Устоз уламои киромларимиз айтадилар:
“Жуда оз бўлса ҳам,
кунига садақа қилишни одат қилинг!"
Чунки "САДАҚА – РАДДИ БАЛО".
1) Садақа – жаннат эшикларидан биридир.
2) Садақа – солиҳ амалларнинг энг афзали.
3) Садақа Қиёмат куни ўз соҳибига соябон бўлади.
4) Садақа қабр иссиғини пасайтиради.
5) Садақа – маййитга қилинадиган энг яхши ва энг фойдали ҳадядир. Аллоҳ таоло уни кўпайтириб беради.
6) Садақа нафсни поклайди.
7) Садақа Қиёмат кунидаги қўрқинчдан омонлик беради.
8) Садақа хато ва гуноҳларга каффорат бўлади.
9) Садақа – ўлим олди хотимани гўзал қилади.
10) Садақа хурсандчиликка сабаб бўлади.
11) Садақа қилувчи – одамларнинг энг яхшисидир.
12) Садақа соҳибига жуда ҳам кўп ва беқиёс буюк яхшиликлар ва жуда ҳам улкан савоблар ваъда қилинган.
13) Садақа қилиш – тақводорларнинг сифатларидандир.
14) Садақа – саховатнинг белгисидир.
15) Садақа – дуо қабул бўлишига сабабдир.
16) Садақа – ташвишнинг аришига сабабдир.
17) Садақа балони қайтаради.
18) Садақа умрни узайтиради.
19) Садақа – дардга даво, касалликка – шифо, энг фойдали муолажадир.
20) Садақа ўт тушишидан, сувда чўкишдан, ўғри уришидан асрайди.
21) Садақанинг савоби – нақд, гарчи у ҳайвон-паррандаларга қилинса ҳам.
22) Садақанинг афзали – очга таом беришдир.
23) Садақа қилувчи киши одамлар меҳрини қозонади.
24) Садақа – садақа қилувчининг мол-давлатини кўпайтиради.
25) Садақа ризқ зиёда бўлишига сабаб бўлади.
26) Садақа – садақа қилган кишини одамлар яхши кўришларига сабаб бўлади.
27) Садақа нусратга сабаб бўлади.
28) Садақа ишида қатнашганлар савобга шерик бўладилар.
29) Садақа – бало ва қазолардан ҳимоя қилади.
30) Садақа ўз эгасини ёмон ўлимдан асрайди.
31) Садақа берган билан мол-дунё камайиб қолмайди.
32) Садақа берадиган одамнинг молига фаришталар барака тилаб дуо қиладилар.
33) Садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради.
34) Садақа – садақа берувчининг шайтонлар устидан ғалабасидир.
35) Садақа Қиёмат кунида бу дунёда бой берилган нарсаларга афсус қилдирмайди.
36) Садақа – ғам-андуҳдан холи этгувчидир.
37) Садақа Қиёмат куни тўсиқ бўлиб, ҳимоя қилиб, садақа қилувчини дўзахдан тўсади.
38) Садақа қалбнинг қаттиқлигини юмшатади.
39) Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзининг жилосидир.
40) Садақа қилинган маййитга ҳам, садақа қилган одамга ҳам Аллоҳ таоло савобларини кўпайтириб беради.
41) Садақа – ёмонликларни даф этиш учун сабабдир.
42) Садақа фаришталарнинг дуосига сабаб бўлади.
43) Садақа савобларни кўпайтиради.
44) Садақа – қайғудан асрагувчидир.
45) Садақа – қабр оловини сўндиргувчидир.
46) Садақа – ҳасанотларни ўн ҳиссага кўпайтиргувчидир.
47) Садақа бу дунёдаги 70 хил ёмонлик эшикларини ёпади.
48) Садақа – соҳибини қабр азоби ва оловдан озод этгувчидир.
49) Садақа – садақа берувчининг қувончига сабабчидир.
50) Сув ҳўл-қуруқни куйдириб бораётган оловни ўчиргани каби, инсоннинг икки дунёсини куйдириб бораётган хато ва гуноҳларини садақа ўчиради.
51) Садақа вафотингиздан кейин ҳам ажр-савобингизни кўпайтириб туради.
52) Садақа қилувчи Аллоҳ таолога яқин бўлиб, Ўзининг меҳрига сазовор бўлади.
53) Узр сабабли тутолмай қолган фарз қилинган рўзани ҳам садақа билан каффорат этилади.
54) Садақа Рамазон ойида тутилган рўзани мукаммал қилиб беради.
55) Садақа қилаётганингизда маблағларингизни йўқотаётган бўлмайсиз, балки уни бошқа пайт учун ўзингизга жўнатаётган бўласиз.
56) Садақа – сахий ва ҳимматли ишлардан ва эзгу аломатлардан биридир.
57) Садақа – дуонинг ижобат бўлишига сабабчидир.
58) Садақа қилувчиларни Ўзининг гўзал мукофотлари ила сийлайди.
59) Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзини ёруғ қилади.
60) Садақа – садақа берувчидан ва унинг яқинларидан балони даф қилади.
61) Садақа – садақа берувчининг обрў ва ҳурматини сақлайди.
62) Садақа берадиган хонадонга Худои таолонинг раҳмати ёғилади.
63) Садақа берадиган одамга файзу илоҳий, хайр-барака берилади.
(Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан).
Иброҳимжон домла Иномов
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати