Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Қуръон илмлари: МУТАШОБИҲНИНГ ҚИСМЛАРИ

28.11.2020   257   24 min.
Қуръон илмлари: МУТАШОБИҲНИНГ ҚИСМЛАРИ

Муташобиҳ уч қисмга тақсимланади:

  1. Фақат лафз жиҳатидан муташобиҳ.
  2. Фақат маъно жиҳатидан муташобиҳ.
  3. Ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан муташобиҳ. Энди буларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганамиз.
  4. Лафз жиҳатидан муташобих, икки хилдир:

Биринчиси якка сўзларда бўлади.

Бу ҳам ўз навбатида икки турли бўлади.

А) Якка сўзлардаги муташобиҳнинг биринчи тури бир сўзнинг фасоҳатли араб тилида оз ишлатилиши сабабидан бўлади. Мисол учун, Абаса сурасининг 31-оятидаги

وَفَٰكِهَةٗ وَأَبّٗا٣١

«Ва факиҳатан ва аббан» – «ва мева-чеваю, ўт-ўлан» ларни» деган қавлни олайлик. Бу ерда «аббан» сўзи муташобиҳдир. У ушбу оятдан бошқа жойда ишлатилгани кам учрайди. Шунинг учун унинг маъносини англаб олиш мушкул бўлади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зот ҳам ушбу оятни тиловат қилиб туриб, «Факиҳатан»ни-ку, биламиз, «аббан» нима дегани?» деб ҳайрон бўлганлар. Худди шунга ўхшаш ҳолат ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуда ҳам бўлган. Аслида бу сўз «ўт-ўлан», «хашак», «сомон» деган маъноларни англатади. Ушбу нарсаларни фақат битта сўз би-лан ифода қилиш учун «аббан» сўзидан бошқа сўз ярамайди. Бу ҳам Қуръони Каримнинг мўъжизаларидандир.

Аллоҳ таоло Соффаат сурасининг 94-оятида марҳамат қилади:

فَأَقۡبَلُوٓاْ إِلَيۡهِ يَزِفُّونَ٩٤

«Фа-ақбалуу рлайҳи язиффуун» – «У томон шошиб, бир-бирларини туртиб келишди».

Ушбу оятдаги «язиффуун» сўзи ҳам якка сўзларда лафз жиҳатидан муташобиҳ сирасига киради. Аслида бу сўз шамолнинг тез эсиши ва туяқушнинг учишга яқин тез чопишига нисбатан ишлатилади. Оятда мушрикларнинг Иброҳим алайҳиссалом томон шошиб-пишиб, тезроқ бориш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб етиб келиши мазкур шамолнинг эсишига ва туяқушнинг чопишига ўхшатилмоқда. Бу сўз жуда кам ишлатилгани учун кўпчилик уни англаши мушкул бўлади.

Аммо ушбу оятда айнан «язиффуун» сўзининг ишлатилиши Қуръони Каримнинг балоғат ва фасоҳатдаги мўъжизаларидандир. Агар бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатилса, маъно тўлиқ чиқмас эди. Чунки «язиффуун»да ҳам шошилиш, ҳам шошилтириш маънолари бордир. Иброҳим алайҳиссаломга душман бўлган мушриклар ўзлари шошилишлари билан бирга, ўзгаларни ҳам шошилтирганлар.

Бошқа бир мисол келтирайлик.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَإِذَا طَلَّقۡتُمُ ٱلنِّسَآءَ فَبَلَغۡنَ أَجَلَهُنَّ فَلَا تَعۡضُلُوهُنَّ أَن يَنكِحۡنَ أَزۡوَٰجَهُنَّ إِذَا تَرَٰضَوۡاْ بَيۡنَهُم بِٱلۡمَعۡرُوفِۗ

«Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никохлаеишларини ман қилиб, ушлаб турманг» (232-оят).

Ушбу оятдаги «Фалаа таъдулуҳунна» бирикмаси «Уларни ман қилиб, ушлаб турманг» дея таржима қилинади. Бу ерда «таъдулу» (ўзаги «ъадл») сўзи муташобиҳдир. Чунки одатда унинг ўрнига «манъ» - «ман қилиш» ва «ҳабс» - «ушлаб туриш» сўзлари ишлатиб келинади. Шунинг учун «ъадл» сўзи ишлатилганда, бу ҳақда маълумоти бўлмаган одамларга тушунарсиз бўлиб кўринади. Аммо ушбу жойда айнан «ъадл» сўзининг ишлатилиши Қуръони Каримнинг мўьжизасидир, чунки битта шу сўзнинг ўзида ҳам «ман қилиш», ҳам «ушлаб туриш» маънолари бордир. Агар унинг ўрнига «ман» сўзи ишлатилса, «ушлаб туриш» маъноси қолиб кетарди. Агар унинг ўрнига «ҳабс» сўзи ишлатилса, «ман» сўзидан англанадиган маъно қолиб кетар эди.

Б) Якка сўзлардаги муташобиҳнинг иккинчи тури лафздаги муштараклик жиҳатидан бўлади. Унда лафз аслида бир неча маънони англатадиган бўлади, аммо ўша маъноларнинг бирини ифода қилиш учун ишлатилади ва шу билан бирга, кучли сабаб бўлмайди. У худди аввал ўтган мужмалга ўхшайди.

Лафз жиҳатидан муташобиҳнинг иккинчиси мураккаб каломнинг жумласига ҳамда ундаги сўзларнинг тартибига боғлиқ бўлади ва улар уч турлидир:

а) Муташобиҳлик каломнинг мухтасар қилингани ва тушуниш учун «гапнинг тагида гап бор» қабилида бирор нарсани қўшиш лозимлиги юзасидан бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

وَإِنۡ خِفۡتُمۡ أَلَّا تُقۡسِطُواْ فِي ٱلۡيَتَٰمَىٰ فَٱنكِحُواْ مَا طَابَ لَكُم مِّنَ ٱلنِّسَآءِ مَثۡنَىٰ وَثُلَٰثَ وَرُبَٰعَۖ

«Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқ-сангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами, никохлаб олинг» (3-оят).

Бу ояти кариманинг маъноларини тўғри тушуниш, ундан келиб чиқадиган ҳукмларни ўз ўрнида англаш учун бир қанча қўшимча маълумотларга эҳтиёж тушади. Сиртдан қараганда, етимларга адолат қила олмасликдан қўрққан кишига иккита, учта ёки тўртта хотин олишни тавсия қилиш ғалати туюлади. Бу сирни англашда бизга Имом Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоят ёрдам беради:

«Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша онамиздан  «Агар  етимларга  адолат  қила  олмасликдан қўрқсангиз» ояти ҳақида сўраган экан, у киши розияллоҳу анҳо: «Эй жиян! Бир етим қиз кафилининг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, уларга уйланишдан қайтарилдилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилиндилар», деб жавоб қилибдилар».

Демак, оятдаги «етимлар»дан мурод етим қизлар экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига – ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсин-да, бошқа ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган аёллардан хоҳишига қараб, иккитагами, учтагами, тўрттагами, уйлансин. Агар хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин ёки чўри тутиш билан кифоялансин. Ушбу оятдаги «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз» деган гапни тафсир қилувчи мазкур ривоят бўлмаса, у тушунарсиз бўлиб қоларди. Шунинг учун Урва ибн Зубайрдек олим киши ҳам ушбу жумла ҳақида савол беряпти.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَمَثَلُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ كَمَثَلِ ٱلَّذِي يَنۡعِقُ بِمَا لَا يَسۡمَعُ إِلَّا دُعَآءٗ وَنِدَآءٗۚ صُمُّۢ بُكۡمٌ عُمۡيٞ فَهُمۡ لَا يَعۡقِلُونَ١٧١

«Куфр келтирганлар(га гапирган одам) худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиган(нарса) ларга бақираётганга ўхшайди. (Зеро, улар) кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл юритмаслар» (171-оят).

Бу оятга сиртдан қаралганда, кофирлар чўпонга ўхшатилаётганга ўхшайди. Аслида эса ундай эмас.

Ушбу оятдаги ўхшатшп ҳақида тафсирчилар ва араб тили олимлари узоқ баҳслар қилганлар, ундан қоидалар ишлаб чиқарганлар. Чунки бу оятда нозик ишоралар кўп бўлиб, уларни таржимада айнан акс эттириш амри маҳолдир. Кўпчиликнинг фикри шундайки, Аллоҳ таоло бу ояти каримада кофирларни чорва ҳайвонларига, пайғамбарларни уларни ҳайдаб юрувчи чўпонга ўхшатади.

Чўпон чорваларни хавф-хатардан сақлаш, уларни фойдали ерларга бошлаш учун овоз чиқариб чақиради, нидо қилади, аммо чорвалар овозни эшитади-ю, саснинг маъносини тушунмайди. Худди шунга ўхшаб, кофирлар ҳам пайғамбарларнинг чақириғини, нидосини эшитадилар, лекин уни англаб етмайдилар, унга амал қилмайдилар. Овозлари чиқса ҳам, улар бу масалада соқовдирлар; кўзлари очиқ бўлса ҳам, ҳақиқат ўлчовида кўрдирлар; қулоқлари эшитса ҳам, ҳақиқатда кардирлар. Чунки уларнинг ақллари йўқ.

Ушбу икки оятга ўхшаш оятлар Қуръони Каримда анчагина бор. Чунки қисқа иборалар билан кўп маънони ифода қилиш балоғатнинг юқори чўққиси ҳисобланади. Араблар маъносига ишора бор сўзларни ишлатмай жумла тузишни сўз усталигининг олий намунаси деб биладилар.

б) Мураккаб каломдаги лафз муташобихдиги каломни чўзиш сабабидан келиб чиқади.

Бунга Шуро сурасидаги қуйидаги оят мисол бўла олади:

لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (11-оят).

Аслида араб тили қоидаси бўйича, «Лайса мислаҳу шайъун» бўлиши керак. Бунда жумланинг маъноси «Унга ўхшаш нарса йўқцир» дегани бўлади. Бу ерда гапни чўзиб, «ка» ўхшатиш ҳарфи зиёда қилинган. Бу араб тили қоидасига кўра «итноб», яъни «гапни чўзиш» дейилади. Битта ўхшатиш артиклининг ўрнига иккитаси, яъни ҳам «коф» ҳарфи, ҳам «мисл» сўзи ишлатилган. Бунда жумланинг маъноси «Унинг ўхшашининг ўхшаши йўқдир» бўлиб қолган. Шу сабабдан муташобиҳлик юзага келган. Ҳаттоки юзаки қараганда маъно бузуқ, дейдиган даражага етган. Чунки Аллоҳ таолонинг ўхшаши йўқлиги қатъий далиллар билан собит бўлган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам уламолар бу жумланинг таъвилида ихтилоф қилганлар. Уларнинг кўплари «коф» ҳарфи маънони таъкидлаш учун келган қўшимчадир, деганлар, Шундагина жумланинг маъноси «Аллоҳга ўхшаш нарса йўқдир» бўлади.

Аммо сўз ва жумлаларнинг сирларини чуқур тушунадиган ва сиртқи маънолар билан кифояланиб қолмайдиган катта уламолар мазкур жумлани арабларнинг олий услуби бўйича жорий бўлган, дейдилар. Уларнинг фикрига кўра, бу ерда киноя услуби қўлланган, яъни гап Аллоҳ таоло ҳақида ва У Зотга ўхшаш нарса йўқлиги ҳақида кетар экан, у Зотдан ўхшашликни кетказиш учун «ўхшашнинг ўхшаши» жумласи ишлатилган. Шунда жумланинг маъноси «Унинг ўхшашининг ўхшаши йўқдир» бўлади. Бундан эса агар фаразан, Унинг ўхшаши бўладиган бўлса ва ўша ўхшашга яқин келадиган нарса бўлмаса, Унинг Ўзига ўхшаш нарса топилмаслиги турган ran, деган маъно англанади. Арабларда бунга ўхшаш гаплар кўп. Мисол учун, обрўли одамлардан салбий сифатларни инкор қилиш учун «Сенга ўхшаганлар бахил бўлмайди», дейилади. Аслида бу жумладан кўзланган мақсад «Сен бахил бўлма», деганидир.

Қуръони Каримдаги мазкур жумлада «коф» ҳарфини зиёда қилиш ила гапни чўзиш маънони таъвил билан тушунадиган даражага олиб келган.

в) Мураккаб каломдаги лафз муташобиҳлиги каломнинг тузилиши, услуби ва сўзларининг тартибидан келиб чиқади. Бунда каломни тузишда ишлатилган ўта нозик тасарруфлар оқибатида маънони осонликча тушуниб бўлмай қолади.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَىٰ عَبۡدِهِ ٱلۡكِتَٰبَ وَلَمۡ يَجۡعَل لَّهُۥ عِوَجَاۜ١ قَيِّمٗا

«Ўз бандасига Китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уни тўғри қилган...» (1-2-оятлар).

Ушбу оятда «қоййиман» сўзининг «ъиважан» сўзидан кейин қўйилиши оқибатида муташобиҳлик юзага келган. Худди «ъиважан» сўзи «қоййиман» сўзининг сифатидек бўлиб қолган. Агар шундай бўлса, маъно тамоман бузилади ва «тўппа-тўғри эгрилик» деган маъно чиқиб қолади. Аслида эса «қоййиман» Китобнинг сифатидир.

Дарҳақиқат, Қуръони Карим ҳеч қандай эгрилиги йўқ, фақат тўғриликдан иборат Китобдир. Ушбу ҳолатдаги «ва лам яжъал лаҳу ъиважан»дан кейин бевосита «қоййиман» лафзини келтиришнинг фойдаси Қуръони Каримдан эгриликни манфий қилиш ва унинг тўғрилигини таъкидлашдир. Мазкур жумла аввал Қуръони Каримда эгрилик йўқлигини таъкидлаш билан бирга, бевосита унинг тўғрилигини ҳам таъкидлаб қўйган.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

إِلَيۡهِ يَصۡعَدُ ٱلۡكَلِمُ ٱلطَّيِّبُ وَٱلۡعَمَلُ ٱلصَّٰلِحُ يَرۡفَعُهُۥۚ

«Унга жуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни» (10-оят).

Ушбу жумланинг таржимасида унинг уч хил маъносидан биттасигина акс этган. Чунки бир жумлада уч хил маъно бўлиши эҳтимоли фақат Қуръони Карим тушган тилдагина бўлиши мумкин.

Ушбу жумланинг охиридаги «ярфаъуҳу» феълининг фоъили, яъни иш бажарувчиси учта – Аллоҳ, солиҳ амал ва хуш каломлар бўлиши мумкин.

Биринчи ҳолатда жумланинг маъноси: «Аллоҳга хуш калом юксалур ва У Зот солиҳ амални кўтарур» бўлади. Яъни қабул қилиш ва савоб бериши ила.

Иккинчи ҳолатда жумланинг маъноси: «Аллоҳга хуш калом юксалур ва солиҳ амал уни (хуш каломни) кўтарур» бўлади.

Учинчи ҳолатда жумланинг маъноси: «Аллоҳга хуш каломлар юксалур ва у (хуш калом) солиҳ амални кўтарур» бўлади.

Албатта, бундан хуш каломдан мурод иймон бўлади. Зотан, иймон бўлмаса, амал қабул бўлмаслиги аниқ.

Ушбу уч турда муташобиҳлик мужмал сирасига киради.

  1. Маъно жиҳатидан муташобиҳ.

Бу қисмдаги муташобиҳ фақатгина маънонинг махфийлигидан бўлади. Қуръони Карим оятларида унинг икки хил тури мавжуд.

Биринчи тури Қуръони Каримда қиёматнинг аломатлари, қиёмат кунининг даҳшатларини сифатлаш, қабр азоби, дўзах азоби, жаннатнинг неъматлари, халойиқнинг ҳисоб-китоби, уларнинг амалларининг тортилиши кабилар ҳақидаги оятларда келади.

Аллоҳ таоло Намл сурасида марҳамат қилади:

۞وَإِذَا وَقَعَ ٱلۡقَوۡلُ عَلَيۡهِمۡ أَخۡرَجۡنَا لَهُمۡ دَآبَّةٗ مِّنَ ٱلۡأَرۡضِ تُكَلِّمُهُمۡ أَنَّ ٱلنَّاسَ كَانُواْ بِ‍َٔايَٰتِنَا لَا يُوقِنُونَ٨٢

«Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. (У) уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир» (82-оят).

Уламолар ушбу оятнинг таъвили ва ундан кўзланган муродни аниқлашда кенг миқёсда ихтилоф қилганлар. Хусусан, оятдаги «сўз» ва «жонивор» тўғрисидаги ихтилоф лар янада кенгроқ бўлган. Аслида бу оятдаги гаплар Қиёмат яқин қолганда бўладиган ҳодисалар ҳақидадир. Лекин оятдаги маънодан келиб чиқадиган саволлар кўп. Мисол учун: «Жонивор» нима ўзи? Унинг сифатлари қандай? Қачон чиқади? Қаердан чиқади? Қай тарзда гапиради ва ҳоказо.

Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири экани, тавба қилиш фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.

Ҳофиз ибн Касир: «Бу жонивор охири замонда, одамлар фасодга берилганда, Аллоҳнинг амрини тарк қилганларида ва ҳақ динни ўзгартирганларида чиқади», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳузайфа ибн Усайд Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унта белгини кўрмагунингизча қиёмат қоим бўлмайди», деб туриб, ердан жонивор чиқишини ҳам айтганлар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:

«Қиёматнинг биринчи аломатларидан – қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга жониворнинг чиқишидир, буниси чошгоҳ пайтида бўлади. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади».

Шу билан бирга, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетганини, улар тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганини, ишончли манбаларга суянилмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар.

Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланиш энг яхши иш. Қолгани эса фақат Аплоҳ биладиган ғайб илмидир.

Бу оятдаги муташобиҳликнинг сабаби «жонивор» сўзининг луғатдаги маъноси эмас, балки бу сўздан кўзланган маъно эканини мулоҳаза қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

وَٱلۡوَزۡنُ يَوۡمَئِذٍ ٱلۡحَقُّۚ فَمَن ثَقُلَتۡ مَوَٰزِينُهُۥ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ٨

«Ўша куни (амалларни) тортиш хақдир. Бас, кимларнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар, ҳа, ўшалар зафар топувчилардир» (8-оят).

Бу ояти каримадаги «тортиш»дан мақсад қиёмат куни одамларнинг бу дунёда қилган амалларини тортишдир. Аммо ўша тортиш қандай бўлади, унда нима тортилади, амаллар дафтарими ёки амалларнинг ўзими, булар ҳиссий нарсалар-ми, маънавийми, тортиш биттами ёки бир нечтами ва шунга ўхшаш жуда кўп гаплар устида тортишувлар кўпайган.

Биз мазкур тарозининг нави, жавҳари, сони, шакли ва кайфияти ҳақида баҳс ҳам, фикр ҳам юритмаслигимиз лозим. Бу каби тафсилотларнинг илмини Аллоҳ таолонинг Узига ҳавола қилиб, оят ва ҳадисда келган маънога иймон келтирамиз.

Иккинчи тури Қуръони Каримда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога сифат бўлиб келган маънолар, хусусан, «муташобиҳ сифатлар» деб номланадиган маънолардир.

Булардаги муташобиҳлик лафзнинг ғариблиги, муштараклиги жумланинг чўзилгани ёки қисқа бўлганидан эмас, балки маъно жиҳатидандир. Бу ҳақца кейинроқ алоҳида сўз юритилади.

  1. Лафз ва маъно жиҳатидан муташобиҳ.

Бу турдаги муташобиҳ икки нав бўлади.

Биринчи нави – умумийлик ва хосликда турлича бўлиш.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

فَٱقۡتُلُواْ ٱلۡمُشۡرِكِينَ حَيۡثُ وَجَدتُّمُوهُمۡ

«Бас... мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар...» (5-оят)

Ушбу жумладаги «мушрик» ва «ўлдиринглар» лафзлари умумийдир. Агар мана шу умумийликка қараладиган бўлса, уруш пайтида номи мушрик бўлса, исталганича услуб билан қатл қилиш мумкин бўлиб қолади. Аммо Суннати мутаҳҳара бу умумийликни хослаган ва аёлларни, роҳибларни, қариларни, болаларни, беморларни ва мусулмонларга қарши уруш қилмайдиган мардикорларни ўлдириш ҳаром қилинган. Шунингдек, мусла, қулоқ-бурунни ҳамда бошқа аъзоларни қиймалаб ва оловда куйдириб ўлдиришдан қайтарилган. Демак, «ўлдиринглар» лафзидан умумий маъно эмас, балки шариат рухсат берган хос маъно англанадиган бўлган.

Иккинчи нави – оятни тафсир қилишда у нима ҳақда нозил бўлган бўлса, ўша нарсаларнинг тафсилотига ва ботил қилиниши кўзланган жоҳилият одатларига қайтишга ҳожат тушиши.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

إِنَّمَا ٱلنَّسِيٓءُ زِيَادَةٞ فِي ٱلۡكُفۡرِۖ يُضَلُّ بِهِ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ يُحِلُّونَهُۥ عَامٗا وَيُحَرِّمُونَهُۥ عَامٗا لِّيُوَاطِ‍ُٔواْ عِدَّةَ مَا حَرَّمَ ٱللَّهُ فَيُحِلُّواْ مَا حَرَّمَ ٱللَّهُۚ زُيِّنَ لَهُمۡ سُوٓءُ أَعۡمَٰلِهِمۡۗ وَٱللَّهُ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٣٧

«Албатта, «насий» куфрда зиёда бўлиш, холос. У билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ харом қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Натижада Аллоҳ харом қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги чиройли кўрсатилди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (37-оят).

Ояти каримадаги «насий» сўзи луғатда ортга суриш маъносини ифодалайди. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни араб мушриклари ҳам мазкур тўрт ой ҳаром ойлар эканини айтар эдилар. Уша ойларда уруш тамоман тўхтарди. Агар бирор киши шу ойларда отасининг қотилини учратиб қолса, унга тегмас эди. Аммо борди-ю, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар. Мисол учун, муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, «Бу йил унинг ҳаромлигини сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз», деб, муҳаррамда уруш қилишар, сафар ойида эса уруш қилишмас эди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди. Оятда уларнинг мана шу тасарруфларига баҳо ва шарҳ берилмоқда.

«Албатта, «насий» куфрда зиёда бўлиш холос».

Мушриклар аслида эътиқод масаласида кофир эдилар. Энди шариат масаласида ҳам, яъни ҳалол-ҳаромни белгилашда ҳам Аллоҳнинг айтганига хилоф қилиб, куфрда зиёда бўлдилар. Уларнинг бу иши куфр устига куфр бўлди.

«У билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар».

Куфр келтирган мушриклар «насий» билан, ундаги алдов, кўзбўямачилик ва ҳийла билан янада адаштирилдилар.

«Аллоҳ ҳаром қилган нарсаеинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар».

Яъни улар Аллоҳ ҳаром, деган ойларнинг сонига мослаб, тўртта қилиш учун бир йил бир ҳаром ойни ҳалол этиб, ўрнига бошқа ойни ҳаром қилсалар, келаси йили ҳалиги ойни яна ҳаром қилиб, ўрнига ҳаром бўлган ойни яна ҳалол қилаверадилар. Уларга бир йилда тўрт ой ҳаром ойи бўлса бас, қайси ой бўлишини ўзлари танлаб олаверадилар.

«Натижада Аллоҳ ҳаром қилган нарсани халол қилурлар».

Бу эса катта жиноят ва куфр устига куфрдир. Аслида ҳалол ёки ҳаром қилиш фақат Аллоҳнинг ҳаққидир. Аммо мушриклар ўзларича ҳалол ва ҳаром қилишга журъат қи-лаверадилар. Чунки

«Уларга амалларининг ёмонлиги чиройли кўрсатилди».

Уларга ёмон амаллари яхши бўлиб кўринди. Гуноҳлари тоат бўлиб кўринди. Бўлмаса, Аллоҳ урушни ҳаром қилган ойда уруш қилишармиди? Ўзларининг «насий»лари уларга яхши амал бўлиб кўринди. Улар бу билан ўзларини Аллоҳ таолога итоат қилаёттандек сездилар. Аслида эса бу катта гуноҳ. Аллоҳ ҳаром этган нарсани ҳалол, ҳалол деган нарсани ҳаром қилиш билан куфр устига куфр келтирган эдилар. Қоида бўйича эса

«Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

Чунки уларнинг ўзлари шунга лойиқ ишларни қилдилар.

Ушбу оят ҳам лафз, ҳам маъно жиҳатидан муташобиҳ бўлган оятлардан биридир. Чунки ундаги баъзи лафзлар кам ишлатиладиган ғариб лафзлардандир ва унда балоғатли кисқалик бор. Мисол учун, «насий» сўзини ҳар қандай араб хам шарҳсиз тушуниши қийин. Шунингдек, оятда қисқа иборалар билан қамарий йил ҳисобининг ҳақиқати ва жоҳилият аҳлининг ундаги адашуви баён қилинган, холос. Бу борада улар қиладиган ишларнинг тафсилоти келмаган. Шунинг учун уларни англаб етиш учун тафсилотини қўшимча равишда ўрганишга ҳожат тушади. Чунки Қуръони Карим тарих китоби ҳам эмас, одамларнинг урф-одатини ўрганадиган китоб ҳам эмас. Шунингдек, оятда келган ҳукмни чиқариш учун мазкур нарсаларнинг кераги ҳам йўқ. У каби шарҳловчи кичик нарсалар Суннатда баён қилинган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَلَيۡسَ ٱلۡبِرُّ بِأَن تَأۡتُواْ ٱلۡبُيُوتَ مِن ظُهُورِهَا وَلَٰكِنَّ ٱلۡبِرَّ مَنِ ٱتَّقَىٰۗ وَأۡتُواْ ٱلۡبُيُوتَ مِنۡ أَبۡوَٰبِهَاۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ١٨٩

«...Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, яхшилик тақводорлик қилган кишидадир. Ва уйларга эшикларидан келинг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (189-оят).

Ушбу ояти каримада уйларга уларнинг орқасидан эмас, эшикдан кириш кераклиги ҳақида сўз бормоқда. Бу ҳақда ҳукм тушганининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор, аввал ўша сабабларни тушунмагунча, оятнинг маъносини ҳам англаб етиш қийин бўлади. Ана ўша сабаблар Суннатда тушунтирилган.

Имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳ китобларида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Ансорийларда ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшиги-дан кирмаслик одати бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганида уйининг эшигидан кирди. Бу иши туфайли у гўё айбдордек бўлди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...» ояти нозил бўлди».

Бу ҳақда тўлароқ маълумот қуйидагичадир: Ансорийларнинг тушунчасига кўра, ҳаж қилиб, гуноҳидан покланиб, уйига қайтган одам ҳаждан қайтиб, уйига биринчи киришида турли гунохдар қилиб юрган пайтида кириб-чиқиб юрган эшикларидан кирмай, уйнинг орқасидан дарча очиб киришлари яхшилик эди. Улар шу тасаввурларга амал қилишарди. Иттифоқо, улардан бирлари ҳаждан келиб, уйининг орқасидан дарча очиб эмас, балки тўғри эшикдан кирибди. Бу иш бошқаларга айб бўлиб кўринибди. Табиийки, «Бу эски одат хусусида мусулмончиликнинг ҳукми нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлади. Оят ўша бўлиши Эҳтимол тутилган саволга жавоб тариқасида ва бўлиб ўтган ҳодисага баҳо сифатида нозил бўлган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ва муташобиҳ сифатлар

Муташобиҳ сифатлар бўйича салаф ва халафларнинг тутган йўллари

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги

22.11.2024   2546   15 min.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти

Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.

У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.

У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.

Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.

Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.

Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.

Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.

«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».

Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.

 

Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат

Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.

Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.

 

Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти

Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.

Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.

Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда ва­фот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.

 

Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)

Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.

 

Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши

Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.

 

Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши

Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.

 

Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон

(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692705)

Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги

Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.

Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.

 

Фатҳлар

Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.

Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.

 

Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)

Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.

У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.

Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.

 

Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий

Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.

Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.

 

Хаворижлар

Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.


Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар

– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.

– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.

– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.


Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти

Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.

 

Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.