«Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: “Сизларга салом бўлсин, Раббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра тавба қилиб, солиҳ амал қилса, бас, албатта, У Зот мағфиратли ва раҳмли Зотдир”, деб айт» (Анъом сураси, 54-оят).
“Сизларга салом бўлсин”. Имом Табароний Ҳаббоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Ақро ибн Ҳобис Тамимий, Уяйна ибн Ҳисн Фазорий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганларида у зотни Билол, Суҳайб, Аммор, Ҳаббоб ва бошқа заифҳол мўминлар билан гаплашиб ўтирганларини кўрдилар ва уларни ҳақорат қилдилар. Улар Набий алайҳиссаломга: “Биз сиздан ўзимизга хос мажлис қилишингизни истаймиз. Араблар фазлимизни билиб қўйишсин. Олдингизга араб қабилаларининг вакиллари келиб туради. Биз ўша арабларга анави қулваччалар билан бирга ўтирган ҳолда кўринишдан уяламиз. Биз келганимизда уларни чиқариб юборинг. Гапимизни тугатиб кетганимиздан сўнг, хоҳласангиз, улар билан ўтираверасиз”, дейишди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қоғоз келтиришни ва ёзиш учун ҳазрат Алини чақиришни амр қилдилар. Биз бир четда ўтирар эдик. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом: “Эртаю кеч Раббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма” (Анъом сураси, 52) оятини нозил қилди. Сўнгра: “Орамиздан Аллоҳ неъмат берган шуларми?” дейишлари учун шундай қилиб, баъзиларни баъзилари ила синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билувчи эмасми?” ояти каримаси тушди. Кейин эса: “Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: “Сизларга салом бўлсин, Раббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди”, ояти нозил бўлди. Набий алайҳиссалом қўлларидаги қоғозни ташладилар-да, бизларни чақирдилар.
Биз олдиларига келганимизда: “Сизларга салом бўлсин, Раббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди”, деб кутиб олдилар». .
Ушбу ҳодисадан сўнг Набий алайҳиссалом оятда назарда тутилган саҳобаларни кўришлари билан биринчи салом берар ва: “Умматимдан уларга биринчи бўлиб салом беришимни буюрган кишиларни бор қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар.
Ушбу изоҳга кўра, оятдаги “салом” Набий алайҳиссалом тарафларидан берилмоқда. Бир ўринда: «Салом Аллоҳ таоло томонидан берилмоқда. Яъни: “Уларга саломимизни етказинг”, маъносида», дейилади. Икки фикр ҳам ўша одамларнинг Аллоҳ таоло наздида даражаси ва мақоми улуғ эканига далил.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Оиз ибн Амрдан ривоят қилади: «Абу Суфён ўшанда Салмон, Суҳайб, Билол ва бир неча саҳоба розияллоҳу анҳум олдидан ўтди. Улар: “Аллоҳга қасам, биз уни ўлдиролмадик”, дедилар. Бу гапни эшитган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Қурайш раисига шундай демоқдамисиз?!” деди. Сўнг бориб бу ҳақда Набий алайҳиссаломга хабар қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Абу Бакр, балки сиз уларнинг жаҳлини чиқаргандирсиз. Агар уларни ғазаблантирган бўлсангиз, дарҳақиқат, Раббингизни ғазаблантирган бўласиз”, дедилар. Абу Бакр Сиддиқ уларнинг олдига қайтиб: “Эй биродар-дўстларим, сизни хафа қилмадимми?” деб сўради. Улар: “Йўқ, эй биродар, Аллоҳ сизни мағфират қилсин”, дедилар». Ҳадиси шарифда ояти карима саҳобаларнинг юксак даражалари ва ҳурматларига далилдир.
Ушбу далиллардан солиҳларни ҳурматлаш, уларни ғазаблантирадиган, уларга озор берадиган нарсалардан четлашиш лозимлиги келиб чиқади. Яъни ким Аллоҳнинг дўстларидан бирортасини ранжитса, Парвардигор ғазабланади ва уни иқобига гирифтор қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ояти карима Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум ҳақида нозил бўлган”, деган. Фузайл ибн Иёз: «Мусулмонлардан бир неча киши келиб: “Гуноҳ қилдик. Биз учун истиғфор сўрасангиз”, деганларида, Набий алайҳиссалом улар айтгандай қилмаганлар. Шундан сўнг ушбу ояти карима нозил бўлган», дейди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ҳам худди шундай ривоят бор.
“Раббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди”. Яъни Ўзининг ҳақ ва рост хабари этиб зиммасига вожиб қилди. Бир қавлда: “Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани Лавҳул Маҳфузга ёзди”, дейилган.
“Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса...” Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Билимсизлик сабаб гуноҳ қилган ҳар бир киши жоҳил дейилади”, деган. Бир ўринда: “Ким охират ҳаётидан кўра дунё ҳаётини афзал кўрса, у жоҳилдир”, дейилган.
“Сўнгра ундан кейин тавба қилиб, солиҳ амал қилса, бас, албатта...” Оят куфрдан тавба қилишни ўз ичига олмайди. Чунки оят: “Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар”, деб васфлаган кишилар учун хитобдир. Оятда мусулмоннинг гуноҳдан тавба қилаётгани назарда тутилган.
“Билмасдан...” Бу ўринда хато назарда тутилмаяпти. Чунки хато учун тавба қилишнинг ҳожати йўқ. Балки оятда шаҳват сабабидан қилинган гуноҳ учун тавба назарда тутилмоқда. Бундан англашиладики, мўмин билатуриб гуноҳга қўл урса, сўнг ҳақиқий тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади.
“Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса”. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Гуноҳ қилувчи ҳар бир киши”, деган. Бошқа бир ўринда яна бундай келади: “Агар киши амалининг оқибати ёмон эканини билса эди, дунё лаззатларидан кўра охиратдаги жуда кўп яхшиликларни афзал кўрган бўларди”.
“У Зот мағфиратли ва раҳмли Зотдир”. Иқобини бекор қилиши сабабидан – Мағфиратли Зот. Охири раҳмат бўлган тавбага эриштириши сабабидан – Раҳмли Зот.
“Тафсири Қуртубий”, “Тафсири Розий” ва
“Тафсири ҳилол” асарлари асосида
Ғиждувон тумани бош имом-хатиби
Ориф АМОНОВ тайёрлади.
"Ҳидоят" журналининг 10-сонидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД