Ислом оламида беқиёс ақида алломаси Тоҳа Ал-Дассуқий Ал-Ҳубайший вафот этди.
Аллома жуда ҳам йирик олим, машҳур шайхлардан бўлиш билан бирга, ўта камтарин, кичиккўнгил, мурувватли, олийжаноб инсон эдилар. Фазилатлари беқиёс эди.
Шайхнинг кўзлари аъмо бўлса‑да, илмлари уммон эди. Уйлари айланасига тўла китоб, кўпроқ шогирдлар ўқиб беришади. У кишининг ёзган китоблари жуда ҳам кўп. Хусусан, ақида, фалсафа ва тасаввуфга оид асарлари машҳур ва ўта дақиқ. Охирги китобларидан бири «Таҳовий ақидаси»ига ёзган шарҳлари эди.
2018 йилда Ўзбекистонга Миср араб Республикасидан «Ал-Азҳар» университети Ақийда ва фалсафа кафедраси мудири устоз аллома Тоҳа Дассуқий Ҳубайший ташриф буюрган эдилар.
Доктор Тоҳо Дасcуқий Ҳубайший Имом Бухорий, Термизий, Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг юрти, хусусан Имом Бухорийнинг мақбарасини зиёрат қилганидан беҳад хурсанд эканини айтиб ўтган. У кишининг Ўзбекистонга, бу ўлка алломаларига бўлган муҳаббатлари ўзгача. «Ўзбекистонга қилган сафарим» деган китоб ёзиб, нашр қилдилар. Унда юртимизнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида жуда ҳам яхши гаплар, қайноқ фикрлар ёзилган. Умуман олганда, Шайх ватанимизни, халқимизни жуда ҳам яхши кўрар, ўта ҳурмат қилар эдилар.
Ҳубайший ҳазратларининг кўзлари ожиз бўлса-да, қалб кўзлари нурли эди. Кўришган кишиларини овозидан таниб олар эканлар.
Аллоҳим бу садақаи жорияларини қиёматга қадар Ислом уммати учун бардавом манфаатли бўлишини насиб этсин.
Аллоҳ таоло улуғ алломанинг барча хайрли ишларини, солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, охиратларини обод қилсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: "Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман". Агар у (банда): "Алҳамду лиллааҳи Роббил ъааламийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга ҳамд - шукр айтди", дейди. Банда: "Ар-Роҳманир Роҳийм", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга сано - мақтов айтди", дейди. Банда: "Маалики йавмид-дийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Мени улуғлади", дейди. Банда: "Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн", деса, Аллоҳ: "Бу - Мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман", дейди. Агар банда: "Иҳдинас-сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн", деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, сўраганини бердим", дейди" (Имом Насоий ривояти).
Бир дақиқада Фотиҳа сурасини 6 маротаба ўқий оласиз. Унинг ҳарфлари сони 122 та. Агар уни бир маротаба ўқисангиз, 122х10=1220 та савоб берилади. Чунки ҳадисга мувофиқ, ҳар бир ҳарф учун 10 та савоб ваъда қилинган. Агар сиз уни 6 маротаба ўқисангиз, 7320 та савобга эга бўласиз. Бу Аллоҳнинг фазли, ким уни зиёда қилса, Аллоҳ ҳам фазлини зиёда қилаверади.
«Фазилатли амаллар - ажри улуғ амаллар» китобидан