Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447

Оилада ким раҳбар?

02.12.2020   3537   8 min.
Оилада ким раҳбар?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. 

 (Нисо сураси, 34-оят)

 Аксарият эркаклар томонидан бўладиган жамийки ҳаракатлар, интилишлар, бунёдкорлик, кашфиётлар, қаҳрамонликлар, ютуқлар ва жангу-жадаллар ва ҳоказоларнинг ортида охир-оқибат, аёлнинг ризолиги, эътибори, эътирофи, меҳри, севги-муҳаббатини қозониш истаги ётади.

Масалан, Чин шаҳзодаси Фарҳодга сув етишмовдимики, Арманистонга келиб, тоғни талқон қилиб, сув чиқаради?! Йўқ, унга Шириннинг севгисини қозониши муҳим эди. Тарихдан  бундай мисолларни сон-саноқсиз келтириш мумкин. Не-не улуғ салтанатларнинг пайдо бўлиши ва инқирози тарихи синчиклаб ўрганилса, аксарият ҳолларда аёлларнинг ҳал қилувчи иштирокини албатта кзатасиз.

Масаланинг иккинчи жиҳати бор: қанча қатъият ва саъй-ҳаракатлар билан суюклисига эришган эркак, сўнгра аёлига қай даражада “бўйсуниши” керак? Дарров тан оламиз: саволни бу тахлит қўйиш – мутлақо ноўриндир. Ҳаётда турли масалалар юзасидан аёли билан бамаслаҳат иш тутиш, аёли “чизган чизиқ”дан чиқмаслик, инон-ихтиёрини буткул унга топшириш – ҳар кимнинг ўз шахсий ишидир. Ўшандайларга қарата: “Эркакдай бўл”, дея “маслаҳат” бермоқчи эмасмиз.

Аммо, оилада ким етакчи бўлса, фарзандлар ҳам кўпроқ ўшанга эргашишади. Зеро, фарзандлар отадан андиша қилибми, ё ҳайиқибми, кўп ҳолларда ўз дардларини онага айтадилар. Бирор ишга жазм этсалар, аввало онага маслаҳат солишади. Она қай қарорга келса, болалар учун шу маъқул бўлади. Натижада, оилада отанинг обрўси тушади, қадри пасаяди.

Мутахассисларнинг фикрича, одамларнинг тахминан 70 фоизи бошқалар фикрига қараб иш юритишади. Фақат 30 фоиз одамларгина ўз мустақил фикрига эга.

Балки, шу 30 фоизнинг ҳам аксариятини аёллар ташкил қилар?

Сир эмаски, уйда аёл эркакка ғоя ва маслаҳат беради, қўллаб-қувватлайди, илҳомлантиради, мақсад сари йўналтиради, рағбатлантиради ва ҳоказо. Эркак эса булардан куч-қувват олиб, таъбир жоиз бўлса, тоғни талқон қилади, қаҳрамонликлар кўрсатади. Ёки, бир донишманд сўзи билан айтсак, “Эрнинг жамиятга кўрсатган таъсири – хотиннинг эрга ўтказган таъсирининг аксидир”.

“Аёл овозининг нафислиги билан эридан устун турмоғи лозим”, - дейди Маҳмуд Қошғарий. Аёл овозининг майин бўлмоқлиги эса унинг ботинига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ботинида бўронлар гувиллаб турган аёлнинг овозиям шиддатли, ташвишли бўлади. Аёлнинг биринчи вазифаси оилани бошқариш эмас, келажак учун соғлом насллар бериш, иссиқ меҳри, тенгсиз жозибасига қорилган гўзал тарбияси билан миллатни оёққа турғазишдан иборат. Бунинг учун аёлнинг ўзи соғлом бўлиши шарт.

Аслида, аёлнинг маслаҳатига қулоқ тутиш – Одам Атодан қолган суннат, дейиш мумкин. Ахир, нима бўлганидаям, Момо Ҳавво, бобомизни ўша таъқиқланган мевани тотиб кўришга кўндирганлар-ку. Одам отамиз, Момомизнинг таклифига рўйхушлик берганлар-да. Лекин, бу рўйхушлик қандай оқибатга олиб келди?

Ўтмишда кўплаб саркардаларнинг ҳалокатларига, Ҳусайн Бойқаронинг хатоларига кимлар сабабчи бўлганини бир эсга олинг. Аълоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ, юрт учун ҳаёт-мамот масаласида онаси Туркон хотуннинг йўриғига бўйсунгани қандай оқибат келтирди?

Балки, шунинг учундир, буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари авлодларга мана бундай ўгитни ёзиб қолдирганлар: “Хотинлар билан фақат улар айтганининг тескарисини қилиш учунгина маслаҳатлашиш керак”.

Қанчалик ғалати туюлмасин, уйлангандан сўнг, аксарият эркакларда ғаройиб руҳий ўзгаришлар содир бўлади. Анча-мунча асов йигитлар ҳам “босилиб” қолишади. Руҳшуносларнинг изоҳича, бу муҳаббат эмас, “муроса”. Айрим эркаклар эса, на муҳаббат, на муроса, дейишади. Мардона тан олиб, мазкур ҳолатни “хотиндан қўрқиш”, деб аташади. Юқорида, оилавий ҳаётда муросаю-мадора қилишлик – ҳар кимнинг ўз шахсий иши, дедик. Лекин шунда ҳам ота-она, дўст-биродарлар, маҳалла-куй назарини эътиборга олиш – оқил эрлар ишидир.

Муросаи-мадоранинг чегараси қаерда? Бу “чегара”дан кейин хотиндан қўрқиш бошланадими, ёки “хотинқули”ликми? Балки, Аллоҳ ҳукмини инкор этишдир? Худо кўрсатмасин.

Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Уч киши борки, Аллоҳ таоло уларга жаннатни ҳаром қилган: ароққа муккасидан кетган, оққ бўлган, аҳлида ифлос иш (зино) содир бўлишига рози бўлган кимса”.

Оилашунос психологларнинг аёллар гувоҳлигисиз, яширин ўтказилган “Нега хотинингиздан қўрқасиз?” сўровномаси натижасида қуйидагилар аён бўлди:

  • Эркак ўз ваъдалари устидан чиқмаётгани учун хотинининг олдида тили қисиқ бўлиб қолади ва ҳар сафар шу ҳолатга дуч келганида қўрқувни ҳис этади. (Нима(ёки ким)дан қўрқув?!)
  • Хотин рўзғор қоидалари ҳақида билиб-билмай ҳар куни беш соат маъруза ўқийди. Бояқиш эрнинг миясига қоидалар сингиб кетади. Мисол учун, уйдаги нарсани бировга бериб юбормаслик. Қўшни бирор нарса сўраб кирса, “маъруза” таъсирида юрган эр, ўла қолса ҳам бермайди. Шунда қўшни нима деб ўйлайди? “Хотинқули!”
  • Эркак уй-рўзғор ишларининг аксариятига яхши тушунмайди, хотинининг айтгани тўғри чиқаверади. Бир неча йилдан сўнг эр хато қилишдан шундай қўрқиб қоладики, хотинининг айтгани-айтган, дегани-деган бўлади...
  • Раҳбарликда ишлайдиган эрларнинг хотинидан қўрқиш сабаби – юқорига арз қилиши мумкинлиги. Чунки хотини арз қилиб, эрини мансабидан бўшаттириб ташлаган ҳоллар кўп кузатилган.
  • Ота-онаси ёки қайнота-қайнонаси олдида мулзам бўлишни истамайдилар, агар хотини шулардан кимгадир чақмоқчи бўлса, хотинидан қўрқиб қолади.
  • Уйда яккама-якка жанжал чиқишидан, аразлашлар ҳафталаб давом этишидан безорлар ҳам хотинидан қўрқишади.
  • Болаларни етаклаб кетиб қолиб, соғинтирадиган хотинлардан-да эрлар чўчишади.
  • Қарғиш олишни истамагани учун хотинидан қўрқадиганлар онда-сонда бўлса-да, учраб туради.
  • Шунингдек, хотини бошқаси билан топишиб кетишидан қўрқиб, измидан чиқолмайдиганлар ҳам бор.
  • Ичкуёв, хотини пул топадиган, қайнота ёки хотини ҳисобидан яшайдиганлар ҳам хотинидан қаттиқ қўрқар экан.

“Шарқ ҳикоят ва ривоятлари” китобида шундай воқеа келтирилган: Сулаймон алайҳиссаломдан хотини товус патидан кўшку айвон қуриб беришни сўрабди. Маликанинг илтимосини икки қилолмаган пайғамбар қушларнинг бошлиқларини бир ерга тўплаб, маслаҳат қилмоқчи бўлибди.

Мажлисга бойўғли кечикиб келибди. Сабабини сўраганида шундай жавоб қилибди:

– Икки масаланинг ечимини топиш билан банд эдим.

– Қандай масалалар экан у?

–  Биринчиси: шу замонда ўлик кўпми, ё тирик?

– Сенингча, қай бири кўп?

– Ўлик кўп, чунки бомдод номозига турмай ғафлат уйқусида ётганлар ҳам ўлик қаторида саналади.

– Хўш, иккинчи масала нима экан?

– Хотин кўпми, ёки эркак?

– Қайси бири кўп экан?

– Хотин, чунки хотиннинг йўриғига юрганлар ҳам шу ҳисобга киради.

Бу гапни эшитган пайғамбар ҳеч нарса демай мажлисни тарқатиб юборибди.

Динимиз бизга оилавий муносабатлар ҳамда бахтли ҳаёт кечирмоқ учун аниқ ва тартибли қоидаларни Қуръон оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари орқали кўрсатиб берган.

Мусулмон эркак рижол – мард, шижоатли, рашкли бўлади. Мардларгина оиласини, иймонини, динини, халқини ва ватанини ҳимоя қила олади. Қўрқоқ, журъатсиз, бепарво, даюслар эса аҳлини ҳам, иймонини ҳам ватанини ҳам қўриқлашга қодир бўлмайди.

Ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ким уйланса, яхши ният билан оила қурса, унинг динининг ярми мукаммал бўлди, қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин, Аллоҳдан қўрқсин”, дея марҳамат қилганлар. Демак, ҳар бир муслим ва муслима, эр ва хотинлик даражасига етгандан сўнг ўз бурч ва вазифаларини, бир-бирларидаги ҳақларини яхши англаб етиб, унга амал қилмоғи лозим. Шундагина бахтиёр оилага айланади.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Фарзанднинг ота-она вафотидан кейинги 5 вазифаси

17.10.2024   7926   4 min.
Фарзанднинг ота-она вафотидан кейинги 5 вазифаси

Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.

“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).

Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.

 

Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).

Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.

 

Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.

Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.

 

Ота-онангиз номидан садақа қилинг.

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имрм Муслим, Имом Насоий ривояти).

 

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).

 

Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.

Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».

 

Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД