Яқинда бир йигитнинг: “Айрим имомлар қиммат автоулов миниб, энг яхши кийимларни кийиб, маза қилиб юради. Тағин камтар ва хокисор бўлиш, исроф қилмаслик тўғрисида насиҳат қилишади. Ахир, ўзи маркабини сотиб, йўқсилларга тарқатса, бўлмайдими?..” деганини эшитиб қолдим.
Афсуски, одамлар орасида шундай фикрлайдиганлар оз эмас. Баъзи кишилар кўз ўнгида имом, умуман, мусулмон киши деганда, қандайдир қолоқ бир инсон қиёфаси жонланади. Гўё, мўмин-мусулмонларнинг ҳаёт тарзи, тутуми масжидда ўтиришу маъракага боришдан иборатдек...
Бундай қараш қаёқдан пайдо бўлди?! Имом, мусулмон деганда фақат ночор, жонсарак, овози зўрға чиқадиган кишини тасаввур қилувчилар кўзига “замонавий” кўринган мўмин-мусулмон динга амал қилмаётгандек кўринади, шекилли. .
Ҳолбуки, кимнинг бой ёки фақир бўлиши Аллоҳнинг изни билан, қандай ҳаётни танлаши ўзининг иши. Насиҳат қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш – нафақат имом, балки ҳар бир мўминнинг вазифаси.
Аллоҳ таоло ҳалол касб билан топилган бойликни ҳеч кимга ҳаром қилмаган. Бошқаларга ярашган бойлик нега энди мўмин-мусулмонга ярашмас экан?! Никоҳ ўқиётган имом куёвга: “Аёлингизнинг таъминоти, кийим-кечаги, зеб-зийнати, уй жиҳозию рўзғор буюмлари зиммангизда”, деб шариат кўрсатмасини эслатса-ю, ўзи ночор яшаса?! Минбарда: “Фарзандларингизни ўқитинг, таълим йўлида молингизни аяманг, деб ўзи бировнинг қўлига қараб турса? Имомликни уддалаб, бўш вақтида тижорат билан шуғулланса – бунинг нимаси ёмон?!
“Имом” сўзи истилоҳда “олдинда турувчи” деган маънони англатади. У одамларга пешқадамдир. У намозда олдинда турганидек, бошқа ишларда ҳам пешво бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам имом – ҳар бир ишда олдинда турувчи эдилар. У зотдан кейин Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розийаллоҳу анҳум халифа, шунингдек, имом эдилар. Улар фақирликка тарғиб қилишмаган. Туя ўша даврнинг энг яхши улови ҳисобланиб, у зотларнинг бир қанчадан яхши туялари бор эди. Ҳеч бири туя қимматли улов, эшак минамиз, дейишмаган. Жаннат башорати берилган улуғ саҳобалар орасида Абдураҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳу энг бойи эди.
Саҳобалар ҳалол тижоратда ўзаро мусобақалашар эдилар. Набий алайҳиссалом ҳеч кимга нега бой бўлиб кетяпсан, демаганлар. Агар бойлик айб бўлганида, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга бойлик бермаган бўларди.
Исломда бой бўлиш эмас, балки мол-дунёга ҳирс қўйиш қораланган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот» (Бақара сураси, 29-оят). Бошқа бир оятда: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?”» «Айтинг: “У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)”», дейилади (Аъроф сураси, 32-оят). Мўмин бой бўлса, закотини жойига берса, қандай яхшидир! .
Шайх Муҳаммад Ғаззолий (1917–1996) бундай деган: “Қорун эга бўлган мулкдан кўпроғига эга бўлинг! Сулаймоннинг салтанатидан каттароқ салтанатни қўлга киритинг! Ҳақиқат қўлловга муҳтож замонда, уни қўллаш учун буларнинг барини илкингизда тутинг! Ўлим онлари келган пайтда эса уларни Аллоҳ йўлида қолдиринг! Камбағал, сойилдай яшаш жаннат йўли деб ишониш телбалик ва алданишдир”.
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бизнинг кунимизгача етиб келган ижтимоий аҳамиятга эга бир қанча сўзлари мавжуд, лекин биз бу ерда мавзуга оид бўлганларини келтириб ўтамиз:
«Асло ўтирган жойингизда «Аллоҳим, менга ризқ бер», деб ўтираверманг. Биласизки, осмондан олтин ҳам, кумуш ҳам ёғмайди. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирининг ризқига сабабчи қилиб яратган».
«Инсонларга муҳтож бўлмасликка интилинглар. Шу тариқа сиз ҳам динингизни сақлаб қоласиз, ҳам инсонларнинг энг карамлиси бўласиз».
«Мен инсонларнинг энг сахий ва энг яхши хулқлисини биламан. Энг сахий инсон ўзи муҳтож бўлатуриб, бера олган инсондир. Энг яхши хулқли инсон эса унга ноҳақлик қилганни кечириб юборган инсондир».
«Агар сабр (йўқсиллик) ва шукр (бойлик) иккита туя деб фараз қилинса, кай бирига минсам (миндирилсам) ҳам, эътибор бермасдим».
«Қарзингни камайтир, эркин яша!».
«Сиз машаққатларга сабр қилишга одатланинг».
«Бойларнинг ёнига бориш фақирлар учун имтиҳондир».
«Сиз бойликка асир бўлиб қолманг. У сизни исёнга олиб боради».
«Оила аъзоларингизнинг сонини орттиринг. Ризқингиз сизга қаердан берилганини билолмайсиз».
«Диққат қилинг, Аллоҳ таоло улуғ инсонларни яратган, сиз уларга ҳурмат кўрсатинг».
«Инсоннинг фазилатини моли, асллигини дини, инсонлигини хулқи билдиради».
«Иззат бу дунёда мол билан, охиратда эса яхши амал биландир».
«Бу дунёда менга уч нарса севдирилди: оч бўлганни тўйдириш, сувсаганни сувга қондириш ва юпунни кийинтириш».
«Саъй-ҳаракат қилиш энг яхши сармоядир».
«Ҳаракат қилиш заҳмат, бўш туриш эса маҳв бўлиш демакдир».
«Гуноҳдан сақланганинг каби, бу дунё неъматлари сени издан чиқаришидан ҳам сақлан. Аллоҳга қасамки, сени алдайдиган ва йўлдан оздирадиганларнинг энг қўрқинчлиси дунё неъматидир».
«Ишсизликнинг ёмон натижаларидан сақланинг! Шубҳасиз, у сархушликдан ҳам зарарли бўлган ёмонликларни ўзида сақлайди».
«Аллоҳ таоло тежамкор ва мўътадил бўлишни ёқтиради, исрофни ёқтирмайди».
«Очкўзликнинг баъзиси фақирлик, кўзи тўқликнинг баъзиси бойликдир».
«Инсон оз ейиш билан ўлмайди».
«Йўқсилга кечки овқат едирганни Аллоҳ мағфират қилади».
«Дунё аҳли билан яқин алоқада бўлманг, чунки у ризқни камайтиради».
«Ҳар бир нарсанинг боши бўлади. Яхшиликнинг боши унинг дарҳол қилинишидир».
«Аллоҳ таоло Ўзидан қўрққанни сақлайди, Унга ишонганга кифоя қилади, Унинг розилиги учун қарз берганни мукофотлайди, шукр қилганнинг эса неъматини зиёда қилади».
«Эй фақир-йўқсиллар, бошингизни тик тутиб, шарафингизни сақланг. Ўз ризқингизни ўзингиз топишга интилинг, яхшиликлар учун шошилинг, инсонларга юк бўлманг».
«Миллионер саҳобалар» китобидан