Маҳр ва (таъминот) хотиннинг нафақасига қодир бўлган кишининг агар уйланмаса, зинога кириб кетиши аниқ бўлса, у ҳолда уйланиш унга фарз бўлади. Чунки ҳаромдан фақатгина у билан тийилиш мумкин бўлган нарса ҳам фарздир. Агар маҳрга қодир бўлмаса, (уйланиш учун) қарз олиши вожиб бўлади. Аллоҳ таолонинг Ўзи унга қарзини узишда ёрдам беради. Ҳадисда уйланиш учун қарз олган киши Аллоҳ ёрдам беришни Ўз зиммасига олган уч тоифа киши қаторига кириши айтиб ўтилган. Гуноҳга кириб кетиш хавфи бўлмаган мўътадил (нормал) ҳолатда эса уйланиш – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо ўлароқ – суннати муаккададир. .
Хотинга жабр-зулм қилиш хавфи бўлса, уйланиш макруҳи таҳримийга айланади. Агар уйланмасликдан зинога юриб кетиш хавфи уйланганда хотинга зулм қилиш хавфи билан қарама-қарши келиб қолса, уйланмайди. Чунки жабр-зулм банда ҳақларига алоқадор маъсият, зинодан тийилиш эса Аллоҳ таолонинг ҳақларидандир. Икки ҳақ тўқнашган пайтда банданинг ҳаққи Аллоҳ таолонинг ҳаққидан муқаддам туради. Чунки банда ўша ҳаққа муҳтож, Аллоҳ таоло эса беҳожатдир.
Уйланса, хотинга жабр-зулм қилиши аниқ бўлган кишининг уйланиши ҳаромдир. Чунки уйланиш нафсни гуноҳдан сақлаш ва савобга эришишни кўзлаб жорий қилинган. Жабру зулм билан эса гуноҳкорлик ва ҳаромга қўл уриш бор. Мазкур фасод ишларнинг зарари уйланишдан кўзланган фойдаларни ҳам йўққа чиқаради.
Уйланиш гуноҳга кириб кетиш ёки бировга зулм қилишдан холи одатий (нормал) ҳолатларда нафл ибодатлар билан машғул бўлишдан кўра афзалдир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ғурбатнинг Исломга умуман алоқаси йўқ. Кимки уйланмасликка чақирар бўлса, дарҳақиқат, Исломдан бошқага чақирибди”.
Солиҳ аждодларимиз сўққабошликни ёмон кўришган. Улар уйланмаганларни уйланишга ундашарди. Иброҳим ибн Майсара раҳимаҳуллоҳ Товус раҳматуллоҳи алайҳга: “Сен, албатта, уйланишинг керак ёки сенга Умарнинг Абу Заваидга айтган гапини айтаман: Сени ожизлик ё фужурдан бошқа нарса никоҳдан тўсолмайди”.
Уйланиш нафл ибодатлардан афзалдир, деган қараш авлодир. Дарҳақиқат, Китоб ва суннатда буни қўллаб-қувватлайдиган далиллар жуда кўп.
“Ал-фиқҳул ҳанафиййи фий
савбиҳил жадийд” асаридан
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ таржимаси
Шу йил 9 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси Сирдарё туманида ўтказилди.
Мазкур тумандаги “Абу Бакр” масжидидаги йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Сирдарё вилоят вакиллиги ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ва тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, улар ҳудуддаги 7 та масжид ва 21 та маҳаллага бириктирилди. Шунингдек, маҳаллалардаги “Ҳаж – 2024” зиёратчилари маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди.
Тадбир доирасида имом-хатиблар 105 та оилага, 21 та оилага, умумий ҳисобда 126 та оилага кириб, тарғибот ва амалий ёрдам ишларни олиб борди.
Хусусан, 38 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилиб, уларнинг тушунчалари тўғриланди. 19 оила бузилишининг олди олинди. Ногиронлиги бор, эҳтиёжманд ва табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 5 та оилага кириб совға-саломлар улашилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари имом-хатиблар фаолиятини ўрганди. Жумладан, устав асосида иш юритиш, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар ҳозирлаш каби жиҳатлар кўриб чиқилди. Натижада имом-хатиб бошчилигидаги масжидлар жамоасининг фаолиятига ижобий баҳо берилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, қавмга “Тинчлик неъмати”, “Шукроналик”, “Ўзаро ҳамжиҳатлик”, “Оила муқаддаслиги”, “Ҳусни хулқ”, “Қўшничилик одоблари”, “Мазҳабга эргашиш ва ёт ғоялар таъсиридан сақланиш” каби долзарб мавзулардаги маъруза қилишди. Уларда 1 300 нафардан ортиқ намозхон қамраб олинди.
Тадбир сўнгида Сирдарё тумани имом-хатибларининг маънавий-маърифий ва масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Маълумот ўрнида Сирдарё вилояти имом-хатиблари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти 2025 йилнинг 28 январь куни Ховос туманида ўтказилиши режа қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати