Жорий йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Икромхон Нажмиддиновлар Тўрақўрғон туманига ташриф буюрдилар.
Ташриф тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан бошланди. 21 спорт тури бўйича 3000 нафар ушмаган аҳоли вакиллари спорт билан шуғулланаётган ушбу даргоҳда учрашув ўтказилди. Учрашув давомида вилоят, республика ва осиё миқёсида чемпион бўлиб, олтин медални қўлга киритган 26 нафар спортчилар ва уларнинг мураббийларига вилоят вакиллигининг эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг тумандаги Маданият марказида “Чусткўприк” ва “Исфахон” МФЙ фаоллари билан учрашув ўтказилди. 80 нафар аҳоли вакиллари иштирок этган учрашувда “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш”, “Ақидапарастликнинг салбий оқибатлари”, “Ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш”, “Гиёхвандлик ва ОИТСнинг зарарлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ” мавзусида маъруза қилинди.
Ташриф давомида туман ҳокимлиги ва туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда тумандаги низоли оилалар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга ҳаётий мисоллар асосида тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати