Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар» мавзусида халқаро онлайн-анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Дин ишлар бўйича қўмита маълумотига кўра, тадбирда ўзбекистонлик ҳамда хорижлик таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Жумладан, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (IСESCO) бош директори Салим ал-Малик, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Назир Муҳаммад Айяд, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳайат Синди каби таниқли олим, мутахассис ва жамоат арбоблари нутқ сўзлади.
Анжуманда сўзга чиққанлар Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ва масъулиятли вазифа эканини қайд этиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди.
Иштирокчилар глобаллашув жараёнида намоён бўлаётган мафкуравий таҳдидларга қарши кураш жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, келгусида амалга ошириладиган ишлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
— Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази дунёнинг етук мотуридийшунос олимлари, тадқиқотчиларини бирлаштирадиган, қизғин фикрлар муҳокама қилинадиган платформа бўлиб хизмат қилади, — деди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси раиси Абдуғофур Аҳмедов. — Ўз навбатида, ушбу маскан маърифий ислом ғояларини тараннум этадиган ва бунга замин яратадиган маърифа марказига айланади.
Анжуман якунида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйтча англашув меморондуми имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверди” (Имом Бухорий ривояти).
Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булис” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).
Ёшлигимизда мактабда донга тўла бошоқнинг эгилишини ўргатишган эди. Донсиз бошоқлар эса қаддини тик тутиб туришини айтишган эди.
Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ эмас, инсонлар экан!
Қуйидагини ўзингизга қоида қилиб олинг:
“Кибрланишга аслида мингта сабаби бор бўлган катта инсонларгина тавозули бўла олишади. Аслида тавозули бўлиш учун мингта сабаби бор бўлган кичик инсонларгина кибр қилишади..!”.
Кибрнинг сабаблари:
– Илм. Бундай одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санайди, ўзгалар насиҳатини қабул қилмайди;
– Насл-насаб. Мутакаббир кимса ота-боболарининг олий насаби билан фахрланади, “бундайроқ” одамларни оёқ учида кўрсатади;
– Мол-дунё. Бой одам данғиллама иморати, фаровон турмуши, қимматбаҳо кийими, машинаси билан ҳаволанади, ўзини катта олади, камбағалларга паст назар билан қарайди;
– Чирой. Бундай кимсалар ўзининг ҳуснига ишониб, “Бошқалардан устунман”, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ташқи кўриниш одамнинг ҳурматини белгилайдиган мезон эмас. Аллоҳ банданинг чиройига, кийган кийимига эмас, қалбига ва қилаётган амалига қарайди.
Кибрнинг оқибатлари:
– мутакаббир кимса Аллоҳнинг назаридан қолади;
– кибр бандани ажр-савобдан маҳрум этади;
– кеккайган кимса ҳурмат-эътиборини йўқотади;
– бундай одамнинг ғам-андуҳдан боши чиқмайди;
– мутакаббир ҳечам хато қилмасликка зўр бериб тиришади. Агар хатога йўл қўйса, одамлар олдида обрўси тушиб кетишидан қўрқади. Бу ҳолат унга оғир руҳий босим юклайди;
– қалбида заррача кибр бор одам жаннатга кирмайди;
– манман одамнинг оқибати яхши бўлмайди;
– мутакаббир охиратда хор бўлади:
– кибр жамият ҳаётини издан чиқаради. Мутакаббирлар яшайдиган жойда руҳий-маънавий инқироз юз беради.
Кибрнинг давоси:
– инсон, энг аввало Парвардигорини танисин, Унинг нақадар улуғлигини, ўзининг ожизлигини билсин;
– кибр қандай аянчли оқибатларга олиб боришини: мутакаббир шахс дунёда ҳам, охиратда ҳам маломатга қолишини унутмасин;
– инсон ташқи тарафга қараб хулоса чиқармасин. Балки у менсимаётган одам ундан афзалдир. Балки бойлиги камроқ, мансаб-мартабаси уникидан пастроқ кўринган инсон Аллоҳга яқиндир;
– инсон куч-қувват, бойлик, мартаба, насл-насаб ва чирой ўткинчи эканини, бу нарсалар қадр-қиймат ўлчови бўлолмаслигини яхши англаб етсин, камтарликни ўзига лозим тутсин.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши осмон илмини ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламаганидан сўнг айтибди:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…
Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим-у, лекин сен ҳузуримга келганингдаги “бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор”, деган кибр-ҳавойинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билаб тўлиб қолган экан,– деб жавоб қилибди.
Камтар бўлаверинг.
Сизни мутакаббир қиладиган мол-давлат фақирликдир.
Сизни ўзингизни катта тутишга мажбурлайдиган илм жаҳолатдир.
Сизни золим қиладиган мансаб аслида қулашдир.
Сизни туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир.
Ҳақиқий бойлик, баландлик ва илмни тавозули инсонларда топасиз!
Жаъфархон СУФИЕВ,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” масжиди имом-хатиби.