Бугун, 30 ноябрь куни Тошкент вилояти имом-хатиблари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва туман-шаҳар бош имомлари, таниқли имом-хатиблар иштирок этди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.
Сўзга чиққанлар томонидан якунига етиб бораётган 2020 йилда вилоят миқёсида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, масжидлар ва имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. Шунингдек, 2020 йилда диний-маърифий фаолиятни янада такомиллаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар ва истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Жасур домла Рауповни Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимига тайинланди.
Маълумот ўрнида, Жасур домла Раупов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Андижон давлат университетини тамомлаган. 1999 йилдан шу кунга қадар пойтахтимиздаги бир неча масжидларда имом-хатиб вазифаларида ишлади. Шу билан биргаликда 2010 йилдан буён эса Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритди.
Жасур домла Рауповга Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифасида фидокорона меҳнат қилиб, вилоят имом-хатиблари билан ҳамжиҳатликда муборак динимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилишларида Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов