Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Ўзбекистон ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

18.12.2020   1475   2 min.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг Сеулдаги элчиси Виталий Фен бугун Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раиси, имом Ли Жу Хва (Абдулраҳмон Ли) билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Мазкур федерация 1967 йил ташкил этилган. Ташкилот Жанубий Корея мусулмон талабалари уюшмаси ва Жанубий Корея ислом маданияти институтини назорат қилади, Қуръон ўрганиш бўйича мадрасалар фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Абдулраҳмон Ли, шунингдек, Жанубий Корея мусулмонлар жамоатининг бош имоми ҳисобланади.
Музокараларда Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва чет эллик саёҳатчилар учун қулай шароитлар яратиш, маданий мерос объектлари ва ислом маданиятига оид муқаддас қадамжоларни тиклаш бўйича бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот тақдим қилинди. Ислом тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний ва бошқа таниқли ўзбек олимлари ва мутафаккирлари ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Ўзбекистонда бугунги кунгача сақланиб қолган ушбу буюк шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ёдгорлик мажмуалари, мақбаралар ва музейлар дунёнинг турли ўлкаларидан келаётган кўплаб мусулмонларнинг зиёратгоҳига айлангани таъкидланди.
Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбари Имом Бухорий, Нақшбандий ва бошқа буюк алламоларнинг бебаҳо мероси туфайли Ўзбекистон ислом оламида алоҳида мавқега эга эканини қайд этди. Ўзбекистонда сўнгги йиллар зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўйича яратилаётган қулай шарт-шароитлар мамлакатнинг мусулмон дунёсидаги машҳурлигини янада ошираётганига ишонч билдирди.
Имом Ли Жу Хванинг айтишича, бугунги кунда Жанубий Кореянинг 45 мингдан зиёд фуқароси ислом динига эътиқод қилади, уларнинг бир қисми ҳар йили Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга оширади. Шу нуқтаи назардан, у Жанубий Корея мусулмонлари учун ҳаж сафарларини Ўзбекистон орқали ташкил этиб, уларга бутун дунёда ҳурматга сазовор бўлган қадамжоларни зиёрат қилиш имкониятини яратиш зарурлигига эътибор қаратди.
Учрашув якунлари бўйича элчихона ва федерация ўртасида зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда корейс мусулмонларини Ўзбекистонга зиёрат туризми доирасидаги сафарларга жалб қилиш бўйича қўшма тадбирлар мажмуасини амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларга зиёрат туризми бўйича инфотурлар уюштириш, Жанубий Кореядан Ўзбекистонга чартер рейслар ва зиёратчиларнинг сафарларини ташкил қилиш, шунингдек, исломшунос олимлар иштирокида биргаликда анжуманлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қилмишлари сабабли мусибатлар етар

10.01.2025   5013   1 min.
Қилмишлари сабабли мусибатлар етар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).

Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».

Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси  - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.

«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».

Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар. 

 

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Мақолалар