиқармасин. Балки у менсимаётган одам ундан афзалдир. Балки бойлиги камроқ, мансаб-мартабаси уникидан пастроқ кўринган инсон Аллоҳга яқиндир;

– инсон куч-қувват, бойлик, мартаба, насл-насаб ва чирой ўткинчи эканини, бу нарсалар қадр-қиймат ўлчови бўлолмаслигини яхши англаб етсин, камтарликни ўзига лозим тутсин.

Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши осмон илмини ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламаганидан сўнг айтибди:

– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…

Шунда устоз:

– Мен сенга бажонидил дарс берардим-у, лекин сен ҳузуримга келганингдаги “бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор”, деган кибр-ҳавойинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билаб тўлиб қолган экан,– деб жавоб қилибди.


Камтар бўлаверинг.

Сизни мутакаббир қиладиган мол-давлат фақирликдир.

Сизни ўзингизни катта тутишга мажбурлайдиган илм жаҳолатдир.

Сизни золим қиладиган мансаб аслида қулашдир.

Сизни туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир.

Ҳақиқий бойлик, баландлик ва илмни тавозули инсонларда топасиз!

 

Жаъфархон СУФИЕВ,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” масжиди имом-хатиби.