Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Май, 2025   |   10 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:12
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:31
Хуфтон
20:57
Bismillah
08 Май, 2025, 10 Зулқаъда, 1446

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг муҳтарама отинойиларимизга мурожаатлари

15.12.2020   8222   12 min.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг муҳтарама отинойиларимизга мурожаатлари

الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام علي رسوله الكريم

و علي آله و أصحابه أجمعين و بعد...

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва  баракотуҳу!

 

Ҳурматли ва азиз опа-сингиллар!

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, тараққиётимизнинг янги даврида халқимиз учун чексиз имкониятлар эшиги янада кенг очилмоқда. Ҳақ таолонинг халқимизга берган улуғ неъматлари, бахт-саодатнинг ҳад-ҳудуди йўқ. Жонажон диёримизда дин соҳасига кўрсатилаётган ижобий таъсирлар янада улкан бўлмоқда. Мухтарам Юртбошимиз раҳнамоликлари ва ғамхўрликлари натижасида мамлакатимизда дин соҳаси жадал ривожланиб, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда оилада, жамиятда ва ижтимоий ҳаётда аёлларнинг фаоллиги янада ошиб бормоқда. Айниқса, хотин-қизлар орасидаги маънавий-маърифий ишларда уларнинг ўрни катта бўлмоқда. Жумладан диний маърифат ва ахлоқий тарбияни аёлларга етказишда отинойиларнинг ҳам муносиб ўрни бор, албатта.

Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан хотин-қизларнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлаш ҳамда диний саводхонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Мана шундай ишларнинг натижасида отинойиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг билим ва кўникмаларини муттасил ошириб бориш, муносиб шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий мақомларини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Аллоҳ таборака ва таолонинг улуғ инъоми аёл – мўътабар она, суюкли опа-сингил, вафодор умр йўлдош ва соғлом авлод тарбиячиси бўлгани боис, аёл-қизларни эъзозлаш ва эҳтиром қўрсатиш лозим бўлади.

Дини мубинимиз аёл-қизларни юксак қадрлайди. Уларнинг шарафи, иффати ва ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал таъминлайди. Қуръони каримда:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ  

“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси 97 оят).

Демак, аёлларнинг ҳар бир амали учун уларга улуғ ажру-мукофотлар, хушхабарлар ваъда қилинган.

Динимизда аёл-қизлар она сиймосида юксак қадрланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муборак ҳадисларида:

" اَلْجَنَّةُ تَحْتَ اَقْدَامِ الْاُمَّهَاتِ "

“Жаннат оналар оёғи остидадир”, – деб марҳамат қилганлар.

Манбаларда қайд этилишича, Имом Бухорий ҳазратларининг оналари ҳам тақводор, диёнатли ва дуоси мустажоб аёл бўлган эканлар. Оналари эл орасида Аллоҳ таолога илтижо этиб, доимо дуолар ўқиб юрадиган покиза аёл сифатида танилган эдилар. Маълумки, Имом Бухорий ҳазратлари ёшликларида кўзлари жароҳатланиб, кўриш қобилиятлари анча сусайган.

Кунлардан бир куни Имом Бухорий ҳазратларининг оналари тушида Иброҳим алайҳиссалом бу мушфиқа онага қараб: “Эй волида! Сизнинг дуоларингизнинг кўплигидан Аллоҳ таоло ўғлингизга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди”, – деб хитоб қилганлар. Шундан кейин оналарининг “Уйқумдан уйғонсам, ўғлим Муҳаммаднинг кўз нури тўлиқ қайтиб тузалиб кетибди” деган гаплари машҳур бўлган.

Буюк фақиҳ, муҳаддис Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Косоний ҳазратлари қандай зот бўлганлари кўпчилигимизга маълум. У кишининг кўп нарсада омади чопган. Мисол учун, уйланиш масаласини олайлик. У кишининг қайноталари ва устозлари Алоуддин Самарқандийнинг Фотимаи Самарқандия исмли ниҳоятда оқила ва фозила қизлари бўлган. У қиз илмда шу даражага етганидан ҳатто подшоҳлар фатво сўраган, кўп кишилардан совчилар келган. Вақт ўтиб, Косоний бу кишига шогирд тушиб, илмда ниҳоятда пешқадам бўлиб, ҳатто у кишининг “Туҳфатул фуқаҳо” номли китобларига “Бадоиъус саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” номли шарҳ битганларидан сўнг шу китобни маҳр ўлароқ баҳолаб, қизларини у кишига никоҳлаб берган эканлар.

 

 

Ҳурматли отинойиларимиз!

Қуйида айрим отинойилар йўл қўяётган баъзи хатоликларни келтириб ўтсак:

Биринчи.  Баъзи отин­ойилар ўзининг етарли билими бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш билан бирга бидъат-хурофот ишларда ташаббускорлик ҳам кўрсатишяпти. Бу билан фақат ўзларини эмас, балки уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашмоқда. Мана шундан отинойиларимиз эҳтиёт бўлишлари керак.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишининг савобидан бирор нарса камаймайди. Кимки залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишининг гуноҳидан бирор нарса камаймайди», – дедилар.

Иккинчи.   Баъзи отинойилар суҳбатларида фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва Қиёмат даҳшати ёки жаҳаннам васфи ҳақида гапириб, қалбга ваҳима ёки ҳайрат соладилар. Аслида Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва Ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади. Бу ҳақда тасаввуф олимаси Робия Адавия: "Жаннат орзуси ва дўзах азобидан қўрқув нажот воситаси бўла олмайди. Маърифат амалдан устун, Аллоҳни амаллар билан эмас, маърифат билан таниш муҳимдир", – деган эди.

Учинчи.  Айрим отин­ойилар динни осон қилиб етказиш  ўрнига амалларни мушкул қилиб изоҳлаш, қўрқитиш йўлини тутади. Аслида Ислом – енгиллик динидир! Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларга доимо енгиллик, осонлик истаганлар. Бир ҳадиси шарифларида: "Осонлаштиринг – қийинлаштирманг, қизиқтиринг – бездирманг" (Имом Бухорий ривоятлари) де­ганлар. Зеро, ояти каримада ҳам "Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди..." (Бақара сураси 286 оят) дейилган.

Тўртинчи. Фолбинлик каби улкан гуноҳ ишлар билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади.

Бешинчи.   Кўп отинойилар диёримиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли адабиётлардан ўқиган ёки эшитган фикрларни гапириб, кишилар орасида ихтилофларни келтириб чиқаришмоқда.

 

 

Муҳтарама мунис опа-сингилларимиз!

Энг аввал "отинойи" сўзининг истилоҳий маъносини анг­лаш лозим. Отинойи – қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Шунингдек, "отин" сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб айтилган.

Илгари аждодларимиз хотин-қизлар қалбига аёл кишининг суҳбати чуқурроқ сингиб боришини яхши англа­ганлари учун отинойилар фаолиятидан унумли фойдаланишган. Маҳалла ёки қишлоқлардаги таълим-тарбия ишларига жалб этишган. Айниқса диний маърифатни ёйиш, қизларни турмушга тайёрлаш ва уларнинг руҳиятини бекаликка мослашда отинойиларнинг вазифаси катта бўлган. Отинойилар фақат билим тарқатувчигина эмас, балки ёшлар тарбияси учун масъул, одоб-ахлоқда эса ҳаммага ўрнак бўлишган. Шунингдек, Қуръони карим қироати, унинг тафсири, пай­ғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган.

Улар ёшларга никоҳнинг илоҳий аҳдлиги, оиланинг муқаддаслигини уқтиришган ва ҳаётий мисоллар билан фарзандлар онгига сингдиришган. Зиё тарқатувчи, маърифатпарвар имом-хатиблар қанча эъзозда бўлсалар, отин­ойилар ҳам шунча ҳурмат қилинган.

Хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси тарихдан маълумки, аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Имом Термизий, фалакиёт илми билимдони Мирзо Улуғбек, дунё тиббиётига устоз бўлган Абу Али ибн Синонинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи бўлганлар. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбия қилишган. Ушбу илм дарғаларининг болалик йилларига назар солинса, бошланғич таълимни гўдаклик чоғларида оналаридан олишгани маълум бўлади.

Албатта, бундай шахслар камолоти замирида мўътабар аёл меҳнати ётади. Масалан, Ҳаким ат-Термизий кўп аёл муҳаддислардан сабоқ олганлари манбаларда келтирилган. Аллома Имом Ғаззолий ҳаётлари ўрганилса, маърифатпарвар онанинг улкан хизматлари кўзга ташланади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаммадан олдин аёллари Хадича разияллоҳу анҳо онамиз ёрдам кўрсатганлари маълум. Ҳазрат Ойша бу уммат аёлларининг олимаси ва Қуръон ҳофизаси эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд энг етук фақиҳ бўлсалар, Ойша разияллоҳу анҳо энг етук фақиҳа эдилар. Зайд ибн Собит ҳофиз бўлсалар, Ҳафса бинти Умар ҳофиза бўлганлар. Ҳасан Басрий йирик машойих бўлсалар, Робия Адавия катта машойихлар мақомида эдилар.

Қадимдан отинойилар ҳалоллиги, тақвоси, меҳнаткашлиги, ҳаёси билан эл ҳурматини қозонишган. Чунки уларда шундай фазилатлар борки, уларни бош­қа халқлар аёлларида кўриш мушкул. Шоиралар мураббийи Жаҳонотин Увайсий, маърифатпарвар шоира Нодирабегим ва доно маслаҳатчи Бибихоним каби оқила момоларимиз яхши тарбия кўрганлари боис, ўз даврларининг машъаллари, хайрли ва улуғвор ишларнинг йўлбошчилари бўлишган. Ҳозирги отин­ойилар ҳам ана шулардан ибрат олишлари лозим!

 

Ҳурматли отинойиларимиз, азиз опа-сингилларимиз!

Ҳозирги замон отинойиси чуқур ҳаётий тажрибага эга, дунё­вий ва диний билимлар соҳибаси, эл-юрт орасида обрў-эътиборли, миллий-диний қадриятларни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган аёл бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан айрим муҳим вазифаларни тақдим этамиз.

Биринчи, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мотуридий ақидаси, ҳанафий мазҳаби ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши ва ўз фаолиятида буларни маҳкам тутиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқий олиши жуда ҳам зарур.

Иккинчи, отинойилар халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушуниб, халқимизга тўғри етказа олишлари лозим.

Учинчи, аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ҳолатларга қарши туриш зарур. Хусусан, хотин-қизлар орасида учрайдиган фолбинга бориш каби бидъат-хурофотларга барҳам бериш йўлида отинойилар тинмай ташвиқот ишларини олиб боришлари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тўртинчи, аҳоли орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб боришда масжидлардаги имом-хатибларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги отинойи­лар имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари сифатида ана шу имом-хатибларимиз билан ҳар бир ишни маслаҳатлашган ҳолда ҳамжиҳатликда  фаолият олиб боришлари керак.

Бешинчи, мана шундай ишларни тўғри адо этишда отинойиларга Диний идора Фатво бўлими томонидан эълон қилинадиган жума тезислари жуда ҳам қўл келади. Ҳар ҳафталик жума мавъизаларини аввал ўзлари тўғри ўзлаштириб, кейин аёл-қизларга етказсалар, жуда ҳам тўғри ва мақсадга мувофиқ иш бўлади.

Олтинчи, “Жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ишларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, отинойилар  “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналларига нафақат ўзлари обуна бўлишлари, балки бошқаларни ҳам обуна бўлишларига тарғиб этишлари жуда ҳам зарурдир. Ушбу нашрлардаги Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳга оид масалалар баёни ва ботил иддаоларга берилган асосли раддиялар иш фаолиятда ва Ислом маърифатини яхши билиб олиб, тўғри тушунтиришда жуда қўл келади.

Ҳозирги кунда отинойилар фао­лиятини тўғри йўналтириш ва улар билан ҳамжиҳатликда ишлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари фаолият кўрсатмоқда. Улар отинойилар билан бевосита ҳамкорликда ишлашмоқда.

Отинойилар юқорида айтилган талабларга жавоб бера олсалар, турли бидъат ва хурофотлардан халқимиз ва ёшларимиз онгини муҳофаза этсалар, динимизнинг асл моҳиятини тўғри етказиб бера олсалар, мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўладилар. Энг муҳими, халқ орасида ҳурматли инсонларга айланадилар.

Мен ишонаманки, муҳтарама отинойиларимизнинг иш тажрибалари, куч-қувватлари ва салоҳиятлари қўйилган вазифаларни ижро этишга етади, иншо Аллоҳ.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мўмин гуноҳ қилса, кофирга айланадими?

07.05.2025   1502   12 min.
Мўмин гуноҳ қилса, кофирга айланадими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бугунги кунда кўплаб мусулмон юртларида жамият ичида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан бири – такфир, яъни мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганлигидир. Бу масала кейин пайдо бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилгани ҳеч кимга маълум эмас. Бу мавзу жуда нозик ва ўта хатарли масала бўлиб, мавзуни яхши англаш учун аввало куфрнинг маъноси ва таърифини тушуниб олиш лозим.


Куфр тушунчаси ва унинг таърифи

“Куфр” имоннинг зидди бўлиб, у луғатда “беркитиш” ва “ёпиш” маъносини англатади. Ибн Форис шундай дейди: “Куфр – иймоннинг зиддидир. У ҳақиқатни ёпиш ва беркитиш маъносида ишлатилади”. (Мaқoйис aл-луға, 5/191). Уламолар куфрни таърифлашда турли ибораларни айтиб ўтганлар, жумладан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Куфр – Аллоҳнинг Роб эканлигини инкор қилиш, Қуръонда нубуввати тасдиқланган бирор пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор қилиш ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, бутун умматнинг иттифоқи билан саҳиҳ экани маълум бўлган нарсани инкор қилишдир. Шунингдек, бирор амални бажариш куфр экани далиллар билан тасдиқланган бўлса, шу амални бажариш ҳам куфр ҳисобланади” (Ал-Фасл фил-милал вал-аҳво ван-ниҳал, 3/118).

“Ал-Мавсуатул-Фиқҳия”да шундай дейилган: "Шариатда куфр – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан экани аниқ ва зарурий равишда маълум бўлган нарсани инкор этишдир. Масалан, Аллоҳнинг борлигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини ёки зинонинг ҳаромлигини инкор қилиш шу жумладандир" (Ал-Мавсуатул-Фиқҳия. 15/34)


Такфирнинг тарихий илдизлари

Энди бу масаланинг тарихига назар ташласак, мусулмонларни кофирга чиқаришга биринчи бўлиб журъат қилганлар “хаворижлар” фирқаси ҳисобланади. Улар “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади”, “Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади”, деб ҳисоблаганлар. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “жаҳаннам итлари” деб номланган, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг қонини ҳалол санайдиган бу тоифа қаердан келиб чиққан? Бу борада Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Талхис ал-Хобир” асарларида қисқача тўхаталиб, шундай деганлар: Аслида хавориж сўзи “хуруж”, яъни “қарши чиқиш” сўзидан олинган бўлиб, улар Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар аввалига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафида эдилар ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал ва Сиффин жангларида иштирок этишган эди. Сиффин жангининг ниҳоясида шом аҳли мағлубият яқинлигини сезгач мусҳафларни найзаларга илиб, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақиришни маслаҳат беришди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввалига бу фикрни унчалик маъқул кўрмадилар. Лекин У зотнинг сафдошлари орасида Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эди. Натижада, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келиб, ҳакамликка рози бўлдилар. Аммо хаворижлар кейинроқ бу қарорни инкор қилдилар ва: “Ҳакамликни қабул қилиб, хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ! деб бақира бошладилар”. Улар Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва ҳакамликка рози бўлганларнинг барчасини кофир деб “фатво” чиқардилар ва фақат тавба қилиб, уларга қўшилганларни имонда қолган деб ҳисобладилар. Ҳаттоки бу гумроҳлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат башоратини эшитган Ҳазрати Алидек зотга: “Сен ўзингни кофир деб тан ол, сўнгра тавба қил, ана шунда биз сенга итоат қиламиз”, дейишгача бордилар. Албатта, Али розияллоҳу анҳу бунга рози бўлмадилар. Шундан сўнг хаворижлар У зотга қарши чиқиб, уруш очдилар (Талхис ал-Хобир, 6/2709).

Бора-бора хаворижарнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақида бобида кераксиз ихтилофлар авж олди. Натижада ақида пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.

Такфирнинг хатарлари

Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Бу ишнинг жуда нозик ва ўта хатарли эканини тушуниш учун қуйида Қуръон ва Суннат ҳамда уламоларимизнинг сўзларидан бир қанча далилларни келтириб ўтамиз. Аллоҳ таоло айтади:

يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: “Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: “Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди”, дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”, оятини нозил қилди. (Тафсир Ибн Касир, 2/337). Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларни шошқалоқлик билан бировни имонсиз деб ҳукм қилишдан қайтармоқда, Зеро бировнинг қалбида имон бор йўқлигини фақат Аллоҳ таологина билади. Шунинг учун ҳар қандай шубҳа ёки тахмин асосида инсонни мўминликдан чиқариш, унга душманларча муносабатда бўлиш мутлақо нотўғри ва ҳаромдир.

Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мусулмонни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: «إِذَا كَفَّرَ الرَّجُلُ أَخَاهُ فَقَدْ بَاءَ بِها أَحَدُهُمَا.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади”, дедилар (Саҳиҳи Муслим, 123-ҳадис).

Яъни, ким, мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфр бўлади. Бу ҳолатда кимнингдир иймонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқармоқда. Натижада унинг ўзи кофир бўлади. Иккинчи фикр шуки: Бировни “Эй кофир”, дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бу инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади (Шарҳи Нававий 2/50).

Шундай экан, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб қўйиш керак бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганар:

عَنْ أَنَسِ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «ثَلَاثٌ مِنْ أَصْل الْإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بذَنْبٍ، َلَا تُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَل

Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Абу Довуд ривояти 2532-ҳадис). Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. “Лаа илаҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, нари борса осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида мана шу!


Такфирга шошилмаслик борасида уламоларнинг сўзлари

Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мусулмонни куфрда айблаш масаласида ниҳоятда эҳтиёт бўлишга буюрганлар. Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Ал-Ақида ат-Таҳовия асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз” (Ал-Ақида ат-Таҳовия). Бу эса шуни англатадики, агар бир мусулмон гуноҳга қўл ургани билан уни ҳалол деб билмаса, у ҳануз Ислом доирасида қолади. Зеро, гуноҳ бошқа, куфр бошқа.

Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтирадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (Шарҳ аш-Шифа).

Бу сўзлар мусулмонни осонликча такфир қилиш нақадар катта хатарларга олиб боришини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Ислом шариатида кишининг имонидан чиқиши фақат аниқ ва қатъий далилларга таяниши лозим. Гумон ёки нотўғри талқин асосида бировни кофирга чиқариш жамиятни улкан фитна сари етаклайди. Шу боис, мўмин киши доимо ўз биродари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир.


Бугунги кунда такфир муаммоси

Юқоридаги далиллар ва тарихий мисоллар такфир масаласининг нақадар нозик ва хатарли эканини таъкидлайди. Афсусуки, бугунги кунда такфир масаласи яна долзарб муаммолардан бирига айланиб, баъзи гуруҳлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Айрим экстремистик ҳаракатлар ва радикал оқимлар мусулмонларни осонгина кофирликда айблаб, жамиятда бўлиниш ва фитнага сабаб бўляпти. Уларнинг тарғиботи натижасида ёшлар орасида мутаассиблик кучайиб, ўзини ҳақ, бошқаларни эса ботил деб биладиган кайфият шаклланмоқда. Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – илмсизлик, Қуръон ва Суннатни нотўғри тушунишдир. Кўпчилик мутаассиб кишилар исломий илмларни мустаҳкам ўрганмасдан, айрим шубҳали манбалар ёки нотўғри тарғиботлар таъсирида қолиб, нотўғри қарашлар гирдобига тушиб қолишмоқда.


Хулоса

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом ақида бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.

Сўзимиз сўнгида Роббимиздан сўраймизки: Эй Роббимиз, бизни дунё ва охиратда ҳидоят топган бандаларинг қаторига қўшгин! Бизни фитналардан узоқ, ҳақ йўлда собит қилинган ва Сенинг ризойинга эришган зотлардан қилгин. Амин!

Азимжон РИХСИБОЕВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.