Куни кеча, 30 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Жиззах вилоятига сафарлари давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари ўтқаздилар.
Айтиш лозимки, яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига бефарқ бўлмаслик, табиатни асраб-авайлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш ишларини жадаллик билан амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган эди. Шунингдек, унда ушбу лойиҳа соҳа ходимлари ўртасида "Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир" шиори остида ўтказилиши белгилаб олинган эди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Олмаота шаҳрида Ўзбекистоннинг “Умра плюс” халқаро туризм ассоциацияси ташаббуси билан халқаро туризм ярмаркаси ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимиз Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир Марказий Осиё давлатлари ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш, халқаро сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, зиёратчилар оқимини Ўзбекистонга жалб этиш ҳамда “Умра плюс” дастури доирасида янги туристик йўналишларни шакллантириш мақсадида ўтказилди.
Ярмаркада 50 нафарга яқин хорижий ҳамкорлар ҳамда Марказий Осиё давлатларининг туризм соҳасида фаолият юритувчи 600 нафарга яқин вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Олмаота шаҳрида жойлашган Ўзбекистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Беларусь консуллик идоралари вакиллари ҳам қатнашиб, халқаро туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан фикр алмашди.
Тадбир доирасида “Умра плюс” халқаро туризм ассоциацияси ҳамда Марказий Осиё давлатларининг йирик туроператорлари ўртасида музокаралар ўтказилиб, “Умра плюс” дастури доирасида 2026 йил якунига қадар қарийб 10 минг нафар зиёратчининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, туристик хизматлар экспортини ошириш, Марказий Осиё давлатлари билан туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизга хорижий зиёратчилар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Олмаота шаҳрида ўтказилган ушбу ярмарка Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида зиёрат туризми марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва хорижий туроператорлар билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир сўнггида Бош консулхона вакиллари томонидан фаол иштирокчилар ва ҳамкорларга “Умра плюс” халқаро туризм ярмаркасининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати