Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2025   |   11 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:57
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2025, 11 Зулҳижжа, 1446

Бир савол сўрасам: 40 йиллик қазо намозларимни қандай адо этаман?

07.12.2020   2343   1 min.
Бир савол сўрасам: 40 йиллик қазо намозларимни қандай адо этаман?

— Ёшим 60 га яқинлашяпти. Намоз ўқий бошлаганимга 20 йиллар бўлди. Мен аввал ўқимаган намозларим қазосини қандай ўқишим керак? Ҳозирги намозларга қўшиб ўқийманми ёки фақат фарзини ўқисам етадими?

— Намознинг фақат фарзлари ва Витр вожиб намози қазо қилинади. Суннат намозлар қазо қилинмайди. Қазо ўқимоқчи бўлган инсон ҳар бир кундалик фарз намозидан олдин ўша намознинг қазосидан ҳам ўқиб борса, ҳар куни бир кунлик қазо бажарган бўлади. Ёки куннинг ё кечанинг маълум бир вақтини ажратиб олиб, бир йўла тартиб билан: Бомдод, Пешин, Аср, Шом, сўнгра Хуфтон ва Витрни қазо қилса ҳам бўлади. Бунда агар иккитадан қазо намоз ўқиса, икки кунлик қазо намози соқит бўлади. Мана шу зайлда, ойлар, йиллар давомида бир неча йиллик қолдирилган намозларни қазо қилиш мумкин.

Сизга ўхшаб ўн йил, ундан ортиқ ёки кам муддатдаги кўплаб намозларни тарк қилган кишилар ушбу тартибга амал қилишлари керак.

Ҳар намознинг вақтида бир-иккита қазони ўқиб борсангиз ҳам бўлади. Бунда ўзингизга осон бўлиши учун, ҳар намозда уни “охирги ёки биринчи қолдирилган намоз” деб қасд қиласиз. Масалан, “биринчи қолдирган Бомдодим” ёки “охирги қолдирган Бомдодим”, деб ният қиласиз. Аср ва Шом намозлари орасида қазо намоз ўқиш жоиз.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Минода қандай амаллар бажарилади?

04.06.2025   4217   2 min.
Минода қандай амаллар бажарилади?

Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.

“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.

“Тарвия” – тафаккур маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.

 

Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.

Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.

 

Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.

Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).

Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.

Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..

Даврон НУРМУҲАММАД