Гоҳида одамлар орасида “фалончини кўзи тегди. У келиб-кетганидан кейин аҳволим оғирлашиб қолди” деган гап-сўзлар қулоққа чалиниб қолади. Айни воқеъликда ҳам бу каби ҳодисаларга кўп бора тўқнаш келамиз. Халқимиз орасида кўз тегиши ва унинг аянчли оқибатлари хақидаги ҳодисалар зарбулмасал бўлиб кетган. Шунинг учун бўлса керак, одамлар кўз тегишидан сақланиш мақсадида турли чора-тадбирларни қўллайдилар. Кимлардир хонадонининг кириш йўлакларига тақа қоқиб қўяди, кимлардир бошқа алланималарнидир осиб қўяди. Айримлар исириқ илиб қўяди ва ҳоказо. Айрим оналар ширинтой болачаларнинг бешигига ояти карималар ёзилган қоғозларни тумор қилиб осиб қўядилар. Ёки уларнинг юз ва пешоналарига қандайдир чизиқлар чизиб қўядилар. Булардан мақсад ушбу ширинтойларни кўрган одамнинг илк нигоҳи мана шу чизиқларга тушиши учундир. Ундан ташқари халқимиз орасида “кўзи бор одам бир енгини орқага қайириб юрсин” деган сўз ҳам маълум ва машҳур.
Бу масала қадим-қадимдан давом этиб келаётган жараён бўлгани учун ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Бу каби ишлар орасида бола бешигига тумор ёки кўзмунчоқ тақиш масаласи анча ихтилофлидир. Умуман олганда тумор, исириқ, кўзмунчоқ каби нарсаларни осиб қўйиб айнан шулардан нажот кутиш, мана шу нарсалар бизни бало-қазолардан сақлайди, деб эътиқод қилиш ширк амали ҳисобланади.
Масалан дори ичган одам ҳам дорини “Аллоҳ таолонинг изни билангина шифо бўлади” деган эътиқод билан истеъмол қилиши керак. Акс ҳолда бу иш ҳам исириқ масаласига ухшаб ширк томонига айланиб кетиши мумкин. Айрим одамлар мозорларга бориб у ерни тупроғидан олиб келиб нималардир қилишлари, турли ёлғончи азайимхонларнинг эшигига зир югуришлари, қора товуқ, қизил хўроз суйиш керак дейишлари, “ҳафтанинг фалон куни у ишни қил, фалон куни бу ишни қил” қабилидаги ёндашувларнинг барчаси бидъат хурофотлардир. 21-асрнинг маданиятли кишиси учун уятли тушунча эмасми!?
Бу айтганларимиз айрим одамларни кўз борасидаги бугунги ёндашувлари бўлиб у каби ишларни ҳаммасини ҳам шаръан тўғри деб бўлмайди, албатта. Аслида бошқа масалаларда бўлгани каби кўз тегиши борасида ҳам Китоб ва Суннатда шариатимизнинг аниқ кўрсатмалари ворид бўлган. Кўз тегишига оид ҳодисалар саҳобаларнинг ҳаётида ҳам тез-тез содир бўлиб турар эди. Аммо саҳобалар уларни муолажаси учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожат қилар ва бу борадаги кўрсатмаларига қатъий амал қилар эдилар. Уламоларимиз мавзуга оид барча далилларни ўрганиб чиқиб, кўз тегиши ҳақиқат эканини такидлайдилар. Унинг муолажаси борасида ҳам Китоб ва Суннатда бир қатор кўрсатмалар ворид бўлган бўлиб уламоларимиз уларни батафсил баён қилганлар. Демак кўз тегиши шариатда тан олинган ҳолат бўлиб айни пайтда ундан сақланиш чоралари, борди-ю тегиб қолса уни бартараф қилиш йўллари ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Биз қуйида, мазкур кўз тегиши борасида ворид бўлган шарий далилларни ўрганиб чиқамиз.
Кўз тегиши ҳақиқат эканига Китоб ва Суннатдан далиллар
Қуръони каримнинг хабар беришича, Ёқуб алайҳиссалом ўғилларини Мисрга жўната туриб уларга шундай насиҳат қиладилар:
“У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар. Мен сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмайман. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Унгагина таваккал қилдим. Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар», деди.
Оталари амр этган томондан кирдилар. Зотан, бу улардан Аллоҳнинг ҳеч бир нарсасини қайтара олмас эди. Магар Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос. Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим соҳиби эди. Лекин кўпчилик одамлар билмаслар (Юсуф, 67-68).
Муфассирларимиз жумладан Ҳафиз ибни Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу икки ояти карима ҳақида “Ёқуб алайҳиссаломнинг бу ердаги насиҳатлари уларга кўз тегишидан қўрққанлари учун. Чунки Ёқиб алайҳиссаломнинг ўғиллари кўркам ва кўзга ташланиб турар эди. Зеро кўз отлиқни отдан йиқитиши ҳақдир” дейдилар.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кўз тегиши ҳақдур” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кўз одамни қабрга, туяни эса қозонга туширади”.
Бухорий ва бошқа муҳаддисларимизнинг келтиришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларнинг ҳақига қуйидаги лафзлар билан дуо қилар эдилар:
“Ҳар иккалангиз учун ҳам Аллоҳ таолонинг мукаммал сўзлари билан шайтон ва унинг барча ёмонликларидан ва барча ҳасадгўй кўздан паноҳ сўрайман”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони қилиб бўлиб шундай дедилар: “Иброҳим (алайҳиссалом) икки ўғли Исмоил ва Исҳоқ (алайҳимаҳассалом)лар ҳақига ушбу сўзлар билан дуо қилар эди”.
Анас ибни Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўз тегиши, заҳарли ҳашоратларнинг чақиши ва яра-чақалар пайдо бўлишида руқяга рухсат (махсус оятларни териб ўқиб дам уриш) бердилар”.
Кўз ҳақида булардан ташқари ҳам бир қанча мутавотир даражадаги хадиси шарифлар ворид бўлган бўлсада биз айтиб ўтилганлари билан кифояланамиз. Келгусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан сақланиш ва халос бўлиш борасидаги кўрсатмаларини ҳам ўрганиб чиқамиз.
(давоми бор)
Тошкент шаҳридаги
"Умар ибн Хаттоб" масжиди имом ноиби
Тоҳир Воҳид
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.
Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.
Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.
Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.
Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.
Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.
Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا
“Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:
تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه
“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти), деганлар.
Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.
Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.
Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.
Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.
Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.