Салафийлик, ҳизбут таҳрир каби ёт оқимларнинг Худога ишонган бир инсонни куфрда айблаши, мўмин-мусулмонлар яшайдиган диёрларни куфр шаҳри деб эълон қилишлари натижасида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Билиб-билмай ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган баъзи ёшларнинг бундай хато йўлдан қайтиши жуда қийин кечмоқда. Кейинги пайтларда Ислом мафкураси ва тарихига зид ғоялари билан қайта намоён бўлаётган “сохта салафийлик” оқими ўзларининг ақидавий ва ҳуқуқий масалаларини кўпинча суриялик Ибн Таймия (1263-1328) таълимоти билан асосламоқчи бўлишади. Ибн Таймия асарларида, исломга турли бидъатлар кириб қолгани айтилиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғоялар илгари сурилади.
Мазкур оқим тарафдорлари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда ҳатто бир пайтлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилардилар.
Шунингдек, сохта салафийлар тасаввуфни тан олишмайди, тавассулни куфр дейди, мазҳабларни инкор қилади, ўзларига эргашмаганларни ҳам кофирга чиқаришади. Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатаг ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради.
“Салаф” калимаси, аслида ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳлидир, кейин уларга яқин бўлганларидир, сўнгра уларга яқин бўлганларидир[1]. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади (яъни, масалаларда ҳам ўта бепарво ва масъулиятсиз бўлиб, гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверади)" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мазкур хадиси шарифда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тартиб билан зикр қилиб, уларни “хайрли” деб номлаган уч аср (аҳли)дан мурод Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳобалар, тобеъин ва табъа тобеъинлар яшаган даврдир. Ана шу даврда фаолият олиб борган улуғларни “салафи солиҳлар”, яъни солиҳ бўлган зотлардир, дейилади.
Бугунги кунимизда ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап ҳам мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад айтади: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”. Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.
Сулаймон ибн Абдулваҳҳобнинг оқим асосчиси бўлган ўз акаси ва унинг шогирди Ҳасан ибн Ийдонга атаб раддия тарзида ёзилган рисоласида шундай дейилади: “Сиз ширки акбар, эгаси бутпараст бўлади, дейдиган бу ишлар Макка шаҳрида ҳам кўп. Маккаи шарифнинг амирлари, олимлари, бутун аҳолиси олти юз йилдан бери у ишларни кўриб турибди. Лекин улар бугун сизнинг тутган бу йўлингиз туфайли сизга лаънатлар ёғдиришмоқда. Амирлар, олимлар бундай иш қилганларни Исломдан чиқди, дейишмаяпти. Сизнинг даъвойингизга кўра эса, улар очиқ кофирдир. Бундай йўл тутишларингизнинг ҳадиси шарифларга хилофлиги сизнинг даъвойингиз ботил эканининг исботидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилгач, ўша ерда туриб: “Бугундан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар. Яъни, аҳли илмлар шарҳлашича, Маккадан кўчиш йўқ. Демак, бундан маълумки, Макка доимо иймон диёридир. Сиз эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитналар шаҳри дея атаган диёрни иймон шаҳри, деб Маккадан у ерга ҳижрат қилиш керак, демоқдасиз...”.
Адашган фирқалар ўтган уч асрнинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга чиқа бошлашди. Ҳар бир фирқа ҳақдан оғиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қадам ташлади. Одамларни ҳам фикру хаёли, соғлом эътиқодидан чалғитишга уринди. Бу билан улар, Аллоҳ таолонинг Анъом сураси, 153-оятида марҳамат қилган “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар. Ва бошқа йўлларга эргашманглар. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрдирки, шояд тақво қилсангиз” оятига хилоф иш тутди. Шу тариқа нафсу ҳавосига берилган, бидъат ва залолатга кўмилганлар тоифаси кўпайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Дарҳақиқат, Бани Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир”, дедилар. (Саҳобалар): “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган (миллатдир), дедилар” (Имом Термизий[2] ривояти).
Имом Абу Бакр Ҳаравий айтади: “Инсонлар динда икки қисмдир: муқаллид ва мужтаҳид. Мужтаҳидларнинг илмли бўлиши шартдир. Дин илми эса, Қуръон ва суннатга ва у иккисида ворид бўлган араб тилига тааллуқлидир. Энди, кимки Қуръон ва суннатни, уларнинг лафзий ҳукмларини, собит ва мансухларини билса, олдин ва кейин келган ҳукмларини ажрата олса, ўша кишининг ижтиҳоди дуруст ва унинг даражасига етмаганлар унга тақлид қилишлари жоиздир. Мужтаҳид бўлмаган кишига эса, олимлардан сўрамоғи ва тақлид қилмоғи фарздир. Бунга уламолар орасида хилоф йўқ”. Ибн Қайюм Жавзий “Иъломил мувқинин” китобида: “Киши, модомики унда ижтиҳод шартлари жамланган бўлмаса, яъни барча илмларни билмаса, унинг ўзича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмоғи дуруст эмас”, дейди. Аҳмад ибн Мунодий айтади: «Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан: “Бир киши юз минг ҳадисни ёдласа, фақиҳ бўладими?” деб сўраганида, у киши: “Йўқ”, дедилар. Ҳалиги киши: “Агар икки юз минг ҳадисни ёд олса-чи?”, деб сўради. Шунда имом яна: “Йўқ”, деб жавоб берди. У киши: “Уч юз минг ҳадис ёдласа-чи?”, деди. Имом: “Йўқ”, деди. “Тўрт юз минг ҳадис ёд олса-чи?”, деганида, “Унда фақиҳ бўлади”, деб жавоб берди». Абул Ҳасан деди: «Мен отамдан: “Имом Ибн Ҳанбал қанча ҳадис ёдлаган эди?” деб сўраганимда, у киши: “Олти юз минг ҳадисни ёд биларди”, деди». Абу Исҳоқ айтади: «Мен халифа Мансурнинг жоме масжидида имомлик қилганимда, шу масалани одамларга айтдим. Шунда бир киши: “Сиз ҳам шу миқдор ҳадис ёдлаганмисизки, бу ерда одамларга фатво айтиб турибсиз?” деди. Мен: “Йўқ, фақат шунча миқдор ҳадисни ёд билган кишиларнинг сўзлари билан фатво бераман”, дедим».
Бизнинг давримизда ҳам икки юздан ортиқ сохта салафийликка ўхшаш ёт оқимлар мавжуд. Сохта салафийликнинг ғоялари билан суғорилган ёки уларнинг издошларидан бири сифатида яқин 3-4 йил олдин хуруж қилган Ироқ ва Сурияда ўзларини Ислом давлати деб атаган ИШИДни мисол қилиш мумкин. Унга 1971 йил Ироқда туғилган Иброҳим ибн Аввод исмли кимса бошчилик қилди. Аммо ўзини Абу Бакр Бағдодий деб номлаб, “халифалик қуриш” шиори билан ҳокимиятни қўлга олишга уринди. Ачинарлиси, қандайдир қора кучлар таъсиридаги шу даъвоси билан Ислом учун жанг қилаяпмиз деб ҳар куни минглаб бегуноҳ мусулмонларни қатл қилиб, болалар, аёллар ва ҳатто қарияларни ҳам ўлдиришгача борди. Ироқ туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълумотларига кўра мамлакатда ИШИД ташкилоти бир йилдан камроқ вақт давомида 40 га яқин ноёб тарихий қийматга эга бўлган диний иншоотларни вайрон қилган. Уларнинг орасида қадимги масжидлар, насроний черковлари, бир нечта монастир ва ноёб обидалар ҳам бўлган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда қилган хутбаларида шундай дедилар: “Шайтон ўзига ибодат қилинишидан сизларнинг бу ерларингизда умиди сўнди. Лекин бундан бошқа сизлар кичик ҳисоблайдиган ишларда унга итоат қилинишидан умиди бор. Энди эҳтиёт бўлинглар! Мен сизларга икки нарсани қолдиряпман: Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати! Уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсиз!,, дедилар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни Ҳуруқога жўнатдилар. Эрталаб биз ҳужум қилдик ва уларни мағлуб этдик. Мен ва бир ансорий улардан бўлган бир кишининг ортидан тушдик. Биз унга етганимизда, у: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деди. Буни эшитиб ансорий тўхтади. Лекин мен уни қиличим билан чопиб ташладим. Биз қайтганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда билиш учун келдилар ва айтдилар: “Эй Усома! Сен уни “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганидан кейин ҳам ўлдирдингми?” Мен: “Ҳа, аммо у бу (гап)ни фақат ўзини сақлаш учун айтди” дедим. У зот ўша (сўзлари)ни шундай кўп такрорлайвердиларки, мен бундан олдин Исломга кирганимда эди, дея ўйлаб қолдим” (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Унинг қалбини ёриб кўрмадингми?” дегани айтилади. Ибн Мирдавайҳ Иброҳим Таймийдан, у киши отасидан, отаси Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Усома розияллоҳу анҳу: “Энди ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”, деди. Шунда Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Мен ҳам, Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”, деди.
Исломда бирон бир мусулмонга тажовуз қилиш ёки уни ноҳақ ўлдиришга асло рухсат берилмаган. Бундай хунрезликни қилган кимса учун охиратда улкан азоб бордир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Ким мусулмонни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. У ерда у узоқ вақт қолади. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати бўлсин! Ҳамда У (Аллоҳ таоло) унга улкан азоб тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Шундай экан, мусулмонни кофирга чиқаришдан жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ўзларига Қуръон ва ҳадиси шарифларда келган чиройли номлар қўйиб, чин маънодаги мусулмонликни даъво қилаётган турли хил оқимларнинг ёт ғояларига алданишдан огоҳ бўлиш зарур. Ислом тинчлик, меҳр-оқибат ва одоб-ахлоқ дини эканини асло ёддан чиқармаслигимиз керак!
Абдувоҳид ЎРОЗОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Мазкур хайрли уч асрнинг биринчи асри одамлари саҳобалардир. Улар ислом ақидалари ва асосларини тўғридан тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан қабул қилишган. Исломнинг барча ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик ва ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо бўлган.
Иккинчи асри тобеъинлар асридир. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига эргашганлардир. Яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган асҳоблар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг васият ва насиҳатларидан баҳраманд бўлган зотлардир.
Учинчи асри тобеъинларга эргашган зотлар, яъни табаъа тобеъинлар давридир. Бу асрда соф фикрлилик ва Ислом фитратининг турли ташқи омиллар таъсиридан холилик даври давом этди. Ана шу асрдан кейин турли бидъатлар кўпайиб, улар кенг қулоч ёя бошлади
[2] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Буғий Термизий ҳижрий 209 йилда Термиз шаҳрида туғилган.
Имом Термизий Имом Бухорийнинг шогирдларидан бўлган. Илм талабида Хуросон, Тобаристон, Бағдод, Басрава Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Умрининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Имом Термизийнинг ёдлаш қувватлари ниҳоятда кучли бўлганидан, ҳифзда бу зот зарбулмасал қилинган. Имом Термизийнинг энг машҳур китоби “Сунани Термизий”дир. Бундан ташқари “Шамоилу Набавия”, “Тарих” ва “Илал” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Термизий ҳижрий 279 йилда 70 ёшида Термизда вафот этган.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси