Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Феврал, 2025   |   23 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:50
Қуёш
07:08
Пешин
12:41
Аср
16:22
Шом
18:08
Хуфтон
19:21
Bismillah
22 Феврал, 2025, 23 Шаъбон, 1446

Даврий нашрлар тарғиботида фаол бўлган имом-хатиблар тақдирланмоқда

24.12.2020   1422   2 min.
Даврий нашрлар тарғиботида фаол бўлган имом-хатиблар тақдирланмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилликларида имом-хатиблари иштирокида 2020 йилда қилинган ишлар, ютуқ ва камчиликларга бағишланган сарҳисоб тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлар Наманган, Фарғона, Бухоро, Тошкент вилояти, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ва ходимлари, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйи вакиллари қатнашди.

Тадбирларда сўзга чиққанлар сўнги йилларда диний соҳада амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди, келгусидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтишди. Жумладан, вилоят бош имом-хатибларининг йил якуни бўйича ҳисоботлари тингланди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтаётган йиғилишларда диний-маърифий соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, масжидлар фаолиятини яхшилашда имом-хатиблар келгусида қилиши лозим бўлган ишлар кўриб чиқилиб, зарурий тавсиялар берилди.

Жумладан, имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшлар билан ишлаш, интернет ва ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатиш, Исломни аҳолига кенг етказишда фидоийлик билан хизмат қилиш каби қатор кўрсатма ва топшириқлар берилди. Пандемия сабаб юртимиздаги масжидлар фаолиятини вақтинча тўхтатгани, бу даврда имом-хатиблар хайрия ишларига урғу беришди. Ҳозирда Республикамиздаги барча масжидларда намозхонларимиз карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ибодатларини адо этаётгани таъкидланди. Сўнги йиллар янги масжидлар қуриш ва мавжудларини таъмирлаш йиллари бўлаётганини қайд этишди. Имом-хатиблар билдирган таклифлар қўллаб-қувватланди.

Тадбирлар давомида 2020 йилда фаол хизмат қилган, чуқур билими, тажрибаси, намунали хулқи, фидокорлиги билан Аллоҳнинг байтига, динимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган имом-хатиб ва ноиблар турли йўналишларда тақдирланди.

Йиғилишлар якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйида нашр этилаётган “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газеталарига аҳолини обуна қилишда фаоллик кўрсатган имом-хатибларга ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди. Имом-хатибларнинг Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида дин хизматчиси сифатида қилаётган солиҳ амаллари ҳусни қабул бўлиши, уларнинг келгусидаги фаолиятига куч-қувват сўраб, хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида нималар назарда тутилган?

21.02.2025   17327   4 min.
Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида нималар назарда тутилган?

Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.


Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, жамиятни янгилаш йўлида туб ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлади.  Мазкур эзгу амаллар диний ва миллий қадриятларимизни янада юксалтириш борасида ҳам муҳим ўрин тутмоқда. 
 

Тарихий обидалар, муборак қадамжолар ва зиёратгоҳларнинг ободонлаштирилгани, масжид ва мадрасалар фаолиятининг йўлга қуйилгани, ўзбек халқи ҳамда Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг миллий ва диний маросимлари, шунингдек, анъанавий байрамларининг ўтказилаётгани бунинг яққол далилидир.


Эътиборлиси, кейинги йилларда Ўзбекистон фуқаролари учун Ҳаж квотаси 3 баробарга оширилиб, Умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Улуғ аждодларимизнинг диний-маърифий салоҳиятини дунёга танитиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиб, ўз фаолиятларини кўрсата бошлади.

Қонун ва концепция билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари белгиланмоқда.


Ушбу ҳужжат билан белгиланаётган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда. 

Сенатор Комила Каромованинг фикрича, юртимиз аҳолиси кўп миллатли ва кўп конфессияли ҳисобланади. Яъни, 16 та конфессия мавжуд бўлиб, 130 дан ортиқ миллат ва элатлар аҳил ва тинч-тотув яшамоқда. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, юртимизда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, умуммиллий ва умуминсоний қадриятларни белгилаб олиш, ижтимоий адолат асосида тотувликда яшаш учун барқарор муҳитни таъминлаш зарур. Концепцияда айнан ушбу механизмлар белгилаб берилмоқда.  Концепциянинг яна бир муҳим томони – унда сохта диний эътиқодлар таъсири остида тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган шахсларни ижтимоийлаштиришга ҳам эътибор қаратилган. Ушбу норма инсонпарварликнинг энг олий намунаси ҳисобланади.


Фуқароларнинг шахсий диний қарашлари асосида маълум бир диннинг бошқаларига нисбатан устунлигини тарғиб қилиш, диний қоидаларни қонунчилик талабларидан юқори қўйишга йўл қўйилмайди. 


Шу боис, Концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат экани белгиланмоқда.


Концепциянинг долзарблиги шундаки, мазкур ҳужжат фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принципларини ҳамда устувор йўналишларини аниқ белгилашга, бу эса, жамиятда бу соҳада вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга, динлараро ва миллатлараро низолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.


Мажлисда концепциянинг қабул қилиниши диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга асосланган муносабатлар моделини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашишига, жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 
 

Норгул Абдураимова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида нималар назарда тутилган? Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида нималар назарда тутилган? Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида нималар назарда тутилган?