frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Бир савол сўрасам: Фолбинга борганнинг никоҳи бузилади-ми?

15.12.2020   4332   1 min.
Бир савол сўрасам: Фолбинга борганнинг никоҳи бузилади-ми?

Фолбинга борган одамнинг никоҳи бекор бўлади-ми?

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Ким: “Мен ўғирланган нарсаларни биламан ва жин менга хабар берган нарсаларнинг хабарини бераман” деса, кофир бўлади”, деган. (Роддул мухтор). Буларнинг қаторига ғайбдан башорат берувчи мунажжим ва кафт, тош ва бошқа нарсаларга қараб фол очувчилар ҳам киради.

  1. Ким фолбин ғайбни билади деган эътиқодда унинг ҳузурига борса ва айтганини тасдиқ қилса, кофир бўлади ва аёли билан ораларидаги никоҳи бузилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким келажакда бўладиган ишлардан ҳабар берувчининг ёки бўлиб ўтган ғайб ишлардан ҳабар беручининг ҳузурига борса ва унинг айтганларини тасдиқ қилса, батаҳқиқ Муҳаммадга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди”, деганлар (Имоми Аҳмад ривояти).
  2. Ким фолбинлар ғайбни билмайди, деган эътиқодда бўлатуриб, улардан бирор нарса сўрашга борса, ҳаром ишга қўл урган бўлади ва қирқ кунлик намози қабул бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга бориб ундан бирор нарса сўраса, қирқ кунлик намози қабул бўлмайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   42284   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари