Мисрнинг "Ал-Хабар ал-Ёвм" ("Кун янгиликлари") газетаси "АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликни бузган давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлади" сарлавҳаси остида мақола чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.
Мақола муаллифи-мисрлик журналист Фотима Бадавийнинг хабар беришича, жорий йил 7 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари Давлат департаментининг расмий баёноти эълон қилинди. Унга кўра Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасидаги “Махсус назорат рўйхати”дан чиқарди ва шу орқали мамлакат эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида улкан ўсишга эришганини эътироф этди.
Ўзбекистон эндиликда дин эркинлиги тўлиқ таъминланадиган мамлакат сифатида баҳоланади.
Давлат департаментининг қарори асосий қонун – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги билан бир кунга тўғри келганлиги ҳам чуқур рамзий маънога эга. Бу Президент Шавкат Мирзиёев бошлаб берган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашга йўналтирилган чуқур демократик ислоҳотларнинг тан олинишидир.
Майкл Помпео ўз баёнотида Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги йилда эришган “улкан ва аниқ ўсиши” натижасида мамлакатимизнинг “Махсус назорат рўйхати”дан чиқарилганлигини қайд этди.
АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбек Давлат котибининг қарори Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасидаги мустаҳкам иродаси, унинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли фаолият, ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг натижаси эканлигини таъкидлади, қайд этади газета.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шу кунларда Иордания пойтахти Амман шаҳрида Иордания вақф ва ислом муқаддасотлари ишлари вазирлиги томонидан Ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик экани ва уни ҳар қандай зўравонлик, куч ишлатиш, тоқатсизлик кабиларга қарши эканини ўз ичига олувчи «Амман рисоласи» нинг моҳиятига бағишланган 45 илмий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Иордания вақф вазири Холилий, Иорданиядаги Қирол Абдуллоҳ II номидаги даъватчилар тайёрлаш, малакасини ошириш институти ректори доктор Абдуссатор, Иордания бош муфтийси Аҳмад Ҳасанот, Иордания қироллик ҳузуридаги Қуддус ишлари қўмитаси аъзоси доктор Муҳаммад Сидр ва бошқалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саййиджамол домла Масайитов ўз маъруза ва суҳбатлари билан иштирок этмоқда.