Нигер пойтахти Ниамейда шу йил 27-28 ноябрь кунлари бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар ташқи ишлари вазирлари 47 анжуманининг якуний сессиясида чадлик дипломат Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) нинг янги Бош котиби этиб сайланди. Шундан сўнг у қасамёд қабул қилди.
ИҲТга аъзо 57 давлат вакиллари Ҳусайн Тоҳани саудиялик Юсуф Aл-Усаймин ўрнига ИҲТ Бош котиби этиб сайлади. У 2021 йил 17 ноябрдан бошлаб 5 йил Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг янги Бош котиби лавозимида фаолият юритади.
Маълумот учун, Тоҳа Ҳусайн Чаднинг исломий урф-одатлар кенг тарқалган “Дор водий” ўлкасида улғайган, у ҳозир 69 ёшда. Ҳусайн Тоҳа Яқин Шарқдаги Чад Республикаси президенти Бош котибининг ўринбосари ва Чад ташқи ишлари вазири бўлиб ишлаган. Шунингдек, Саудия Aрабистони подшоҳлигида ўз мамлакатининг фавқулодда ва мухтор элчиси, дипломатик вакили сифатида ҳам фаолият олиб борган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати