“Вақф” хайрия жамоат фондининг “Ғамхўр бўлайлик!” хайрия акцияси Қорақалпоғистоннинг олис ва чекка ҳудудларида ўтказилди. Хайрия тадбирлари Орол денгизи атрофида яшайдиган ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олиш ва уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди.
2 декабрь куни Фонд раҳбари Яҳё домла Абдураҳманов Қорақалпоғистонда бўлди. Сафар давомида “Ғамхўр бўлайлик!” тадбири доирасида Фонднинг закот маблағлари ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 62,5 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари 500 нафар моддий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, ногирон, етим-есирлар ва боқувчисини йўқотган оилаларга улашилди.
“Ғамхўр бўлайлик!” тадбирини чекка ҳудудлардан бири бўлган Мўйноқ туманида ҳам давом этди. Яҳё Абдураҳманов ушбу туманда яшовчи Хожабаев Азаматнинг холидан хабар олди. Ушбу фуқаронинг уйига ўт кетиб, ёнғин оқибатида уй-рўзғор буюмлари ва турар жойига талофат етган эди. Табиий офатдан зарар кўрган оила аъзоларига турар жойни қайта таъмирлаш учун Фонд ва қозиёт томонидан 30 млн. сўмлик қурилиш материаллари олиб берилди.
3 декабрь куни Фонд раҳбари Яҳё Абдураҳмонов Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал Беруний ўрта махсус ислом билим юртида бўлди. “Вақф” хайрия жамоат фонди аъзолари, билим юрти ўқитувчилари ва талабалар иштирокида мулоқот ўтказилди. Унда “Вақф” хайрия жамоат фонди тамонидан юртимизда амалга оширилаётган хайрия тадбирлари ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди. Фонд томонидан билим юртидаги ахборот ресурс марказини бойитиш мақсадида, 30 турдаги 700 га яқин китоб тақдим этилди.
Билим юрти мудири Ш.Бауатдинов меҳмонларга яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, кутубхона, ошхона ва спорт заллари билан таништирди. Фонд раҳбари шундай кенг имкониятларга эга бўлган ва барча қулайликлар яратилган мазкур мадраса фаолияти билан танишар экан, аввало бу неъматларга шукроналик билдириш кераклигини таъкидлади. Келажакда ушбу маскандан илмига риоя қиладиган, юртига, халқига, динига манфаат келтирадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилди.
Шу куни “Вақф” фонди ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари Хўжайли ва Чимбой туманларида бўлишди. Туманда яшовчи аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиб, ҳомийларни жалб қилган ҳолда хайриялар қилинди. Хусусан, Хўжайли туманидаги табиий газ босими паст ҳудуддаги бир нечта хонадонларга 5 млн. сўмлик ўтин ва 9 тонна тошкўмир олиб берилди. Шунингдек, халқаро ногиронлар куни муносабати билан Чимбой туманидаги 10 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга 3 млн. сўм, 20 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга 4 млн. сўм миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Қилинган хайру эҳсонларни Аллоҳ Ўз даргоҳида қабул қилсин.
“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД