Ҳиндистонда бўлажак Айодҳа масжиди лойиҳаси эълон қилинди, бунинг учун расмийлар бундан 29 йил аввал вайрон бўлган Бобурий масжиди ҳудуди ўрнига участка ажратди. Олий суднинг қарори билан Айодҳадаги участка ўрнига мусулмонлар учун ажратилган ерда Дханнипур қишлоғидаги бўлажак масжиднинг биринчи тоши Ҳиндистон Республикаси кунида қўйилади.
Масжиднинг дизайн лойиҳаси Уттар-Прадеш сунний Кенгаши томонидан тақдим этилган бўлиб, диний иншоотнинг кўриниши одамни лол қолдиради – масжид Ҳиндистон учун жуда ноодатий кўринишга эга бўлади.
2 000 нафар намозхонларни сиғдира оладиган диний иншоот шарсимон шаклга эга бўлади ва вайрон қилинган Бобурий масжидидан 4 баробар катта бўлади, дея хабар бермоқда IslamNews Hindustan Times нашрига таяниб.
Аллоҳнинг уйидаги 300 ўринли шифохона мажмуаси масжиднинг ўзидан 6 баробар кўп жойни эгаллайди. Шифохона билан масжид ўртасида сўфийлар мақбараси жойлашган бўлади.
Қизиғи шундаки, масжид электр энергияси билан таъминланмайди - барча зарур энергия қуёш панелларидан ҳосил бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Жаннатдаги юқори мартабаларни ва улуғ фаришталар билан бирга бўлишни хоҳласангиз Аллоҳнинг оятларига боғланинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонга моҳир бўлган киши ҳурматли фаришталар билан биргадир”[1], деганлар. Бошқа бир ҳадисларида эса: “Қиёмат куни Қуръон соҳиби жаннатга кирса, унга “Ўқи ва кўтарил!” дейилади. У ўқийди ва ҳар бир оят учун бир даража кўтарилади, токи ўзидаги бор оятларни ўқийди”[2], деганлар.
Аллоҳнинг оятларига қандай боғланиш мумкин?
Жузларга ажратилган Қуръон сотиб олинг. Шунда мўлжалланган жузни ўзингиз билан олиб юра оласиз. Бўш вақтингиздан унумли фойдаланинг ва бир-икки оят бўлса-да, ўқиб олишга ҳаракат қилинг.
Намозга айтиладиган иқома ва азон ўртасида Қуръон ўқишга озроқ вақтингиз бўлиши учун намозга эртароқ боринг.
Уловингизга битта мусҳаф қўйиб қўйинг. Уйга киришдан аввал кичик бўлса-да, бир неча оят ўқинг. Шу тариқа сиз уйингизга Аллоҳнинг оятлари ила бирга кириб борасиз.
Ишга кетаётган ва қайтаётган пайтингиз бир неча дақиқа бўлса ҳам Қуръон эшитинг.
Жума намозига эртароқ боринг ва ҳафта давомида Қуръондан ўқий олмаган қисмингизни ушбу муборак соатларда ўқиб, етказиб олинг.
Муҳтарама аёллар! Уй йиғиштираётганингизда, таом тайёрлаётганингизда Қуръоннинг овозли шаклини қўйиб қўйинг. Қанчадан-қанча вақтимиз ҳавога совурилиб кетяпти. Хасрату надоматлар фойда бермайдиган кунда бу вақтларимиз учун пушаймон бўламиз, ахир.
Қуръоннинг электрон шаклини телефон ёки компьютерингизнинг экранига ўрнатиб олинг. Шунда озроқ бўлса-да, ўқишга муваффақ бўласиз.
Пиёда юрганингизда ёд олган сураларингизни такрорлаб боринг ва буни кундалик одатга айлантиринг.
Ётоқингизга яқинроқ жойда ҳам битта Мусҳаф бўлсин. Уйқуга кетишдан аввал Қуръондан кунлик белгиланган миқдорни тугатиб қўйинг. Шундай қилсангиз кунингизнинг якуни Аллоҳнинг оятлари билан ҳамоҳанг бўлади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.
[2] Имом Аҳмад ривояти.