Фарзандни эрта жинсий қизиқишлардан сақлаш
Муборак динимизнинг таълимотлари яна бир муҳим тарбияни ота-онанинг вазифаларидан қилиб белгилаган. Бу юксак масъулият фарзандларни инсон хулқини ихтиёрсиз бузадиган, жинсий мойиллик ва рағбат уйғотадиган ҳар бир нарса ва ҳолатлардан сақлашдир. Бу жараён бола тўққиз ёшдан то вояга етгунгача бўлган муддатни ўз ичига олади.
Таълим-тарбия олимлари фикрича, бу инсон ҳаётидаги энг муҳим босқич. Агар ота-она фарзанднинг бу борадаги тарбиясини ўз вақтида тўғри йўлга қўйса ва ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олса, бу катта ютуқ. Чунки соғлом жамият тараққиёти ва равнақи учун фазилатли, одобли, юксак маънавиятли ва тарбияли фарзанд вояга етади.
Шу боис динимиз ҳар бир ота-она ва мураббийга фарзандларнинг жинсий қизиқишлари эрта уйғонишидан эҳтиёт чораларини кўришга буюради.
Аллоҳ таоло бундай дейди: «...аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!..» (Нур, 31).
Имом ибн Касир Нур сурасининг ушбу оятини бундай тафсир қилади: “Гўдак аёлларнинг турли ҳолатларини билмайди. Уларнинг авратларини, нозик овозларини, нозланиб юришларини фаҳмламайди. Агар бола ёш бўлиб, буларни тушунмаса, унда аёллар ҳузурига киришида зарар йўқ”.
Бу оят тафсиридан ҳулоса шу: агар бола аёлларнинг ҳолатларини ва авратларини фаҳмламайдиган даражада жуда ёш бўлса, уларнинг ёнларида ўтириши ва ҳузурларига кириб-чиқиб юришида зарар бўлмайди. Аммо фарзанд тўққиз ёшдан ошган бўлса, бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмайди. Чунки бола бу ёшда ҳар бир кўринишни онгли равишда идрок қилади. Ушбу чегара ёшидан сўнг ҳам унга бу борада изн сўраш одоби буюрилмаса, баъзи ноқулай ва таъсирчан манзаралар гувоҳи бўлади. Натижада бола ғалати бир ҳолга тушиб, ахлоқи бузилиши ҳам мумкин. Бу эса, табиий, болада жинсий мойиллик жуда эрта уйғонишига олиб келади. Ҳаёт тажрибалари кўрсатишича, бундай ҳолга тушиб қолган фарзанднинг бутун фикри-зикри беихтиёр шундай ўй-хаёллар атрофида бўлади. Бунинг оқибатида илмга бўлган иштиёқи кескин пасайиб, ўзи бажарадиган кундалик ишларига бепарво бўлади.
Фарзандининг бу каби ғалати, ажабтовур ҳолатини кеч бўлса-да, сезиб, вазиятни англаган ота-она учун энди унинг тарбия жараёни бироз оғир кечади. Муҳим паллада эътиборсизлик қилган ота-она энди бу иллатни юқтириб олган фарзандининг тарбиясига жуда жиддий эътибор бериши талаб этилади. Акс ҳолда, нечоғли оғир бўлса-да, айтиб ўтиш керак, шармандали ҳолат рўй бериши мумкин. Афсус, ўғил-қизлар ўртасидаги аянчли ва шармсиз воқеаларнинг барҳам топмаётгани фарзандлар тарбиясига етарлича эътибор берилмаётгани оқибатидир.
Баъзи кишилар: “Биз болага ушбу тарбияни бермасак-да, қинғир ишларга қўл ураётгани йўқ”, деб фикр билдириши мумкин. Тўғри, бундай салбий ишларни амалга оширмаса, нур устига нур. Аммо бу ҳол “Ушбу тарбия билан шуғулланмаса ҳам бўлади”, деган фикрни илгари сурмайди. Чунки фарзанд вояга етиб, маълум ёшга киргач, бирон олийгоҳга кириб ўқиш ёки иш туфайли ота-она назоратидан бироз бўлса-да узоқлашади. Ана шу маҳалда, ёшлигида бу тарбиядан мосуво бўлиб ўсган, боз устига ота-она назоратисиз қолган фарзандда ушбу иллат бўй чўзиб қолиши, шунда у турли хил бузуқликлар таъсирига тушиб, ҳаёсиз ишлар қилиши мумкин.
Фарзандининг қилаётган ҳар бир ишидан батафсил хабардор бўлиб турибман, деб қайси бир ота-она кафолат бера олади? Ёки фарзанд улғайгач, унинг учун хоҳ яхши, хоҳ ёмон эшиклар барчаси очиқми? Ёхуд ота-она вазифаси шулар билан ниҳоясига етдими? Йўқ, асло. Ваҳоланки, айни палла, ўзларидан андоза олган фарзандни жамият учун қай даражада тўғри тарбиялаб, тайёрлаб берганини кўрадиган пайт бўлади. Халқимизда нақл бор: “Яхши бўлса ейди ошини, ёмон бўлса ейди бошини”. Яхшилигидан раҳмат, ёмонлигидан лаънат ҳам бевосита ота-онага келади. Шу боис, ота-она ҳаёт экан, фарзандлар доим назоратга, панду насиҳатга муҳтожлигини унутмасинлар. Шунинг учун муҳтарам мураббий ва ота-оналар тарбиянинг ҳар бир жабҳасида оқсамасдан шижоат кўрсатишлари қатъий талаб этилади.
Ҳадиси шариф:
عن عبد الله بن عباس رضي الله عنهما قال: كان الفضل رديف رسول الله صلى الله عليه و سلم فجاءت امرأة من خثعم فجعل الفضل ينظر إليها وتنظر إليه وجعل النبي صلى الله عليه وسلم يصرف وجه الفضل إلى الشق الآخر. (رواه البخاري)
Имом Бухорий ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазл ибн Аббосни қурбонлик куни уловларининг орқасига ўтирғизиб олдилар. Фазл балоғат ёшига етиб қолган эди. Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаръий масала сўрагани Хасъам қабиласидан келган бир аёлга Фазл тикила бошлади. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазлнинг иягидан ушлаб, юзини бошқа томонга бурдилар”.
Имом Термизий ривоятида:
وفي رواية الترمذي قال العباس يا رسول الله ! لم لويت عنق ابن عمك ؟ قال رأيت شابا وشابة فلم آمن الشيطان عليهما.
Ибн Аббос Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Нега амакингиз ўғлининг юзини бурдингиз?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ёш йигит ва қизни кўрдим, улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дедилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто 10–12 ёшли бола бўлган Фазлни бегона аёлга қарашдан қайтариб, юзини бурдилар. Бундан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) балоғат ёшига яқинлашаётган болаларнинг одоби яхши бўлиши ва фитна гирдобига тушиб қолишларидан сақлашга катта аҳамият берганларини билиш мумкин. Бу билан: “Улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дея қиёматга қадар давом этадиган барча умматларига жинсий мойиллик эрта уйғонишининг олдини олиш ниҳоятда муҳим тарбия эканидан сабоқ бердилар. Буни эса Набийнинг (алайҳиссалом) фарзандларни тўғри тарбиялашда олтин ўгитлари деб қабул қилишимиз, ҳаётимизда қўллашимиз зарур.
Бу тарбияни сингдириб боришда шарафли бурч соҳиблари ота-она қуйидаги икки масъулиятли назоратни сидқидил билан амалга оширишлари лозим. Биринчиси, оиладаги ички назорат, иккинчиси, атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш.
Оила назорати
Фарзанд яхши одобли, ота-онаси, оиласи, Ватани, дини ва халқига муносиб хизмат қиладиган комил инсон бўлиб улғайиши учун оиладаги назорат жуда муҳимдир. Фарзанд вояга етиши жараёнидаги жинсий қизиқишга мойилликдан сақланишда қуйидаги зарур жиҳатларга катта эътибор бериш лозим:
– ота-она ва опа-сингиллар хоналарига изн сўраб кириш одобига қатъий амал қилишни фарзандга ўргатиш;
– бола тўққиз ёшдан ошганида унга қўйиладиган тақиқларда мустаҳкам туриш. Бегона аёллар билан аралаштирмаслик, авратларга назар солишининг олдини олиш каби ишларга эътиборни кучайтириш;
– фарзанд ўн ёшдан ўтганида бир хонада ака-сингил ёки опа-ука бир жойда ётишининг олдини олиш. Ота-она бу ёшдаги фарзандларининг ётоқларини алоҳида қилиши керак;
– фарзандга уйда хоҳлаганча телевизор кўриши ёки компютер ўйнашига рухсат бериш яхши эмас. Бу орқали улар таъсирли манзара, ёшларига муносиб бўлмаган турли кўрсатувлар, ахлоқсиз томошаларнинг гувоҳи бўлиб, фикрлари, хулқлари бузилиши мумкин;
– ҳозирги вақтда фарзандларнинг кўпида турли суратларни томоша қилишга қизиқиш кучли. Табиий, бу рағбатлари ахлоқсиз кўриниш, ярим яланғоч суратларни ҳам кўришга олиб боради. Шунинг учун ўғил-қизларнинг тарбиясига эътиборсизлик ахлоқсизликка сабаб бўлади. Болаларнинг нарсалари турадиган жойларга доимо эътибор қаратиш зарур;
ўн ёшга кирган ва ундан катта болаларга қариндош ёки қўшни қизлар билан бирга турли баҳонада хилватда ўйнашга имкон бериш ҳам уларда эрта жинсий ўйғонишга сабаб бўлиши мумкин.
Атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш
Тарбияда ташқаридан бўладиган салбий таъсир энг катта хатардир. Чунки фарзандга оилада бу борадаги эркинликка йўл қўйилмагач, у ўз қизиқиш ва рағбатларини қондирадиган сабабларни ташқаридан излай бошлайди. Демак, ота-она фарзандининг ташқи ҳаётига ҳам катта эътибор қаратиши талаб этилади. Яъни, улар фарзанди мактаб ёки коллеждан кейин қаерга бориши, нима билан шуғулланашини назорат қилиш лозим. Ёхуд бола дўстлари билан суҳбатлашиши, бирга дарс қилиш мақсадида уйдан чиқиб бошқа ножўя ишлар билан шуғулланиши мумкин. Айниқса, ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларига урф бўлган турли йиғинлар баҳонасида фарзанд уйдан чиқиб, ота-она эътиборидан узоқлашишга ҳаракат қилади. Ана шу пайтда ихтиёрини ўзига қўйиш оқибатида, фарзанд турли бузуқ ишлар, ичиш, чекиш ва баъзи ҳаёсиз амалларга қўл уради. Оила тарбияси мукаммал бўлмаса, бунинг устига фарзанд тарбиясига хавф туғдирадиган атроф-муҳит таъсирига эътибор қаратилмаса, оқибати ёмон бўлади. Буни ҳисобга олмаган, эътибордан четда қолдирган айрим ота-оналар кўнгилсиз воқеа содир этилганидан кейин хатоларини англаб, надоматда қолади.
Шу боис, бу борада аҳамият бериш зарур бўлган муҳим жиҳатларни баён қиламиз:
Ахлоқсиз филмлар ва томошалар зарари
XXI асрнинг қудратли тўлқини – глобаллашув ҳаётимизга шиддат билан кириб келмоқда ва ўз меваларини бермоқда. Электрон ахборот воситалари, интернет-кафелар, клублар ва бошқалар кўпайди. Катталар-ку, баҳарнав, ёш болалар ҳам ойнаи жаҳонда ҳаёсизларнинг қилиқларини кўриб, вояга етмасиданоқ бети қотиб улгуради. Бугун “ишқий” филм томоша қилади, эртага пинҳона жойларга бориб, кино кўради. Охир-оқибат гулдек йигит, ғунчадек қиз аввал инсонийлик қиёфасидан айрилади, кейин бошқа борлиғидан. Ота-она билмайдики, анча олдин – ўн яшар ўғилчаси, тўққиз яшар қизалоғи телевизорда ҳаёсиз томоша кўрганидаёқ бу фожиалар илдиз отган.
Инсоннинг маънан ожиз ва қалбан ғофил бўлиб қолишига энг катта сабаблардан бири ахлоқсиз филм ёки томошалардир. Шаҳватни қўзғовчи ва жинсий қизиқишга тарғиб этувчи бу каби нарсалар фарзанднинг беғубор қалбини тамоман заҳарлаб қўяди. Илму маърифат сингиши лозим бўлган покиза қалбни ёввойи шаҳват ва ҳирс эгаллайди. Афсус, бу каби фаҳшга етакловчи ишлардан кимлардир бугун тирикчилик манбаи сифатида фойдаланмоқда.
Барчамизга маълум, тадбиркорларга етарлича шароитлар яратиб берилди. Баъзи тадбиркорларнинг бу имкониятлардан оқилона фойдаланмай, яхши мақсадлар учун ташкил этилган жойларда шармсиз филмлар намойиш этаётгани ёки турли ҳаёсиз дисклар сотилаётгани ҳам маълум бўляпти.
Бундан ташқари, ёшлар турли тадбирлар баҳонасида бир жойга йиғилиб, сунъий йўлдош узатмаси орқали ҳаёсиз филм ва томошаларни кўраётгани қулоққа чалинади. Бу ҳам фарзандлар ахлоқи бузилишига катта таъсир кўрсатади.
Ҳаёсиз либослар зарари
Аёллар иффатли кийиниши ва ўзларини яхши тутиши лозим. Бу ниҳоятда катта масала. Аллоҳ аёл кишини хотин, она бўлиши учун гўзал, латофатли этиб яратган. Шунинг учун ҳам шариатда эркаклар учун ҳаром қилинган тилла, кумуш, ипак каби зийнат буюмлари аёлларга ҳалол қилинган. Лекин бу рухсат-ижозатлар номаҳрам эркакларнинг шаҳватини қўзғатиш, Аллоҳ берган ҳусну жамолларини кўча-кўйда кўз-кўз қилиб, гуноҳ ишларга манба бўлиш учун берилган эмас. Улар ўз жуфти ҳалоли ҳузурида, рухсат берилган жойларда бемалол зеби-зийнатли бўлиши мумкин, ҳатто лозим.
Баъзи аёллар номаҳрамлар эътиборини тортиш учун қўлидан келган-келмаган ясан-тусанни қилади, ўзида бўлмаса, қўшнисидан олиб бўлса ҳам, тақинчоқ тақишга, янги кийим кийишга интилади. Уйда, эрлари ҳузурида эса бир аҳволда бўлиб юради. Бу ҳол кўплаб оилавий келишмовчиликларнинг сабабидир. Кўчада зеб-зийнатга бурканиб ўзини намойиш қилиб юрган аёлларни кўриб келган эркак уйида ўзига қарамайдиган хотинини кўриб, ғалати бўлиши табиий. Аслида эса тескариси бўлиши, аёл бегоналар кўзидан ўзини асраб, бор гўзаллигини эрига намойиш қилиши керак.
Охирги вақтда аёлларнинг таналарининг кўп жойини очиб юриши нафақат зинога, балки эркакларнинг жинсий заифлигига сабаб бўлаётганини мутахассислар ташвиш билан таъкидлашяпти. Шунингдек, баданни очиб юриш боис аёллар ҳам турли касалликларга чалинаётгани ҳақида хабарлар кўп.
Кўча-куйда ҳар бир кишининг кўзи тушадиган бундай шармсиз либослар, нафақат балоғат ёшига етган ва балоғат бўсағасидаги ёшларнинг, балки омманинг назарини чалғитиб, фитнага етаклайдиган воситадир. Айниқса, ҳар томонлама ривожланиб бораётган ўсмир ёшлар бундай фитнали кўриниш олдида ва номуссиз либослар қаршисида кўз-назарлари, ақлларини назорат эта олмайди. Ҳаёсиз манзаралардан кўзларини олиб қочишга журъати етмай, ожиз қолиши аниқ. Бунинг натижасида кучли истак ғалаён кўтара бошлайди. Бу ҳолат кўпинча нафс-истакларини жиловлай олмаган ўсмирларнинг хулқлари бузилишига сабаб бўлиб, ўй-хаёлларини ушбу ҳолат буткул ўзига ром этади. Оқибатда илму ҳунар олишга рағбати сусайиб кетади.
Хўш, бу каби зарарли иллатлардан сақланиш учун, балоғат ёшига етган ёки балоғат ёши бўсағасидаги ёшлар нима чора қўлласин? Хўш, бу каби “дард”га қарши қандай курашиш, қандай чора қўллаш керак?
Бутун дунёни лол қолдирадиган, теран ақлли, моҳир инсонлар бўлиб вояга етиш учун, аждодларимиз каби машҳур кишилар бўлиб жаҳонга танилиш учун бугунги кунда барча шарт-шароитлар яратилиб берилмоқда. Келажагимиз бўлган ёшларимизни йўлдан оздирмоқчи, халқимизнинг мунаввар келажаги йўлига бу каби номуссиз ишлар ила халал бермоқчи бўлаётганларнинг асл мақсади нима? На диний, на миллий қадриятларга асло мос келмайдиган бундай ибосиз либосларни ким, нима мақсадда ўйлаб чиқиб, жорий қилмоқда?
Бунинг тарихига назар солсак, уларни ғараз ниятли кимсалардан ташкил топган гуруҳлар ўйлаб чиққан бўлиб, уларнинг қабиҳ мақсадлари барча ҳудудларда ҳар қандай тартиб-интизомни бузиш ва жамиятда гўзал одобларни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган. Бу билан улар ҳар бир юртдаги эркаклар заифлашиб, ушбу йўлга батамом муккаларидан кетганидан сўнг ҳокимиятга осонгина эга бўлишни ният қилишган.
Инсон нафси ҳиссиётга эргашувчи, ҳиссиёт эса нуқсонга олиб борувчидир. Ҳиссиётга ўта берилувчан аёллар нолойиқ либослар оқимига қараб жуда тез оқади. Бу эса ғаламислар ёвуз режаларининг амалга ошувини осонлаштиради. Иффат фазилатидан йироқ бўлганларга мўлжалланган бундай либослар асло чегара билмайди. Асли заифа ва ожиза қилиб яратилган аёллар ял-ял товланиб турган бу “гўзаллик” қаршисида ожиз қолади, маънан ғариб “гўзаллик” шайдолари дарҳол унинг асирига айланади. Бу тоифа аёлларнинг наздида бундай либосларни киймаслик гўёки “маданиятдан узилиш” ва “замондан ортда қолиш”дир. Бу “маданият”га ошуфта бўлган аксарият “замонавий”лар секин-аста, ўзлари билиб-билмаган ҳолда фитналар гирдобида қолиб, гуноҳлар уммонига шўнғиб бораверади.
Баъзи аёллар мол-дунё тўплаш мақсадида ўзини кўз-кўз қилиб, қинғир йўлни танлайди. Кийим сабабли айрим оилаларда эр-хотин орасида жанжал ва тортишувлар келиб чиқади. Бу тортишув эса, аёлнинг эридан “янги чиққан мода”ни олиб беришини талаб қилиши билан бошланади. Натижада, кўпинча оилалардаги бу каби ҳолатлар ўзаро низога айланиб, эр-хотин ўртасига совуқчилик тушади. Оқибатда бу чиркин тушунча жамиятда ёлғиз аёлларнинг ва тирик етимларнинг сони ортиб боришига хизмат қилмоқда. Эътибор беринг, жуда оддий ҳолат бўлиб кўринган “маданиятли ва замонавий” очиқ либослар ортида кўз илғамас қанча ёмонлик, фисқу фужурлар турибди.
Балки ғарб аёллари бундай шармсиз кийимларни фахр билан кийишар, аммо комил имонли, иболи ва ҳаёли аёл-қизларимиз зулмат зиндонига етакловчи бундай шармандаликни асло қабул қилишмайди. Чунки бундай либослар фитна-фасодни ва бузуқликни тарғиб этиб, ахлоқан тубанлик ва пасткашликка сабаб бўлади.
Ўз дини ва ўзлигига содиқ момоларнинг бебаҳо маънавиятини қадрлайдиган ва чеҳрасида ор-номус балқиб турган мўътабар аёл-қизлар эса, динимиз ва ўчмас анъаналаримизнинг олий-намунавий аҳлоқ чегарасидан чиқишни одобсизлик деб билишади. Тараққий этиб бораётган жамиятимиз ва келажагимиз пойдевори бўлган ёшларимиз эгри йўллардан юришга ҳаё қилади. Ўзларининг хушсурат кўриниши ва ораста кийими, чиройли хулқи, ибо-ҳаёси билан эл меҳрини қозонади.
Муқаддас динимизда бу борадаги кўрсатмалар аниқ ва равшан баён этилган бўлиб, бунга ҳар бир фарзанд амал қилиши шарт. Аллоҳ таоло амр қилади:
وَمَا كَانَ لِمُؤۡمِنٖ وَلَا مُؤۡمِنَةٍ إِذَا قَضَى ٱللَّهُ وَرَسُولُهُۥٓ أَمۡرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ ٱلۡخِيَرَةُ مِنۡ أَمۡرِهِمۡۗ
«Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилганида – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир...» (Аҳзоб, 36).
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Фарзанд тарбиясидаги уч услуб;
Турли хатарлардан огоҳ бўлиш;
Ижтимоий хатар;
Иқтисодий хатар;
Дину имонга хатар;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ
Маънолар таржимаси:
Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади.
Назмий баёни:
Кимки муртадликни ният-қасд этар,
Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.
Луғатлар изоҳи:
مَنْ – шарт исм.
يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди. Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.
اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.
بَعْدَ – зарф.
دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.
يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.
عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.
حَقٍّ دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган.
انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим.
Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:
1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);
2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);
3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);
4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);
5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);
6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).
Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди.
Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.
Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].
Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади. Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.
Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].
Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни
47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ
Маънолар таржимаси:
Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.
Назмий баёни:
Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,
Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.
Луғатлар изоҳи:
لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:
1. Инсон талаффуз қилган нарса;
2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.
الْكُفْرِ – музофун илайҳ.
مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.
غَيْرِ– сифат.
اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ.
بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.
طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.
رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади.
دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.
Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:
– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;
– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.
اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:
Ёмон тил икки оламда зарардир,
Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.
* * *
Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,
Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.
Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган:
“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].
Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.
Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.
Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида иштирок этган.
Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.
Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:
“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.
Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.
Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:
– “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;
– “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”;
– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.
Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар.
Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.
Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар
“Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:
1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;
Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.
2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;
Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.
3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;
Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади.
4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.
Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.
Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.