Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТУШ, КАШФ ВА ИЛҲОМ

6.12.2020   2964   18 min.
Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТУШ, КАШФ ВА ИЛҲОМ

Баъзи сўфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта муболағали сўзларни кўп гапирадилар. Тушга қараб иш қиладиганлар-ку, исталганча топилади.

Баъзи вақтларда туш шариатга хилоф нарсага далолат қиладиган бўлса, шариатни қўйиб, тушга амал қилган кимсалар ҳам бор, астағфируллоҳ.

Баъзи бир шайхлар муридларнинг тушларини уларнинг охиратига зарар етказадиган даражада нотўғри таъвил қиладилар.

Яна бирлари тушга суяниб, бидъат ишларни жорий қилишгача бориб етганлар.

Аксар вақтларда туш шариатга хилоф равишда, бир ишни бошқасидан афзал кўришга сабаб бўлган.

Бу нарсаларнинг ҳаммаси тушга шариат нуқтаи назаридан эмас, муболағали равишда қараш орқали келиб чиққан.

Аслида эса туш ҳақида келган оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш ва уларни шаръий асосларда таъвил қилиш керак бўлади.

Туш инсон ҳаётининг ажралмас қисми экани ҳаммага маълум. Туш инсонни кўпинча ҳайратга, ташвишга ёки сурурга ҳам солади. Туш кўплаб саволларга ва ечилмаган жумбоқларга ҳам сабаб бўлган нарсадир.

Барча замон, макон ва халқларда тушга нисбатан ўзига хос қараш, муносабат, ишонч ва хурофотлар ҳам бордир. Туш ҳақидаги тушунчалар, мафкуралар, тахминлардан ташқари, у ҳақида ўтказилган илмий ишлар ва ёзилган китоблар ҳам бор.

Ҳозирги кунимизда мусулмонлар орасида туш ҳақида турлича тушунчалар мавжуд. Уларнинг кўплари турли манбалардан олинган. Аммо исломий манбалардан олинган маълумотлар деярли йўқ десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Очиғини айтадиган бўлсак, кўпчилигимиз туш ҳақида Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари борлиги ҳақида тузукроқ маълумотга ҳам эга эмасмиз.

Бунинг устига, бизда ҳали туш ҳақида исломий асосда бирор мақола ёки китобча ёзилган эмас.

Қуръони Каримда туш асосан Юсуф сурасида зикр қилинган. Бу сура туш билан бошланади, унинг ўртасида ҳам, охирида ҳам туш ва унга оид нарсалар зикр қилинади.

Сураи каримада Юсуф алайҳиссалом кўрган тушини отаси Яъқуб алайҳиссаломга сўзлаб бераётганини тасвирлаш билан қиссага кирилади ва ҳоказо.

Ҳаётга назар соладиган бўлсак, баъзилар тушни тамоман тан олишмайди. Баъзилар эса ҳамма нарсани тушга боғлаб қўйишади. Исломда эса ҳақиқий ва керакли мавқиф тутилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «وَالرُّؤْيَا ثَلَاثٌ: الْحَسَنَةُ بُشْرَى مِنَ اللهِ، وَالرُّؤْيَا يُحَدِّثُ الرَّجُلُ بِهَا نَفْسَهُ، وَالرُّؤْيَا تَحْزِينٌ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَإِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ رُؤْيَا يَكْرَهُهَا فَلَا يُحَدِّثْ بِهَا أَحَدًا، وَلْيَقُمْ فَلْيُصَلِّ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссалом шундай дедилар: «Туш уч хилдир: Солиҳ туш – Аллоҳдан севинч башоратидир; Киши ўзига ўзи гапирган нарсани тушида кўриши; Маҳзун туш – шайтондандир. Агар бирингиз ўзига ёқмаган нарсани туш кўрса, уни одамларга айтмасин, туриб, намоз ўқисин».

Бу ҳадиси шарифда туш ҳақида бир неча умумий қоида бўлган ҳақиқатлар зикр қилинмоқда.

Туш уч хилдир:

  1. «Солиҳ туш – Аллоҳдан севинч башоратидир».

Агар мусулмон одам таҳорат қилиб, ухлашнинг исломий одобларига амал қилиб, ҳеч нарсани ўйламай ётган бўлса-ю, яхши туш кўрса, бу Аллоҳ таолодан юборилган яхшиликка ишора бўлади.

  1. «Киши ўзига ўзи гапирган нарсани тушида кўриши».

Агар одам бошига тушган бирор ишни кўп ўйлаб юрган бўлса, ўша ўйлаш таъсирида туш кўради. Бундай тушнинг эътибори йўқ бўлади.

  1. «Маҳзун туш – шайтондандир».

Ухлаган одам ўзини маҳзун қиладиган туш кўрса, унга шайтон таъсир қилган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган бир ҳадиси шарифларида:

«Ҳулм (ёмон туш) шайтондандир. Сиздан ким ҳулм кўрса, ундан паноҳ тиласин ва чап тарафига туфласин. Ўшанда унга зарар қилмайди», дейилган.

«Агар бирингиз ўзига ёқмаган нарсани туш кўрса, Уни одамларга айтмасин, туриб, намоз ўқисин», дедилар».

Юқорида айтилганидек, аввал чап тарафига туфлайди, паноҳ тилайди ва кейин туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқийди. Яна муҳим шартлардан бири: ўша ёқимсиз тушни ҳеч кимга айтмасликдир.

Демак, мусулмон уламолар тушни уч турга бўладилар:

  1. Аллоҳ таолодан бўлган илҳомий тушлар.

Уларга Юсуф сурасидаги тушлар мисол бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари ҳам шу хилдаги тушлардан. Маълумки, у зот пайғамбарликларининг дастлабки олти ойида кўрган тушлари худди тонг ёғдусидек аниқлик билан воқеликда ҳам такрорланиб турган.

Бу ҳақда саҳиҳ ривоятлар кўп.

Набий алайҳиcсаломнинг «Тўғри туш набийликнинг қирқ олти жузидан биридир», деган ҳадисларини ҳам уламолар, ана шу олти ойга ишорат, дейдилар. Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набийликлари йигирма уч йил бўлган. Йигирма уч йил қирқ олтита олти ойликдан иборат. Демак, туш ўнгидан келиб юрган ана шу дастлабки олти ой муддат йигирма уч йиллик набийлик муддатининг қирқ олтидан биридир.

  1. Ҳаётда бўлиб ўтган нарсаларни хотирлаб, эсга олиб, сўнгра ухлагандан кейин ўша нарсаларнинг тушга кириши. Бу тушнинг эътибори йўқ. Моддапарастлар шуни ҳам туш деб биладилар.
  2. Шайтон таъсири остида кўриладиган алғов-далғов тушлар. Бунинг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ. Шунинг учун ҳар бир кўрган тушни эътиборга олиб, таъбирини ахтаришга тарғиб қилиш ҳам йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида:

«Агар бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини тушида кўрса, бошқаларга айтсин. Ёмон кўрадиган нарсасини тушида кўрса, чап томонига уч марта туфласин-да, бошқа томонга ёнбошлаб олсин. Аллоҳдан унинг шарридан сақлашини сўрасин. Бу тушини ҳеч кимга айтмасин. Шунда туш унга зарар қилмайди», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муовия ибн Ҳайдатул Қушайрийдан ривоят қилган ҳадисда эса Набий алайҳиссалом:

«Туш таъбир қилинмагунча киши учун фолга ўхшаб тураверади, таъбир қилинса, воқеликда зоҳир бўлади», деганлар.

Уламоларнинг фикрича, туну куннинг узунлиги бир-бирига яқин бўлган мавсумда таҳорат билан ётган одамнинг саҳар чоғи кўрган туши ҳақиқатга яқин туш бўлади.

Тушга нисбатан шаръий назарнинг қисқачаси шу. Ҳеч ким тушни шаръий далил сифатида зикр қилмаган. Ҳеч ким тушни бирор шахснинг ёки ишнинг афзаллиги учун далил ҳам қилмаган. Тушда кўрган нарсага қараб эмас, туш ҳақида шариатда келган далилларга қараб иш юритиш лозим. Шайхлар тушларни шаръий қоидалар асосида таъвил қилишни билишлари ва тушга оид шаръий ҳукмларни яхши ўрганган бўлишлари керак.

Кашф нима?

Унга нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак?

Бу ва бунга ўхшаш саволларга тўғри жавоб олиш ҳам тасаввуф оламида катта аҳамият касб этади.

Аҳли тасаввуф мусулмонлардан бирига малоикаларнинг кўриниши ёки уларнинг овози эшитилишини, кўпчиликка эшитилмайдиган баъзи нарсаларнинг эшитилишини, кўпчиликка билинмайдиган нарсаларнинг билинишини «кашф» деб атайдилар.

Бунга Қуръони Каримда ҳам, Суннати мутоҳҳарада ҳам мисоллар бор.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:

﴿وَإِذۡ قَالَتِ ٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ يَٰمَرۡيَمُ إِنَّ ٱللَّهَ ٱصۡطَفَىٰكِ وَطَهَّرَكِ وَٱصۡطَفَىٰكِ عَلَىٰ نِسَآءِ ٱلۡعَٰلَمِينَ٤٢ يَٰمَرۡيَمُ ٱقۡنُتِي لِرَبِّكِ وَٱسۡجُدِي وَٱرۡكَعِي مَعَ ٱلرَّٰكِعِينَ٤٣

«Эсла, вақтики, фаришталар дедилар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени мусаффо қилди, поклади ва оламлардаги аёллар узра танлаб олди. Эй Марям, Роббингга итоаткор бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деган (42-43-оятлар).

Биби Марямнинг Набий ҳам, Расул ҳам эмасликлари ҳаммага маълум. Аммо Қуръони Каримда фаришталар у киши билан гаплашгани собит бўлиб турибди. Набий ёки расул бўлмаган одам билан фаришталарнинг гаплашиши «кашф» дейилади.

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлоғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин деб, бориб, уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Набий алайҳиссаломга сўзлаб берди.

У киши: «Ўқи, эй Ибн Ҳузайр», дедилар.

У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин деб қўрқдим, унинг яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб, чиқиб кетдим», деди. Набий алайҳиссалом:

«У нималигини биласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди. Ул зоти бобаракот:

«Улар сенинг овозингга келган фаришталар. Агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларни кўрса бўларди. Улар беркинмасдилар», дедилар».

Демак, саҳобалар даврида баъзи кишилар Қуръони Карим қироати билан ҳам фаришталарни кўриш имконига эга бўлганлар. Бу ҳам кашфнинг воқеликда бўлишига яна бир далилдир.

Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолийнинг ҳаёт йўлларида ва у кишига ўхшаш бошқа аҳли фазл кишиларнинг тажрибаларида кашф ҳодисаси кўп бўлганига далиллар мавжуд.

Афсусланарлиси шуки, баъзи сўфийлар кашфни шаръий маъносидан бошқа тарафга буриб юборганлар. Уларнинг кашфга нисбатан тутган мавқифлари бир неча катта хатолар содир бўлишига сабаб бўлган.

  1. Баъзи жоҳил сўфийлар кашфни Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарага зиёда равишда шаръий масдар деб эътибор қиладилар. Бундан ҳам даҳшатлиси, кашфга соҳиб бўлган сўфийнинг ҳар бир гапини худди ваҳийдек қабул қилиш зарурлигини даъво қилишдир.
  2. Бошқа бир тоифа сўфийлар эса кашф берилган киши шариат ҳукмларига амал қилмай қўйса бўлаверади, деган ботил фикрга борадилар. Улар «Ва Роббингга то сенга яқин келгунча ибодат қил» оятини ботил йўл билан таъвил қиладилар ва: «Кашф берилган киши намоз ўқимай, рўза тутмай ва бошқа ибодатларни адо қилмай қўйса бўлаверади», дейдилар.

Ислом уммати ижмоъси бўйича, бу фикрдаги кишилар кофир бўладилар. Чунки ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинган ва ундаги «яқин»дан мурод ўлимдир.

  1. Яна бир гуруҳ сўфийлар, кашф берилган шахс нима деса, шуни қилиш керак, деган фикрга борадилар ва шариат амалларини қўйиб, шайхларининг айтганини қилишга ўтадилар. Бунда улар шайхларининг айтгани шариатга тўғри келиши ёки тўғри келмаслигига эътибор қилмайдилар. Худди шайхлари маъсум, ҳамма гапи шариат ҳукми ўрнида ўтадигандек тасарруф қиладилар. Ҳолбуки, кашф синов учун берилган бўлиши ҳам мумкин.

Барча мусулмонлар, айниқса сўфийлар кашф масаласида жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқлари лозим.

Кашф – бўлиши мумкин нарса. У Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган фазл ёки синов ва имтиҳон бўлади. Кашф ила ақийда собит бўлмайди. Кашф билан янги шаръий ҳукм ҳам собит бўлмайди. Кашф билан ибодат ҳам собит бўлмайди. Кашф Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара таълимотларига тўғри келса, уни тасдиқлаш мумкин.

Мусулмон кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган, илм берувчи, йўлловчи, эслатувчи нарса «илҳом» дейилади. У ҳақиқий нарса бўлади. Аллоҳ таолонинг фазли ила баъзи мўмин-мусулмонларга илҳом берилиши бор гап.

Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида келган қуйидаги ҳадиси шарифни айнан илҳом маъносида тушунишимиз лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «لَقَدْ كَانَ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ رِجَالٌ يُكَلَّمُونَ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَكُونُوا أَنْبِيَاءَ، فَإِنْ يَكُنْ مِنْ أُمَّتِي مِنْهُمْ أَحَدٌ فَعُمَرُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, сиздан олдин, Бану Исроилдан, анбиёлардан бўлмасалар ҳам, уларга гапириладиган кишилар бор эди. Агар менинг умматимда бирорта ўшандоқ одам бўлса, Умар бўларди», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдаги «уларга гапириладиган кишилар», яъни «гапи тўғри келадиган кишилар» ўзига берилган илҳом туфайли бир нарсани бўлишидан олдин гапирадиган кишилардир.

Бундай кишиларга Аллоҳ таоло пок фитрат, юксак фаҳм-фаросат, кучли ақл-заковат берган бўлади. Бўлиши лозим бўлган нарсаларни улар аввалдан бутун вужудлари ила ҳис қилиб турадилар. Улар «Эй Роббул оламин, қани энди шу пайтда бундай бўлсайди», деб орзу қиладилар ва ўша орзулари рўёбга чиқади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ана шундай кишилардан бўлганлар.

Кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган ҳар бир нарса ҳам илҳом бўлавермайди. Аслида инсон қалбига тушадиган нарсалар тўртга бўлинади:

  1. Шайтоннинг васвасаси.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида:

﴿وَكَذَٰلِكَ جَعَلۡنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوّٗا شَيَٰطِينَ ٱلۡإِنسِ وَٱلۡجِنِّ يُوحِي بَعۡضُهُمۡ إِلَىٰ بَعۡضٖ زُخۡرُفَ ٱلۡقَوۡلِ غُرُورٗاۚ

«Шунингдек, ҳар бир Набийга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун жимжимадор каломларни танларлар», деган (112-оят).

Аллоҳ таоло Марям сурасида:

﴿أَلَمۡ تَرَ أَنَّآ أَرۡسَلۡنَا ٱلشَّيَٰطِينَ عَلَى ٱلۡكَٰفِرِينَ تَؤُزُّهُمۡ أَزّٗا٨٣

«Биз шайтонларни кофирларга уларни доимий қўзғаб туришга юборганимизни кўрмадингми?» деган (83-оят).

  1. Нафснинг ғулғуласи.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

﴿ إِنَّ ٱلنَّفۡسَ لَأَمَّارَةُۢ بِٱلسُّوٓءِ

«Албатта, нафс ёмонликка кўп амр қилувчидир», деган (Юсуф сураси, 53-оят).

  1. Фаришта хотирага соладиган нарса.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қалбда икки тутиш бор: 1. Фариштадан бўладиган тутиш. У яхшиликни ваъда қилиш ва ҳақни тасдиқ қилиш ила бўлади. Ким ўзида ўшани топса, уни Аллоҳдан деб билсин ва ҳамд айтсин. 2. Душмандан бўладиган тутиш. У ёмонликни ваъда қилиш ва ҳақни ёлғонга чиқариш ҳамда яхшиликни қайтариш ила бўлади. Ким ўзида ўшани сезса, Аллоҳдан шайтони рожиймнинг шарридан паноҳ сўрасин», деганлар.

  1. Роббоний илҳом.

Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида:

﴿وَٱلَّذِينَ ٱهۡتَدَوۡاْ زَادَهُمۡ هُدٗى وَءَاتَىٰهُمۡ تَقۡوَىٰهُمۡ١٧

«У Зот ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилгай ва уларнинг тақволарини бергай», деган (17-оят).

Демак, мазкур тўрт нарсани фарқлай билиш керак бўлади. Кўнгилга келган нарсани «илҳом» деб баҳолаб бўлмайди. Илҳом бўлганда ҳам, унинг ўзини ёки илҳомга сазовор бўлган бошқа кимсани шариат қоидасидан ташқаридаги шахс сифатида баҳолашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Аммо баъзи сўфийлар бу масалада ҳадларидан ошиб, ўзлари залолатга кетганлар ва бошқаларнинг ҳам залолатга кетишига сабаб бўлганлар.

Улардан баъзилари: «Кашф, илҳом ва туш билан кифояланиб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни ўрганмаса ҳам бўлаверади, ақоид, фиқҳ ҳамда бошқа илмларни ўрганишнинг ҳожати йўқ», деган ботил фикрларни айтганлар.

Бошқа бирлари эса: «Кашф, илҳом туфайли шайхларнинг қалби исмат даражасига етади. Ўшандай қалбларга тушган нарса ваҳий ўрнига ўтади», дейишгача бориб етганлар. Уларнинг фикрича, авлиёларнинг қалблари анбиёларнинг қалблари каби эмиш. Аслида бу ҳолат куфр ва залолатдан бошқа нарса эмас, дейдилар муҳаққиқ уламоларимиз.

Сўфийларнинг яна бир тоифаси шайхларига ҳаддан ташқари баҳо бериб, уларнинг гапларини шариатнинг ҳукмидан устин қўйишгача бориб етганлар.

Бу ва бунга ўхшаган илмсизлик асосидаги гап-сўз ва тасарруфлар ҳақиқий тасаввуф йўлига, Аллоҳ таолонинг розилигини тилаган соликлар йўлига мутлақо зиддир. Бу ёрқин йўлдаги жавҳарий нарса – иймон, Ислом, тақво, эҳсон ва шукр масалаларининг ҳақиқатига етиб завқланишдир. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолога холисона ибодат қилишдир. Ана ўша мақом сиддиқларнинг талаби ва соликларнинг мақсадидир.

Агар солик учун яхши туш, кашф, илҳом ёки каромат инъом этилса, бу нарса унинг маълум даражага етганининг аломати ва хурсанд бўлиш башоратидир. Аммо тасаввуф йўлида юришнинг асосий мақсади кашф, илҳом ёки каромат соҳиби бўлиш эмас. Балки асосий мақсад Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишдир. Кўп ҳолларда мазкур нарсалар ўша йўлда тўғри кетаётганликнинг аломати, холос.

Аксинча, айрим ҳолларда бу нарсалар солик учун холислик синови бўлиши ҳам мумкин. Зеро, соликнинг тақвоси, ибодати кучайган сари Аллоҳ таолонинг унга бўлган эътибори, муҳаббати, дўстлиги – валийлиги ҳам ортиб боради. Ва Роббул оламин кимни кўпроқ севса, уни янада оғир синовларга дучор қилади. Банда учун энг оғир синов эса унга турли неъматларни ўзи лойиқ бўлгандан кўра кўпроқ бериб, синашдир.

Бинобарин, ўзига кашф, илҳом, башоратли туш ёки каромат етган солик ўз ҳолига назар солсин. Шариат буюрган амалларда ва унга қўшимча равишда суннатдан ўзига ўзи одат қилиб олган вазифаларда нуқсонга йўл қўймаган бўлса-ю, «Аллоҳ азза ва жалланинг жалолига лойиқ ибодат қилолмадим», деган афсусда бўлса, Аллоҳ таолога беҳад шукрлар айтиб, ҳолини яширсин ва ибодатини кучайтирсин. Зеро, бу ҳоли Аллоҳ азза ва жалла ҳам уни севишига далилдир, иншааллоҳ.

Аммо юқорида айтилган амаллардан биронтасида ёки одобида бироз бўлса-да нуқсонга йўл қўйганини сезса ёхуд кўнглида ўзи эришган даражадан қониқиш пайдо бўлса, дарҳол Аллоҳ таолога тавба қилиб, истиғфор айтишни кўпайтирсин. Зеро, бу ҳолида унга етган турли башоратлар энг камида зўр бир синов-имтиҳондир. Бинобарин, у ёки тавбаи насуҳ ила, истиғфорни кўпайтириб, Аллоҳ таолонинг дўстига – валийсига айланади, ёки ўзига етган кароматга алданиб, манманликка берилиб, чин дўстидан – Аллоҳ азза ва жалладан маломатга қолади. Валлоҳу аълам.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ВАҲДАТУЛ ВУЖУД

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диндан чиқишни ният қилган кимса

25.11.2024   725   17 min.
Диндан чиқишни ният қилган кимса

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ

Маънолар таржимаси:

Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади. 

 

Назмий баёни:

Кимки муртадликни ният-қасд этар,

Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.

 

Луғатлар изоҳи:

مَنْ – шарт исм.

يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди.  Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.

اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.  

بَعْدَ  – зарф.

دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.

يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.

حَقٍّ  دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган. 

انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим. 

Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:

1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);

2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);

3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);

4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);

5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);

6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).

Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич  банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди. 

Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.

Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].   

Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади.  Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.

Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].

   

Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни

47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ

Маънолар таржимаси:

Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.


Назмий баёни:

Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,

Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.


Луғатлар изоҳи:

لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:

1. Инсон талаффуз қилган нарса;

2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.

الْكُفْرِ – музофун илайҳ.

مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ– сифат.

اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. 

بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.

طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.

رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади. 

دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.

Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:

– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;

– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини  ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.  

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.

اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:

Ёмон тил икки оламда зарардир,

Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.

* * *

Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,

Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.

Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган: 

“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].

Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.

Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.


Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.

Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида  иштирок этган.

Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.

Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.

Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.  

Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган. 

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:

–  “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;

–  “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”; 

– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу  ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.    

Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар. 

 Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.


Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар

 “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:

1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;

Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.    

2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;

Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.  

3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;

Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади. 

4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.

Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.

Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
 

Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.


[1] Нисо сураси, 136-оят.
[2] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 103.
[3] Наҳл сураси, 106-оят.
[4] Наҳл сураси, 106-оят.
[5] Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Ўзгандий. Фатовои Қозихон, тўртинчи жилди. Покистон: “Мактабату Ҳаққония”. – Б. 419.

 

Кутубхона