Кеча, 30 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда таниқли олим шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг “Коран. Краткий комментарий” (Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси) китоби тақдимоти ўтказилди.
Тақдимот маросимини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директор Шоазим Миноваров олиб борди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Нуриддин Ҳолиқназаров, Миллий маданий марказлар вакиллари, проффессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Қуръони каримнинг башарият учун беқиёс ва мукаммал манба экани, у дастуруламал сифатида инсонларни оила ва жамиятда поклик, ҳалолик, тўғрилик ва самимият руҳида тарбиялаши, шу боис барча мусулмон халқлари уни ўз она тилисида ўқишни хоҳлашини таъкидладилар, ўзбек олимининг Қуръони карим маъноларини рус тилига таржима қилиши мамлакатимиздаги бағрикенглик сиёсатига ҳамоханглиги, ушбу хайрли иш халқимизнинг русийзабон вакиллари, диний таълим муассасаларида таълим олаётган русийзабон талаба ва тадқиқодчилар учун айни муддао бўлгани алоҳида қайд этилди.
Маълумот учун, мустақиллик йилларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол”, Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Тафсири Ирфон” китоблари нашр қилинди.
Шу пайтгача Қуръони карим хориж ва Россияда рус тилига 16 та таржима қилинган. 2018 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Тафсири ҳилол” рус тилида эълон қилинди.
Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Қуръони каримнинг қисқа шарҳли арабча матнини тўғридан тўғри рус тилига таржима қилди. Унинг таҳририга филология фанлари доктори Гулхумор Тўйчиева, тарих фанлари доктори Аҳаджон Ҳасанов, профессор Убайдулла Уватов жалб қилинган.
Ушбу таржима халқимизга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмонлар доимо уст-бошларига покиза ва виқор берадиган кийимлар кийиб келади. Ислом дини, ҳам ташқи, ҳам ички покликни шариъат талабларига мувофиқ жорий қилган. Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Салла ана шу ташқи кўринишдаги гўзалликнинг бир қисми бўлиб, бошқа кийимларга қараганда ўзига хос маданиятни англатади. Салла мусулмонларнинг узоқ тарихга эга бош кийими ҳисобланади. У бошга ўраладиган мато бўлиб, кишилар уни вазиятга ва жамиятдаги урфга кўра ўраб юришган. Гарчи уни ўрашнинг бир неча усуллари мавжуд бўлса ҳам, маълум шакли ва ранги талаб қилинмайди.
Салла иссиқдан, совуқдан ва чанг тўзондан ҳимояланадиган бош кийими бўлиб, бу ҳақда машҳур тобеъийн, «Наҳв» фани асосчиларидан бири Абуласвад Дувалий айтган: “Салла жангда қалқон, иссиқда соябон, совуқдан ҳимоя, воизга виқор, турли тасодифлардан сақловчи, инсон қоматига зийнатдур”. Қадимдан салла эркакларнинг мурувватини ва қавм орасидаги обрў-эътиборини билдирган.
Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, салла арабларнинг тожидур, деганлар. Салла кийиш борасида келган ҳадислар шариъат талаб даражасида жорий қилишга етадиган қувватли эмас, лекин Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қавмлари одатига кўра салла ўраганликлари сийратлари ва кундалик ҳолатлари борасида келган ривоятларда айтилган бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
عن إبن عمر رضي الله عنهما مرفوعا: ” عليكم بالعمائم فإنها سيما الملائكة وأرخوها خلف ظهوركم”
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Набий алаҳиссаломгача етиб борган санад билан ривоят қилинган ҳадисда: “Саллаларни лозим тутинглар, зеро бу фаришталарнинг сиймосидур ва унинг пешини ортингизга ташлаб олинглар”, деганлар.
عن ابن عباس رضي الله عنهما مرفوعا: اعتموا تزدادوا حلما
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алаҳиссалом: “Салла кийинглар, ҳалимлигингиз зиёда бўлади”, дедилар
عن ركانة قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: فرق بيننا وبين المشركين العمائم على القلانس
Салла ўраш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 833-cаволга жавоб берган. Жавобда шундай дейилган:
“Ўтмишда аҳли илм ва фазилатли кишилар ва кўпчилик маърифатпарвар аждодларимиз саллада юришни одат қилганлар. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расули акрам алайҳиссаломнинг ушбу кийиниш одатлари шариъат буйруғи сифатида қабул қилинмаган. Бирор бир олим салла киймаган киши гуноҳкор бўлишини айтмаган. Балки, Ислом келганида эркаклар саллада юришлари урф-одатлардан бири бўлиб, бу борада кофир ҳам мусулмон ҳам баробар бўлган. Бу ҳақда Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай дейишади:
وأما لبس النبي صلى الله عليه وسلم العمامة وحمله العصا فهو فعل عادي وقع على عادة العرب ذلك الزمن، وليس فعلا تشريعيا يدل على الاستحباب ولا يتأسى به الناس.
“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг салла кийишлари ва ҳасса тутишлари одатий феълларидан бўлиб, ўша замон арабларининг урфларига биноан қилинар эди. Бу ишлар мустаҳабликка далолат қиладиган ва одамлар ўрнак оладиган шаръий ҳукмлардан эмас”.
Бош кийимларидан яна бири бу дўппидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хослигини билдириб турувчи либоси бўлиб, миллатнинг маданияти ва баъзи ўринларда динига ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўзлигини сақлаб қолиш учун миллий кийимлар, миллий урф-анъаналар, байрамларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса бош кийим бошқа либослардан кўра ўзига хос ўрин тутади, чунки инсон танасидаги аъзолар ичида бош энг азиз аъзо ҳисобланади. Шу эътибордан бош кийимни оёқ остида қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.
Шаръий китобларимизга ҳам дўппи масаласи киритилган бўлиб, уламоларимиз баъзи оятлар ва ҳадислардаги маъноларнинг далолатидан сабабсиз бош кийим киймай намоз ўқиш макруҳ деб айтганлар.
Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида: “Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”.
Шайх Полонпурий ҳазратлари оятдаги тақво либоси тақводор киши киядиган либоси деб тафсир қилган.
Аъроф сурасининг 31-оятида: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!”.
Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.
Бош кийимсиз намоз ўқиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 109-cаволга жавоб берган:
“Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:
وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ
“Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.
Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал”.
Муртазоев Арабхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.