Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Ўзбекистон халқига байрам табриги

7.12.2020   2089   13 min.
Ўзбекистон халқига байрам табриги

Муҳтарам ватандошлар!

Сизларни улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Қадрли дўстлар!

Дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси туфайли бу йил Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмаяпти. Лекин, шунга қарамасдан, бу байрамнинг руҳи ва шукуҳи қалбларимизда, юракларимизда давом этмоқда. Бу айём юртимизнинг меҳнат жамоалари, таълим масканлари, маҳаллаларда шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.

Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, биз бундан тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларни бошладик. Уларнинг ҳуқуқий асосини Конституциямизга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунлар ташкил этмоқда.

Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

“Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда.

Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ҳурматли юртдошлар!

“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда.

Ана шундай конституциявий пойдеворга асосланган ушбу тизим дунё шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятда турли таҳдид ва синовлар, жумладан, глобал пандемияга қарши курашда, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган табиий ва техноген офатларнинг оқибатларини бартараф этишда ўзини тўла оқлади.

Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Аввало, Асосий қонунимизда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Пандемия даврида аҳоли соғлиғини сақлаш, ишсиз қолган фуқароларга ёрдам беришга, тадбиркорларга биринчи даражали эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 10 триллион сўм фондга эга бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари соғлиқни сақлаш, ижтимоий инфратузилмалар, аҳоли ва корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Йил давомида 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 8 миллиондан зиёд фуқаро учун 34 триллион сўмга яқин имтиёзлар берилди, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва бандликни оширишга 2,6 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди.

Ўткир ижтимоий муаммо бўлиб келаётган аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича давлат дастури доирасида фақат жорий йилнинг ўзида 13 мингдан зиёд юртдошларимизга янги уйларнинг калити топширилди.

Шу билан бирга, Сардоба туманида офатдан зарар кўрган хонадонлар учун кўп қаватли янги уйлар, ижтимоий инфратузилма объектларини ўз ичига олган гўзал ва замонавий шаҳарча бунёд этилди.

Оғир турмуш шароитида яшаётган мингдан ортиқ хотин-қизларга уй-жой бўйича бошланғич бадаллар тўлаб берилгани ҳам ана шундай эзгу ишларимиз қаторига киради.

Фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мутаҳкамлаш бўйича жадал ишлар давом эттирилмоқда.

Буларнинг барчаси пандемия ва унинг оқибатида юзага келган иқтисодий ва ижтимоий инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш имконини бермоқда ва халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қадрли юртдошлар!

Конституциямизда ўз ифодасини топган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилмоқда.

Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2,5 миллиондан зиёд аъзоси бўлган 590 мингдан ортиқ оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилди. Хусусан, ҳар бир хонадондаги аёллар ва ёшларнинг эҳтиёжи, ҳаётий муаммолари аниқланиб, 300 мингга яқин оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланди.

Энг муҳими, одамларда эркин меҳнат қилиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик ҳисобидан камбағалликдан чиқиш тажрибаси ва кўникмаси шаклланмоқда.

Юрт бошига иш тушган оғир кунларда бизнес ҳамжамияти, тадбиркор ва фермерларимиз, меҳр-оқибатли фуқароларимиз иштирокида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати инсонпарварликнинг яна бир юксак намоёни бўлди. Умумхалқ ҳаракати доирасида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож тоифаларига 204 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.

“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда.

Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим конституциявий тамойил – инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳаларда, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг тасдиғини кейинги тўрт йилда 2 минг 600 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 2 минг 400 нафар шахс суд залидан озод қилингани, 7 та суд босқичи 3 босқичга келтирилиб, суд тизими “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта ташкил этилаётганида кўриш мумкин.

Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда.

Афв институтини қўллаш борасидаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Шу йилнинг ўзида билиб-билмай жиноятга қўл урган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган 300 дан ортиқ шахс афв этилиб, жазони ўташ жойларидан озод қилинди, 200 нафар маҳкумнинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Узоқ вақт фуқароликка эга бўлмай келган инсонлар бугунги кунда ўзларини тўлақонли Ўзбекистон фуқаролари деб ҳис этмоқда. Ўтган йигирма беш йилда 482 нафар шахсга фуқаролик берилган бўлса, биргина жорий йилда 8 мингдан зиёд киши шу ҳуқуққа эга бўлди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк сотиб олиш билан боғлиқ чекловлар бекор қилингани туфайли 40 мингдан ортиқ фуқаро пойтахт минтақасида сотиб олган уй-жойларини ўз номига расмийлаштириш имконига эга бўлди.

Муҳтарам ватандошлар!

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, шу йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бир қатор глобал ва минтақавий ташаббуслар, аниқ амалий таклифлар халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлаш ўринлидир.

Октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди.

Бу – биз олиб бораётган очиқ ва фаол ташқи сиёсатнинг яна бир катта ютуғи, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳити яхшиланаётгани, туризм ва экспорт салоҳияти юксалиб бораётгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг стандарт ва қоидалари ҳаётга фаол татбиқ этилаётгани туфайли Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни йил сайин юксалмоқда.

Пандемия ва глобал иқтисодий инқироз сабабли юзага келган турли тўсиқ ва муаммоларга қарамасдан, ташқи алоқаларимиз тўхтаб қолмади. Қўшни ва ҳамкор давлатлар билан сиёсий ва савдо-иқтисодий, гуманитар соҳалардаги алоқалар узлуксиз давом этмоқда.

Хорижий мамлакатлардаги фуқароларимизнинг мавжуд муаммоларини тезкор ва ижобий ҳал этиш, уларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ватанимизга қайтариш борасида бу йил аниқ чора-тадбирлар амалга оширилгани халқимизга яхши маълум. Хусусан, пандемия даврида 500 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси юртимизга олиб келинди. Чет элларда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин юртдошимизга турли ёрдамлар кўрсатилди.

Ёлғон ваъдаларга алданиб, мамлакатимиздан чиқиб кетган ва қуролли можаролар бўлаётган Яқин Шарқ минтақасида оғир кунларни бошидан ўтказаётган фуқароларимиз, асосан аёллар ва болаларни мамлакатимизга қайтариб олиб келиш бўйича инсонпарварлик тадбирлари давом эттирилмоқда.

Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Кейинги йилларда эришган ижобий натижаларимиз биз кўзлаётган улуғвор мақсадлар йўлидаги дастлабки қадамлар эканини яхши тушунамиз. Бу борада ҳали олдимизда улкан вазифалар турибди.

Биринчидан, Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Жумладан, халқимиз манфаатларига, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, давр талабларига жавоб бермайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиб, қонунчилик базасини ихчамлаштириш, бизнес фаолиятини тартибга солиш борасидаги ортиқча нормаларни камайтириш зарур.

Ушбу вазифаларни бажаришда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўладилар, деб ўйлайман.

Иккинчидан, тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.

Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади.

Мазкур йўналишдаги ишларимизни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб бормоқдамиз.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтаман: бу масала биз учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга раҳна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчамизнинг бурчимиздир.

Учинчидан, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш масалаларига янада кучли эътибор қаратишимиз зарур. “Қонун – устувор, жиноятга – жазо муқаррар” деган конституциявий тамойилни амалда таъминлаш учун ҳуқуқ-тартибот идораларининг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилади.

Тўртинчидан, муҳтарам нуронийларимиз, ҳурматли хотин-қизларимиз, азиз ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, хонадон ва маҳаллаларимизда, ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш биз учун бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолади.

Бешинчидан, сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишларимизнинг таъсирчанлигини янада оширамиз.

Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифасидир.

Мана шундай эзгу ва шарафли мақсад йўлида кексаю ёш барча ватандошларимиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиладилар, янги Ўзбекистон бунёдкори бўлиб майдонга чиқадилар, деб ишонаман.

Сизларни Конституция куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ва ижтимоий ҳаётда катта муваффақиятлар тилайман.

Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файзу барака асло тарк этмасин!

Барча эзгу орзу-ниятларимиз рўёбга чиқсин!

Яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳдан илм ва офият сўранглар

22.01.2025   1132   4 min.
Аллоҳдан илм ва офият сўранглар

Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди. 

Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.

Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.

Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.

Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.

Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.

Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз,  ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).

Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1] Имом Термизий ривояти.