Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Ислом тарихи: МАҚСАДУ ҒОЯ, АМАЛ ВА КУРАШ МАЙДОНИНИ ТАЙИН ҚИЛИШ. ЯНГИ ОЛАМ ВА ИНСОННИНГ ТУҒИЛИШИ.

07.12.2020   3535   26 min.
Ислом тарихи: МАҚСАДУ ҒОЯ, АМАЛ ВА КУРАШ МАЙДОНИНИ ТАЙИН ҚИЛИШ. ЯНГИ ОЛАМ ВА ИНСОННИНГ ТУҒИЛИШИ.

 

ИНСОННИНГ МУКАРРАМЛИГИ ВА УЛУҒЛИГИ ЭЪЛОНИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир.

Бу инсоннинг шарафи ва қадари олийлиги эълонидир. Рисолаи Муҳаммадиядан аввал инсон хорлик ва зорликнинг энг паст даражасига тушган эди. Ер юзида ундан кўра кичикроқ ва ҳақирроқ нарса йўқ эди. Баъзи бир турли афсона ҳамда эътиқодлар ила қамраб олинган «муқаддас» ҳайвон ва дарахтлар ҳам ўз «банда»лари наздида инсондан кўра улуғ эди. Уларга инсонлар қони ва гўштидан, виждонлар қийналмаган ҳолда, қурбонликлар қилинар эди. Бу нарсаларнинг баъзи манфур намуналарини йигирманчи асрда Ҳиндистонга ўхшаш тараққий этган юртларда кўрдик.

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга унинг шарафини ва кароматини қайтариб бердилар.

У зот унга унинг эътиборини ва қадр-қийматини қайтардилар. У зот ушбу борлиқдаги энг азиз мавжудот инсон эканини, унинг бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар эканини эълон қилдилар. Инсондан кўра муҳаббатга, муҳофаза қилишга ҳақлироқ ва лойиқроқ ҳеч нарса йўқдир. Исломда инсоннинг мартабаси энг юқори нуқтага кўтарилди. У Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш даражасига эришди. Аллоҳ оламни унинг учун халқ қилгандир. У ёлғиз Аллоҳнинг халқидир.

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган...» (Бақара сураси, 29-оят).

«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик, уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик, уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).

Инсоннинг мукаррамлиги ва унинг улуғлиги эътирофига у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидан кўра яхшироқ далил йўқ: «Халойиқ Аллоҳнинг аҳлидир. Халойиқнинг Аллоҳ ҳузурида энг маҳбуби У Зотнинг аҳлига яхшилик қилганлардир».

Инсоннинг улуғворлигига, унга хизмат ва меҳрибонлик қилиш Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш эканига энг кучли далил қуйидаги ҳадиси шарифдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: «Эй Одам боласи, мен бемор бўлдим, кўргани келмадинг!» дейди. Банда: «Эй Роббим, қандай қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди.

Аллоҳ азза ва жалла: «Ахир фалон бандам бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганинг-да, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг», дейди.

Сўнг: «Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг!» дейди. Банда: «Эй Роббим, қандай қилиб Сенга таом берайин? Ахир Сен Роббул оламин бўлсанг?»дейди.

Аллоҳ азза ва жалла: «Фалон бандам сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Агар унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди.

Сўнг: «Эй Одам боласи, сендан сув сўрадим, Менга сув бермадинг!» дейди. Банда: «Эй Роббим, қандай қилиб Сенга сув берай? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди.

Шунда У Зот: «Фалон бандам сендан сув сўради. Сен унга сув бермадинг. Агар унга сув берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди».

Муслим ривоят қилган.

Инсоннинг улуғворлигини, унинг мартабаси олий эканини ушбу эълондан кўра равшанроқ ва фасоҳатлироқ эълон қилиш мумкинми?! Инсон қадимда ҳам, ҳозирда ҳам ҳеч бир диёнат ёки фалсафада ушбу олий мартабага ва шарафга етганми?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун Бану Одамга раҳм кўрсатишни асосий шарт қилиб қўйдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рахмон раҳм қилувчиларга раҳм қилур. Ер юзидаги бандаларга раҳм қилсангиз, сизга осмондаги Зот раҳм қилур», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният бирлиги ва каромати ҳақидаги ушбу даъват ила чиқишларидан ҳамда бу ғоя йўлида керакли жиҳод қилишларидан олдин оламнинг ижтимоий ва сиёсий ҳолати қандай бўлганини биласизми?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилишларидан олдин бир одам шаҳватининг, ҳавои нафсининг баҳоси минглаб, юз минглаб одамларнинг жонидан кўра қимматроқ ва юқорироқ турар эди. Бир подшоҳми ёки императорми, кўнглига келиб қолса, юртларни қул, халқларни қул қилиши ҳеч гап эмас эди. У ўзининг пасткаш ниятига эришиш йўлида одамларни чопиб, наслларни ва ҳосилларни янчиб, ҳўлу қуруқни пайҳон қилиб битириши ҳеч гап эмас эди.

Искандар дегани чиқиб, Ҳиндистонга етгунича ўз йўлидаги барча цивилизация ва маданиятларни маҳв этди. Кисро дегани эса одамларни ҳайвон овлагандек овлади.

Бизнинг замонимизда икки марта жаҳон уруши бўлди. Уларда бир неча ўн миллионлаб одамлар қурбон бўлди. Буларнинг барчаси ирқчилик, шахсий манманлик, ҳокимият шаҳвати ва бозор талашиш натижасида содир бўлди.

УМИДСИЗЛИК ВА ШУМЛАНИШГА ҚАРШИ КУРАШ.

ИНСОНДА ОРЗУ-УМИДНИ ВА ЎЗИГА

ИШОНЧ РУҲИНИ ТИРИЛТИРИШ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан тўртинчиси умидсизлик ва шумланишга қарши кураш, инсонда орзу-умидни ва ўзига ишонч рухини тирилтиришдир.

Ислом келишидан олдин одамлар Аллоҳнинг рахматидан умидсизликка, инсондаги яхшиликлардан ғафлатга тушиб қолган эдилар. Уларнинг бундай ҳолга тушишларида ўша вақтдаги қадимий шарқий диёнатларнинг, Оврупо ва Яқин Шарқдаги бузилган насронийликнинг ҳиссаси катта эди.

Ҳиндистондаги қадимий диёнатлар таносух (руҳнинг кўчиб юриши) ғоясига эътиқод қилар эдилар. Бу эътиқод бўйича, инсон иродасига ва тасарруфига мутлақо ўрин йўқ эди. Ҳар бир инсон қандайдир иложсиз уқубат тортмоғи лозим эди. Бунинг учун у қандайдир ёввойи йиртқич, уй ҳайвони ёки пасткаш ҳайвон ёхуд азобланган инсон шаклига кирмоғи зурур эди.

Насроний диёнати эса инсон туғилишидан ва яратилишидан осий ва гуноҳкор бўлиши, Масиҳ ана ўша гуноҳлар учун каффорат ва қурбон бўлгани ҳақидаги эътиқодни олға сурар эди. Албатта, бу эътиқод ўз-ўзидан оламнинг маданиятли ўлкаларидаги насронийликка эргашган миллионлаб кишилар қалбига шумланиш, келажақдан ва илоҳий раҳматдан умидсизлик руҳини жо қилди.

Мана шундай бир вақтда Пайғамбар алайҳиссалом инсон табиати пок-покиза экани, унга ҳали бирор нарса битилмагани, унга энг гўзал нарсалар нақш қилиниши, энг гўзал ёзувлар ёзилиши мумкинлигини эълон қилдилар. Ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўзи бошлаши, савоб, гуноҳ ва жаннату дўзах унинг ўзининг амалига қараб бўлишини эълон қилдилар. Қуръони Карим кўплаб жойларда ҳар бир инсон фақат ўз амалидангина масъул экани, ўз қилганига қарабгина савоб ёки иқоб (жазо) олишини таъкидлади:

«Ҳеч бир юкли жон бошқанинг юкини кўтармас. Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ. Албатта, унинг саъй-ҳаракати тезда кўринур. Сўнгра жазо-мукофоти унга тўлиқ берилур» (Нажм сураси, 38-41-оятлар).

Ушбу эълон инсонга ўз табиатига ва табиий имкониятларига нисбатан йўқолган ишончни қайта тиклади. У ўзига Ислом томонидан берилган кучли азму қарор, зиёда ҳиммат ва янгича қувват ила ўз келажагини ва инсоният келажагини барпо қилишга киришди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятлар, гуноҳлар, хатолар ва адашувлар инсон ҳаётида ўткинчи нарсалар эканини, инсон бу гуноҳларни билмасдан, ғурурга кетиб, тушунмасдан, шайтоннинг иғвосига учиб, ҳавойи нафснинг кўйига тушиб қилишини эълон қилдилар. У зот яхшилик, гуноҳни эътироф қилиш, афсус-надомат каби хислатлар инсоннинг жавҳарида борлигини ва Аллохга ёлвориш, тазарру қилиш ва гуноҳдан бутунлай қайтишга азму қарор қилиш инсоннинг шарафи ва Одам атодан қолган мерос эканини ҳам эълон қилдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳ ва разолатга қулоқларигача ботган хатокорларга тавбанинг эшигини кенг очиб қўйдилар ва унга одамларни умумий равишда даъват қилдилар. У зот тавбанинг фазлини етарлича шарҳ қилиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг бу улуғ асосини қайта тирилтирдилар ва шунинг учун ўзларининг гўзал исмлари қатори «Набийют-тавба» (Тавба пайғамбари) лақабини олдилар, чунки у зот тавбага зарур бўлиб қолганда ишлатиладиган нарса деб эмас, балки энг афзал ибодатлардан бири деб қарадилар. Инсон тавба воситаси ила тез вақтда қурбат ва валийликнинг олий даражаларига эришадиган бўлди. Бу даражага Аллоҳнинг обид, зоҳид, аброр ва ахёр бандалари ҳавас билан қарайдиган бўлдилар.

Қуръон тавбанинг фазлини ва кенглигини ҳамда инсоннинг энг катта гуноҳлардан покланиш йўлларини қалбларни ларзага соладиган ажойиб бир услубда баён қилиб берди. У осий ва гуноҳкорларни, ҳавои нафс ва шайтон қулларини Аллохдан паноҳ сўраш, У Зотга қараб қочишга чақирди.

«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз-ўзига жавр қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. У мағфиратли, раҳмлидир» (Зумар сураси, 53-оят).

Тавба сурасидан олинган келаси оятда Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаларидан бир неча тоифасини зикр қилади ва ушбу рўйхатни тавба қилувчиларни эслаш билан бошлайди:

«Тавба қйлувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасини сақловчилардир. Ва мўминларга башорат бер!» (112-оят)

Ўз гуноҳидан қайтиб тавба қилган бандага бериладиган бундай улуғ мартаба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўла туриб, узрсиз Табук ғазотига бормай қолган уч кишининг тавбаси қабул бўлгани эълон қилинганда яққол кўринди. Қуръон ушбу муолажани мазкур ғазотдан қолмаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорларни зикр қилишдан бошлади. Шундан кейингина ҳалиги уч кишини зикр қилди. Бу ўша ғазотдан узрсиз қолганлар ўзларини ноқулай сезмасликлари учун қилинган эди. Дунё тарихида, динлар тарихида, фалсафалар ва тузумлар тарихида бундан гўзалроқ тавба қабул қилиш борми ўзи?

«Батаҳқиқ, Аллоҳ Набийнинг ва унга қийинчилик соатида эргашган муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У Зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир.

Ортда қолдирилган уч кишининг ҳам. Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан Унинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларида бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ) тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Узи Таввобдир, Роҳиймдир» (Тавба сураси, 117-118-оятлар).

Сўнгра Қуръон асосий қоида сифатида Аллоҳнинг раҳмати кенглигини ва У Зотнинг раҳмати ғазабидан олдин эканини эълон қилди.

«Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф сураси, 156-оят),

Ҳадиси қудсийлардан бирида: «Менинг раҳматим ғазабимдан ўзиб кетган», дейилган.

Аллоҳ Қуръонда Яъқуб алайҳиссаломнинг тилидан: «Фақат кофир қавмларгина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлурлар», деган (Юсуф сураси, 87-оят).

Бошқа бир жойда Иброҳим алайҳиссаломнинг гаплари зикр қилинади:

«Фақат адашганларгина Роббининг раҳматидан ноумид бўлурлар» (Ҳижр сураси, 56-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тавбага оммавий очиқ даъват ила, унинг фазлини, кенглигини ва шомиллигини баён қилиш ила ҳоли танг бўлиб қолган инсониятни умидсизлик, шумланиш дардидан қутқариб қолдилар.

ДИН ВА ДУНЁНИ ЖАМЛАШ ҲАМДА ТАРҚОҚ САФЛАРНИ ВА ТИЖОРИЙ ЖАМОАТЛАРНИ БИРЛАШТИРИШ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга тақдим қилган улкан хизматларнинг бешинчиси дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни бирлаштиришдир.

Қадимги диёнатлар, хусусан, насронийлик инсон ҳаётини икки қисмга – дин ва дунёга тақсимлаган. Улар ер куррасини икки лагерга – дин одамлари ва дунё одамларига бўлгандир. Бу икки тоифа иккига бўлинибгина қолмай, уларнинг орасида қалин тўсиқ ҳам бор эди. Икки томон бир-бири билан бардавом келишмовчиликда эди. Улардан ҳар бири дин билан дунё ўртасида хусумат бор деб эътиқод қилар эди. Агар инсон мазкур икки нарсадан бирини ихтиёр қилмоқчи бўлса, албатта, иккинчисидан воз кечиши, унга қарши уруш эълон қилиши керак эди. Уларнинг айтишларича, бир одам бир вақтнинг ўзида икки кемага миниши мумкин эмас эди. Моддий манфаат топиш учун ҳаракат қилиш ва бу соҳада муваффақиятга эришиш охиратдан ғофил қолиш ва осмонлару ернинг Холиқидан юз ўгириш туфайли бўлмоғи керак эди. Диний ва ахлоқий таълимотларни тарк қилмай туриб, ҳеч бир ҳукм ёки раҳбарликка эришиб бўлмас эди. Аксинча, таркидунё қилмай туриб диндорлик қилиб бўлмасди.

Инсоннинг енгилликни яхши кўриши маълум ва машҳур. Одатда, ҳалол ҳузур-ҳаловат, тараққиёт, иззат, куч-қувват ва раҳбарликка изн бермайдиган ҳар бир диний фикр башарият учун керакли бўла олмайди, чунки бундай иш соф инсоний табиатга қарши курашдан иборатдир. Ана ўша ку раш натижасида кўплаб ақл-заковат ва илму ирфон соҳиби бўлган кишилар диндан юз ўгириб, дунёга юз тутган эдилар. Улар бу ишни ижтимоий эҳтиёж, воқеликдаги ҳақиқат деб билишган эди. Шунинг учун улар ҳаётни яхшилашга, унинг лаззатлари ортидан қувишга ўтиб кетдилар. Уларда диний ва руҳий тараққиёт учун имкон қолмаган эди.

Динни тарк этганларнинг кўпчилиги уни дунё билан чиқиша олмайди, деган гумон асосида тарк этган эдилар. Дунё вакили бўлган ҳукм ва сарой эгалари динга қарши исён қилдилар. Унинг қайдларидан ажраб чиқишга ҳаракат қилдилар. Дин билан дунё орасидаги ушбу ажралиш, дин арбоблари билан дунё асҳоблари орасидаги ўзаро душманлик худосизлик ва динсизликка кенг йўл очди. Бунинг биринчи қурбони ғарб бўлди. Кейинги қурбон унга фикр, маданият ва илмда қарам бўлган халқлар бўлди.

Ишнинг янада чигаллашишига насронийликнинг мутаассиб даъватчилари сабаб бўлдилар. Улар инсоний табиатни руҳий покланиш, оемон ила боғланиш йўлидаги энг катта тўсиқ ҳисоблар эдилар. Улар инсоннинг тўғри маънодаги хоҳишларини турли шафқатсиз ҳукмлар ва зулмкор таълимотлар ила хорлашда, азоблашда, пастга уришда барча куч-ғайратларини аямадилар. Улар динни иймон келтирганларнинг терилари жунжикиб кетадиган даражада ваҳшийлик сурати қилиб кўрсатшпди. Охир-оқибатда диннинг ҳайбати йўқолди. Ҳавои нафсга ибодат қилиш ўз чўққисига чиқди. Дунё икки қарама-қарши тараф ўртасйда чайқала бошлади. Ва ниҳоят, дин заифлашиб, дунё динсизлик ва ахлоқий бузуқлик жарига қулаб тушди.

Рисолаи Муҳаммадия амаллар ва ахлоқларнинг асоси улардан кўзланган мақсад эканини бутун оламга баралла эълон қилиб, унинг номини «ният» деб атади. У зот: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади», дедилар.

Инсоннинг ихлос ила Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг амрига бўйсуниб, қайтарганидан қайтиб қилган ҳар бир амали Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш воситасидир. Ана ўша восита ила иймоннинг олий мақомларига, диннинг юксак мартабаларига етиш мумкин бўлди. Агар ўша иш жиҳод, уруш, ҳукм, идора, ернинг пок нарсаларидан ҳузурланиш, нафснинг талабларини қондириш, ризқ талаб қилиш, вазифа бажариш, ҳалол йўл билан кўнгил ёзиш, оилавий ва эр-хотинлик ҳаёти бўлса ҳам, барибир. Буларнинг барчаси ибодат ва диний хизмат ҳисобланади.

Аксинча, агар амал Аллоҳнинг розилигини талаб қилишдан, Унинг амрларига бўйсунишдан, қайтарганларидан қайтишдан холи бўлса, дунёвий ҳисобланади. Агар ўша амал фарз намоз, ҳижрат, жиҳод, зикр, тасбеҳ ва Аллоҳнинг йўлидаги уруш бўлса ҳам, барибир. Уларни қилган одам савоб олмайди, ўзига офат бўлиб қайтади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга армуғон этган бешинчи улкан хизмат туфайли дин билан дунё орасидаги ажралиш йўқ бўлди. Доимий хусумат ва душманликда келаётган бу икки нарса бир-бири билан дўстлашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирлик ва дўстлик Пайғамбаридирлар.

У зот инсониятни икки бир-бирига қарама-қарши жабҳадан олиб, иймон ва савоб, башариятга меҳр, Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш жабҳасида бирлаштирдилар. У зот бизга қуйидаги жамловчи дуони ўргатдилар:

«Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин» (Бацара сураси, 201-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримдаги «Менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир» ояти (Анъом сураси, 162-оят) ила мўминнинг ҳаёти бир-бирига зид бўлган турли-туман бўлакларнинг йиғиндиси эмас, балки ибодат ва савоб руҳи соҳиби бўлган яхлит бирлик эканини эълон қилдилар. У ҳаётни Аллоҳга иймон ва Унинг амрларига таслим бўлиш бошқариб боради. Бу нарса ҳаётнинг барча шўъбаларини, кураш майдонларини, ҳамма турдаги амалларни ўз ичига олади. Фақатгина ихлос, яхши ният ва Аллоҳнинг розилиги ирода қилинса ва пайғамбарлар келтирган тўғри йўналишда бўлса, бўлди. Мана шуларнинг ўзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирлик, иноқлик, жипслик, камолот Пайғамбари эканларига ёрқин далилдир. Шу билан бирга, у зотнинг башорат берувчи ва огохдантирувчи эканларига далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дин билан дунёнинг орасидаги айрилишга барҳам бердилар. Ҳаётни борлигича ибодатга айлантирдилар. Ерни борлигича масжидга айлантирдилар. У зоти бобаракот инсониятнинг қўлидан тутиб, бир-бирига қарама-қарши уришаётган жойларидан амали солиҳ, инсониятга фойдали хизматлар ва Аллоҳнинг розилигини изловчи жабҳага олиб келдилар. Бунда подшоҳларни фақирлар жандасида, зоҳидларни подшоҳлар зийнатида, ҳилм тоғларини, илм уммонларини, тунги обидларни, кундузги отлиқларни ажойиб бир уйғунликда кўрасан.

МАҚСАДУ ҒОЯ, АМАЛ ВА КУРАШ МАЙДОНИНИ ТАЙИН ҚИЛИШ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга армуғон этган олтинчи улкан хизмат мақсаду ғоя, амал ва кураш майдонини тайин қилишдан иборатдир.

У зот инсонни ўзига яраша жойга қўйиб, унга куч-қувватини ва имкониятларини энг тўғри ва фойдали равишда сарфлашни ўргатдилар.

Инсоният рисолаи Муҳаммадиядан аввал ўз мақсадини аниқ билмас эди. Қай тарафга юзланишни идрок эта ол масди. Борар жойи қаерлигини ҳам англамас эди. У ўз куч-қувватини, имкониятларини ва саъй-кўшишларини қандай тасарруф қилишни ҳам билмас эди.

У ўзи учун хаёлий ва сунъий мақсадларни танлаб, ўзини тор доирага киритиб олган эди. Ўша пайтдаги инсон учун энг олий мақом кўпроқ молу дунёли бўлиш, кўпроқ одамлар устидан ҳоким бўлишга ўхшаган нарсалар эди. Миллионлаб кишиларнинг бирдан-бир орзуси яхши таом, чиройли ранг ва ширали овоздан иборат эди. Улар бунда қўй, мол ва бошқа ҳайвонлардан фарқ қилмас эдилар. Минглаб одамлар эса подшоҳларнинг саройларида бутун ақл-заковатларини амирлар, бойлар ва зодагонларнинг кўнглини овлашга сарфлар эдилар.

Муҳаммад алайҳиссалом келиб, инсоннинг ҳақиқий мақсадини ва асл ғоясини кўз олдига олиб келиб қўйдилар. У зоти бобаракот инсон қалбига унинг меҳнати, саъй-ҳаракати, қобилияти, орзу-нияти қай томонга йўналган бўлиши кераклигни кўрсатдилар. У ҳам бўлса, осмонлару ернинг Холиқини таниш, У Зотнинг сифатларини, қудратини, ҳикматини ва осмонлару ернинг малакути кенглигини, улуғлигини, абадийлигини билиш, иймон ва яқийнга эришиш, Аллоҳнинг розилигини қозониш, Ундан, Унинг қадаридан рози бўлиш, ўзининг ички қувватларини ва руҳий иқтидорини ўстириб бориш, қурбатнинг олий даражаларига етиш, инсоният хизматига, бошқаларни ўзидан устун қўйишга, фидокорликка уриниш – ана шулар ила муқарраб фаришталар ҳам эриша олмайдиган даражаларга эришишдир. Мана шу инсоннинг ҳақиқий саодатидир. Мана шу унинг камолининг ниҳоясидир. Мана шу унинг қалби ва руҳининг меърожидир.

ЯНГИ ОЛАМ ВА ИНСОННИНГ ТУҒИЛИШИ

Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлнб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди об-ҳаво ўзгаргандек, бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният қурғоқчиликдан, гармселли бир фаслдан баҳорга, гуллар, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган боғлар фаслига ўтди. Одамларнинг табиатлари ҳам ўзгарди. Қалблар Роббининг нури ила мунаввар бўлди. Аллоҳга юзланиш умумий бўлди. Инсон ўзи аввал билмаган янги таъм, татиб кўрмаган завқ ва олдин туймаган ҳузурни топди.

Бўм-бўш бўлиб, совиб, қуриб қолган қалблар иймон ҳарорати ва меҳр қуввати ила жонланди. Ақллар янги нур ила нурланди. Қалблар янги ҳузур ила ҳузурланди. Инсоният гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқиб, янги йўлни, ўзининг янги мақомини излай бошлади. Қай бир халқни ёки юртни кўрсанг, мазкур соҳада мусобақа қилаётган бўлади. Араблару ажамлар, Мисру Шом, Туркистону Эрон, Ироқу Хуросон, Шимолий Африкаю Андалус, Ҳиндистону Жазоир – барча-барчаси олий муҳаббат ва самовий файздан сармаст бўлдилар. Олий мақсаднинг ошиқлари бўлдилар.

Ҳа, инсоният асрлар бўйи давом этган қаттиқ уйқудан кўз очиб, уйғониб, ўзига келган эди. У энди авваллари қўлдан чиқарган имкониятларни ҳам қайтариб олишга уринар эди. Оламнинг барча томонлари мухлислар, мужоҳидлар, муслиҳлар, мураббийлар, орифлар ва раббоний даъватчиларга тўлди. Улар Аллоҳнинг халқи учун куйиб ёндилар. Инсоният хайри учун бору будларини ва жонларини тутдилар. Улар фаришталарнинг ҳасадини келтирадиган кишилар эдилар. Улар совуқ қалбларда илоҳий ишқ оловини ёқдилар, илоҳий муҳаббат шуъласини покладилар. Илмлар, адаблар, ҳикматлар ва маърифатлар анҳорлари тўлиб-тошди. Илму ирфон ва иймону ҳанон булоқларининг кўзини очдилар. Одамлар кўнглида зулм, жабр, душманлик ва ҳасадга қарши қаҳру ғазаб уйғотдилар. Хорланган халқларга тенглик ҳақида дарслар ўтдилар. Эътибордан четда қолган, ҳаёт четига улоқтирилганни меҳру муҳаббатга тўла бағирларига босдилар. Дунёнинг қай бурчагига борсанг, уларнинг меҳнати самарасини кўрасан.

Сен уларнинг қилган ишининг сонига эмас, сифатига назар сол. Уларнинг фикрларининг олийжаноблигига ва юқори уфқларда қанот қоқишига қара. Уларнинг ҳассос сезгиларига, латиф ва рақиқ рухдарига, ўткир зеҳнларига ва соғлом табиатларига боқ. Уларнинг нафслари ва руҳлари халойиққа нисбатан меҳр-шафқат алангаси ила ёнар эди. Улар халойиқ учун фойдали бўлган нарсаларга ҳарис эдилар. Улар одамларни қутқариш, улардан балоларни даф қилиш учун ўзларини бало-офатларга урар эдилар. Уларнинг ҳокимлари ва волийлари масъулиятни хис қилар, кечалари тиним билмай, халқ хизматида бўлар эдилар. Халқ эса улар билан жипслашган ҳолда уларга итоат қилар эди.

Шунингдек, уларнинг ибодатлари, зоҳидликлари ва дуо қилишдаги ҳолатлари, ахлоқларининг олиймақомлиги, ўзларига қарши бўлса ҳам, ҳақ шаҳодат беришлари, кичикларга ва заифларга меҳрлари, дўстлар ва оғайниларга муҳаббатлари, душманларга бўлган карамлари, афвлари ҳақидаги хабарларни ўқиб кўр. Ана ўшанда шоирлару адибларнинг хаёли ҳам аввалги мусулмонлар эришган олий чўққиларга ета олмаслигини кўрасан. Бу ҳақцаги хабарлар дўсту душман бирдек кўрган, гувоҳ бўлган воқеликдаги улкан ҳақиқат бўлмаганида, тарихнинг ишончли гувоҳлиги бўлмаганида, уларни афсона деб ўилаш мумкин эди.

Албатта, ушбу буюк инқилоб Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан, у зот қолдирган излардан биридир. Барча замонлар ва маконларни қамраб олган илоҳий раҳматнинг файзидир.

Улуғ Аллоҳ ҳақ сўйлайди:

«Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик».

Ушбу мақола асримизнинг буюк алломаси Абул Ҳасан Али Ҳасаний Надавий ҳазратларининг Лакноу шаҳрида қилган маърузаларидир. Уни ўзларининг сийрат ҳақидаги китоблари охирига қўйган эдилар. Устозга вафо тариқасида мазкур матнни эркинроқ таржима қилиб, шу ерга қўйишни муносиб топдик. Аллоҳ у кишини раҳмат айласин. Омийн!

ХУЛОСА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварада биринчи Ислом жамиятига асос солдилар. Ушбу жамият адолат, муҳаббат ва тўлалигича ижтимоий тенглик асосида қурилди. Бу жамиятнинг дастури тўкис, низоми тўлиқ бўлди. У зотга Аллоҳ таоло салавот ва саломлар юборсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ато этилган, олийжаноб сифатлар билан йўғрилган самовий руҳият соҳиби эдилар, ҳоллари покиза зот эдилар. Аллоҳ таоло у зот орқали бутун оламга муносиб дин берди, уни динларнинг охиргиси бўлишини ирода этди. Башарият дин ва дунё низомини ундан оладиган бўлди.

Албатта, бу ҳақиқатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Ўзининг иродаси ва кўрсатмаси ила бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг элчиси сифатида илоҳий таълимотларни бандаларга етказдилар, ўз шахсларида татбиқ қилиб кўрсатдилар. Бошқача қилиб айтганда, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг юбориб турган ваҳийси орқали иш тутдилар.

Ваҳийнинг таърифи ва хусусиятлари ҳақида аввал тўхталиб ўтдик. Энди эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий асосида жамият қуришда қандай иш юритганлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз. Аввало ваҳийнинг даражалари ҳақида сўз юритамиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ваҳийнинг даражалари

Ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон

ИСЛОМ ДИНИ

  1. Иймон – ақийда
  2. Ислом – шариат
  3. Эҳсон – тариқат
Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

100 та сирли ибора (3-қисм)

22.04.2025   3472   37 min.
100 та сирли ибора (3-қисм)

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

ёхуд

ОДАМЛАР БИЛАН

МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ

100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(3-қисм)

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИДАН:

è Ўзингга раво кўрмаганни

Ўзгага ҳам раво кўрма!

 

è Ширин-ширин сўзласанг,

Илон инидан чиқар.

Аччиқ-аччиқ сўзласанг,

Мусулмон динидан чиқар.

 

è Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –

Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!

 

è Анжом – уй зийнати,

Сўз – инсон зийнати.

 

è Кўнгилни қўл билан овламасанг,

Тил билан овла!

 

è Буғдой нонинг бўлмасин,

Буғдой сўзинг бўлсин!

 

è Пулинг бўлмаса, бўлмасин,

Ширин сўзинг бўлсин!

 

è Бир яхши гап эсдан чиқмас,

Бир – ёмон гап.

 

è Оғзига келганни демак — нодоннинг иши,

Олдига келганни емак — ҳайвоннинг иши.

 

è Аччиқ савол бериб,

Ширин жавоб кутма.

 

è Аччиқ тил – заҳри илон,

Чучук тилга – жон қурбон.

 

è Айтар сўзни айт,

Айтмас сўздан қайт!

 

è Тузсиз ошнинг эпи осон,

Тузсиз гапнинг эпи қийин.

 

è Айтилган сўз – отилган ўқ.

 

è Ариқни сув бузар,

Одамни – сўз.

 

è Беморга ширин сўз керак,

Ақлсизга – кўз.

 

è Бир таваккал бузади

Минг қайғунинг қалъасин.

Бир ширин сўз битказар

Минг кўнгилнинг ярасин.

 

è Гап эгасини топади.

 

è Гапи тўмтоқнинг ўзи тўмтоқ.

Гапи тўнгнинг ўзи тўнг.

 

è Дунёни ел бузар,

Одамни – сўз.

 

è Дуо билан эл кўкарар,

Ёмғир билан ер кўкарар.

 

è Дуо олган – омондир,

Қарғиш олган – ёмондир.

 

è Ёмон гап ер тагида уч йил ётар.

 

è Ёмон сўзнинг қаноти бор.

 

è Ёмон сўз эгасига қайтар.

 

è Ёмон тил ё жонга урар,

Ё – имонга.

 

è Ёмоннинг юзи қурсин,

Гапирган сўзи қурсин.

 

è Заҳар тил суякни ёрар.

 

è Илиқ сўз – шакар,

Совуқ сўз – заҳар.

 

è Йўл қувган хазинага йўлиқар,

Сўз қувган – балога.

 

è Кишининг ўзи етмаган ерга сўзи етар.

 

è Куч эгмаганни сўз эгар.

 

è Кўп гап – эшакка юк.

 

è Овқатни туз мазали қилар,

Одамни – сўз.

 

è Одам сўзи билан синалар,

Ош – тузи билан.

 

è Одам сўзлашиб танишар,

Ҳайвон – ҳидлашиб.

 

è Оз гапир – соз гапир!

 

è Олим сўзи оз,

Оз бўлса ҳам – соз.

 

è Сабр қилган мой ошар,

Олқиш олган кўп яшар.

 

è Севдирган ҳам тил,

Бездирган ҳам тил...

 

è Сел ариқни бузар,

Ёмон сўз – дилни.

 

è “Сен” ҳам бир оғиздан,

“Сиз” ҳам...

 

è Суйдирган ҳам тил,

Куйдирган ҳам тил.

 

è Суяксиз тил суяк синдирар.

 

è Сўз найзадан ўткир.

 

è Сўз оёқдан илгари борар.

 

è Сўз – чумчуқ эмас,

Оғиздан чиқса, тутиб бўлмас.

 

è Сўздан сўзни фарқи бор,

Ўттиз икки нархи бор.

 

è Сўзи нодурустнинг ўзи нодуруст.

 

è Сўзлагандан сўзламаган яхшироқ,

Сўзлаб эдим – бошимга тегди таёқ.

 

è Сўзнинг бойлиги – одамнинг чиройлиги.

 

è Танбаллик – кулфат,

Маҳмаданалик – офат.

 

è Тил – ақл безаги.

 

è Тил – ақл тарозуси.

 

è Тил – ақл ўлчови.

 

è Тил бор – бол келтирар,

Тил бор – бало келтирар.

 

è Тил – дил калити.

 

è Тил – дил таржимони.

 

è Тил тиғи қилич тиғидан ўткир.

 

è Тил югуриги – бошга,

Оёқ югуриги – ошга.

 

è Тил яхшиси бор этар,

Тил ёмони хор этар.

 

è Тил тиғдан ўткир.

 

è Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз.

 

è Тилга эътибор – элга эътибор.

 

è Тилга эҳтиёт – элга эҳтиёт.

 

è Тили нопок – ўзи нопок.

 

è Тили шириннинг дўсти кўп.

 

è Тилни боғла дил билан,

Дилни боғла тил билан.

 

è Тиғ жароҳати битар,

Тил жароҳати битмас.

 

è Туя ҳам муомалага чўкар.

 

è Тўқсон оғиз сўзнинг тўқсонта тугуни бор.

 

è Узун тил – бошга тўқмоқ,

Бўйинга – сиртмоқ.

 

è Узун тил – умр заволи.

 

è Фил кўтармаганни тил кўтарар.

 

è Шакар ҳам тилда,

Заҳар ҳам тилда...

 

è Ширин сўз шакардан ширин.

 

è Ширин сўз – қаймоқли айрон,

Аччиқ сўз – бўйнига арқон.

 

è Ширинсўз шоҳ косасида сув ичар.

 

è Ширин юзингдан ширин сўзинг аъло.

 

è Эгасиз қарғиш эгасини топар.

 

è Этиги ёмон тўр булғар,

Оғзи ёмон – эл.

 

è Яхши гапга қулоқ сол,

Ёмон гапга улоқ сол.

 

è Яхши гапнинг ҳам қулоғи бор,

Ёмон гапнинг – ҳам...

 

è Яхши нақл – томири ақл.

 

è Яхши оғизга – ош,

Ёмон оғизга – тош.

 

è Яхши сўз болдан ширин.

 

è Яхши сўз бўлдиради,

Ёмон сўз куйдиради.

 

è Яхши сўз кулдирар,

Ёмон сўз ўлдирар.

 

è Яхши сўз – кўнгил подшоси.

 

è Яхши сўз суюнтирар,

Ёмон сўз куюнтирар.

 

è Яхши сўз тўрга элтар,

Ёмон сўз – гўрга.

 

è Яхши сўз – юрак ёғи,

Ёмон сўз – юрак доғи.

 

è Яхши сўз қанд едирар,

Ёмон сўз панд едирар.

 

è Яхши сўзга учар қушлар эл бўлар,

Ёмон сўзга пашша кучи фил бўлар.

 

è Яхши сўздан – вафо,

Ёмон сўздан – вабо.

 

è Қизил тилим бўлмаса,

Қишлар эдим элимда.

Яшил тилим бўлмаса,

Яйрар эдим элимда.

 

è Яхшининг сўзи – олтин,

Ёмоннинг сўзи – болта.

 

è Яхшининг сўзи тошни эритар,

Ёмоннинг сўзи бошни чиритар.

 

è Ўн оғиз сўз минг оғиз бўлар.

 

è Ўттиз тишдан чиққан сўз

Ўттиз уруққа тарқалар.

 

è Ўқ бирни ўлдирар,

Сўз – мингни.

 

è Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.

Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.

 

è Қарғишнинг икки учи бўлар.

 

è Яхши сўзнинг мазасини билмаган

Ёмон сўзнинг иззасини билмас.

 

è Қулоқдан кирган совуқ сўз

Кўнгилга бориб муз бўлар.

 

è Гўшт-ёғ берма,

Яхши тил бер!

 

è Яхши ош бергунча, яхши сўз бер!

 

è Яхши гап билан илон инидан чиқар,

Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.

 

è Дўст орттираман десанг,

Ширин суҳбат қил!

Душман орттираман десанг,

Чақиртикан бўл!

 

è Қаттиқ гап қариндошга ҳам ёқмас.

 

è Яхшининг сўзи – қаймоқ,

Ёмоннинг сўзи – тўқмоқ.

 

è Яхши-яхши деса,

Кунда тариқдай яхшилик қўшилар эмиш.

Ёмон-ёмон деса,

Кунда тариқдай ёмонлик қўшилар эмиш.

 

è Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.

 

è Ўзига боқма – сўзига боқ!

 

è Таом лаззати ўзида,

Одам лаззати – сўзида.

 

è Ҳар меванинг пўчоғи бор,

Ҳар сўзнинг ўлчови бор.

 

è Тилингда бўлса болинг –

Кулиб турар иқболинг.

 

è Ёмон тил бошга бало келтирар.

Яхши тил давлат, дунё келтирар.

 

è Мазлумлар дилини оғритма бир зум,

Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...

 

è Гапнинг қисқаси яхши,

Қисқасидан ҳиссаси яхши.

 

(3 қисм тугади. Давоми бор...).

 

Иброҳимжон домла Иномов.

 

 

Ибратли ҳикоялар